Туғилиш мисли кўрилмаган даражада камаймоқда - бу яхшими ё ёмон?

UNFPA 14 мамлакатда 14 минг киши ўртасида уларнинг фарзанд кўриш бўйича режалари ҳақида сўровнома ўтказган. Ҳар беш кишидан бири ўз хоҳлаганча фарзанд кўрмаганини ёки кўра олмаслигини айтган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, UNFPA 14 мамлакатда 14 минг киши ўртасида уларнинг фарзанд кўриш бўйича режалари ҳақида сўровнома ўтказган. Ҳар беш кишидан бири ўз хоҳлаганча фарзанд кўрмаганини ёки кўра олмаслигини айтган.
    • Author, Stephanie Hegarty
    • Role, BBC muxbiri
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Намрата Нангия ва унинг урмуш ўртоғи беш ёшли қизлари туғилгандан бери яна бир фарзандли бўлиш ҳақида ўйлашади. Аммо бу фикр ҳар сафар бир саволга келиб тақалади: "Бунга қурбимиз етадими?"

Намрата Мумбайда яшайди ва фармацевтика соҳасида ишлайди, эри эса шина компаниясида меҳнат қилади. Лекин битта боланинг ўзи анчайин харажат талаб қилади – мактаб тўлови, мактаб автобуси, сузиш машғулотлари, ҳатто оддий шифокорга бориш ҳам қимматга тушади.

Намратанинг болалигида бу бошқача эди. "Биз шунчаки мактабга борардик, ҳеч қандай тўгараклар йўқ эди. Ҳозир эса болани сузишга олиб бориш керак, чизишга юбориш керак, яна нимага қизиқишини аниқлаш керак."

БМТнинг Аҳоли жамғармаси (UNFPA), БМТнинг репродуктив ҳуқуқлар бўйича агентлиги яқинда эълон қилган ҳисоботида Намратанинг ҳозирги аҳволи дунё бўйлаб тобора кенг тарқалаётган ҳолат экани айтилади.

UNFPA туғилиш даражаси пасайиши бўйича ҳозиргача энг қатъий огоҳлантиришини берди: юз миллионлаб одамлар истаганча фарзандли бўла олмаяпти. Бунга ота-оналикнинг ҳаддан ортиқ қимматга тушаётгани ва муносиб умр йўлдоши топилмаслиги сабаб бўлаётгани таъкидланади.

Агентлик 14 мамлакатда 14 минг киши ўртасида уларнинг фарзанд кўриш бўйича режалари ҳақида сўровнома ўтказган. Ҳар беш кишидан бири ўз хоҳлаганча фарзанд кўрмаганини ёки кўра олмаслигини айтган.

Сўров ўтказилган давлатлар – Жанубий Корея, Таиланд, Италия, Венгрия, Германия, Швеция, Бразилия, Мексика, АҚШ, Ҳиндистон, Индонезия, Марокаш, Жанубий Африка ва Нигерия – дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Бу рўйхатда турли даражадаги даромадга эга, паст ва юқори туғилиш кўрсаткичли мамлакатлар бор. UNFPA нафақат ёшлардан, балки туғиш ёши ўтган одамлардан ҳам фикр олган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Дунё туғилиш даражасининг мисли кўрилмаган пасайишига гувоҳ бўлмоқда, – дейди UNFPA раҳбари доктор Наталия Канем. – Сўров қатнашчиларининг аксарияти икки ёки ундан ортиқ фарзандни истайди. Туғилиш даражалари пасаймоқда, чунки одамлар орзу қилган оилани тузишга имкон тополмаяпти. Асл инқироз ана шу."

