"Крокус Сити Холл" маҳкамаси ёпиқ ўтказилсин!

Судда жиноятда айбдор деб тақдим этилаётган тожикистонликлар

Сурат манбаси, Mikhail Sinitsyn/TASS

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Давлат қораловчиси жиноят иши терговидаги сирларни сақлаш ва жараён иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш важи билан судни ёпиқ ўтказишни талаб қилгани ортидан Москва суди судяси 2024 йил 22 мартидаги Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл"га қуролли ҳужумларда айбланган шахслар устидан маҳкамани ёпиқ ўтказишга қарор берди.

Ушбу жиноят иши Россия тарихидаги террорчиликка алоқадор энг йирик суд деб кўрилаяпти.

Маҳкама ишини Москванинг 2-Ғарбий округ ҳарбий суди кўраяпти, аммо Россияда бундан олдин кузатилган йирик овозали жиноят ишларида кузатилгани каби, ҳамма иштирокчилар зал ичига сиғиши учун Мосгорсуд биносида ўтказилаяпти.

Судда 19 шахс иши кўрилмоқда.

Уларнинг тўрт нафари бевосита қуролли ҳужумларни содир этишда, 15 киши жиноятга шерикчиликда айбланаяптилар.

Алоқадор мавзулар:

Би-би-си мухбири ёзишича, ушбу жиноят ишида тергов органи ҳодисанинг икки версиясини жамлаган.

Россия терговчилари қуролли ҳужумни ИШИД - ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳнинг Хуросон вилояти ташкил қилгани, айни пайтда жиноятни "Украина юқори раҳбарияти манфаати учун" хорижий махсус хизматлар иштирокида содир этганини исботлашни мақсад қилган.

Қуролли ҳужум ташкилотчилари топилмаган.

2024 йил 22 март куни кечки соат 8 ларда тўрт қуролланган шахс Москва шаҳрига яқин Красногросдаги "Крокус Сити" савдо марказига бостириб кирадилар.

Марказ ичида "Пикник" гуруҳи концерти кутилаётган залга кириб одамларни ота бошлайдилар, ўриндиқларга ўт қўядилар.

Савдо марказида ёнғин келиб чиқди.

Тергов хулосасига кўра, оқибатда 147 инсон ҳалок бўлган.

336 киши жароҳатланган, уч инсон бедарак кетган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Крокус Сити Холл" ҳужумида айбланаётганлар устидан суд 4 август куни бошланди.

Давлат қораловчисининг жараённи ёпиқ ўтказиш сўровини судя қондирди:

"Мажлис суднинг ёпиқ режимида ўтказилсин", деб қарор чиқарди ҳакам.

Айбланувчиларга террорчилик хуружини содир этиш, террорчилик фаолиятига шериклик қилиш, террорчилик фаолиятини содир этиш мақсадида таълим олиш ва бошқа бандлар бўйича айбловлар илгари сурилган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизматига кўра, "террорчиларни тайёрлаш амаллари, молиялаш, ҳужум содир этиш ва қочиш Интернет орқали Афғонистон-Покистон чегарасида жойлашган ИШИДнинг "Хуросон вилояти" гуруҳи аъзолари томонидан мувофиқлаштирилган.

Россия Тергов қўмитаси хабар қилишча, асли келиб чиқиши Марказий осиёлик олти шахсга террорчилик ҳужумини ташкиллаштириш айби билан қидирув эълон қилинган.

Тергов қўмитасига кўра, ташкилотчилар ҳужумнинг тўрт ижрочисини ёллаганлар.

Булар бугунги кунда Мосгорсуддаги қора курсида ўтирган Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Фаридуни Шамсиддин ва Саидакрами Ражабализода.

Тергов томонига кўра, асли Тожикистонда туғилиб ўсган бу тўрт шахс ёлланганларидан кейин хорижда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб қайтганлар.

Россия терговчиларига кўра, ушбу жиноят ишида айбланаётган айрим шахслар Доғистоннинг Каспийск шаҳридаги кўнгилочар мажмуасида ҳам