"Бунга инқироз деб очиқ айтилаётгани ўзи янгилик", дейди демограф Анна Роткирч. У Европада фарзанд кўриш режаларини тадқиқ қилган ва Финляндия ҳукуматига аҳоли сиёсати бўйича маслаҳат бериб келади. "Умуман олганда, одамлар кўп ҳолларда истаганидан кам фарзандли бўлишмоқда", дейди у. Бу ҳолат Европада анчадан бери кузатилган, лекин энди глобал миқёсда ҳам кўринмоқда.

baby
EPA
Bola ko'rishga to'siqlar orasida

moliyaviy yetishmovchilik:

  • 39%respondentlar

    Manba: UNFPA

    Уни айниқса ҳайратга солган нарса – 50 ёшдан ошган респондентларнинг 31 фоизи аслида истаганидан кам фарзандли бўлганидир.

    Сўровнома бу йил охирида 50 мамлакатда ўтказиладиган йирик тадқиқот учун пойдевор вазифасини ўтайди, аммо ҳозирча унинг кўлами чекланган. Масалан, айрим давлатлардаги ёш гуруҳлари бўйича якуний хулоса чиқариш ҳали эрта.

    Шу билан бирга, айрим рақамлар аниқ. Барча мамлакатлар бўйича 39% респондент фарзанд кўриш йўлидаги тўсиқ сифатида молиявий қийинчиликларни кўрсатган. Бу кўрсаткич энг юқори бўлган мамлакат – Жанубий Корея (58%), энг паст бўлган мамлакат эса – Швеция (19%).

    Фарзанд кўрмаслик сабаби сифатида бепуштлик ёки ҳомиладорликда қийналишни атиги 12% одам тилга олган. Лекин бу кўрсаткич баъзи мамлакатларда юқорироқ: Таиланд (19%), АҚШ (16%), Жанубий Африка (15%), Нигерия (14%) ва Ҳиндистон (13%).

    "Бу – БМТнинг туғилиш пасайгани муаммосини илк марта бунчалик қатъий кўтариши", дейди Хитой Фан ва технологиялар университети демографи, профессор Стюарт Гител-Бастен.

    Яқин вақтгача UNFPA асосан аёллар ўз истагидан кўра кўпроқ фарзандли бўлаётганига ва контрацепция воситаларига бўлган эҳтиёжга эътибор қаратарди.

    Бироқ агентлик паст туғилиш масаласида ҳозирча эҳтиёткорликка чақирмоқда.

    "Ҳозир ҳаддан ташқари хавотирли риторикани кўряпмиз – кимдир ҳаддан ортиқ кўпайишдан, бошқалар эса аҳолининг қисқаришидан чўчимоқда. Бу эса ҳаддан ташқари кескин, баъзида эса манипулятив сиёсатга олиб келмоқда, – дейди доктор Канем. – Гап аёлларни кўпроқ ёки камроқ фарзандли бўлишга мажбурлаш ҳақида кетмоқда."

    У 40 йил аввал Хитой, Корея, Япония, Таиланд ва Туркия ортиқча аҳолидан хавотир билдирганини эслатади. Аммо 2015 йилга келиб бу давлатлар энди туғилиш кўрсаткичини оширишга интилмоқда.

    "Бу мамлакатлар ваҳимага берилиб, кескин сиёсат қабул қилмаслигини истаймиз, – дейди профессор Гител-Бастен. – Афсуски, паст туғилиш, қариш ва аҳоли ўсмаётгани кўплаб жойларда миллатчи, миграцияга қарши ва гендер жиҳатдан консерватив сиёсатни оқлаш учун баҳона қилиб келтирилмоқда", дейди у.

    UNFPA ҳисоботида яна бир нарса таъкидланади: молиявий сабаблардан ҳам муҳимроқ тўсиқ – бу вақт етишмовчилиги. Мумбайлик Намрата учун бу айни ҳақиқат.

    У ҳар куни ишга бориб келишга йўлнинг ўзига камида уч соат сарфлайди. Уйга келганида чарчайди, лекин барибир қизи билан вақт ўтказишга ҳаракат қилади. Оила аъзолари тўлиқ дам ололмайди.

    "Иш кунидан кейин, она сифатида ўзингни айбдор ҳис қиласан – боланг билан етарли вақт ўтказмаётгандексан, – дейди у. – Шунинг учун бор эътиборимизни битта фарзандга қаратяпмиз, холос."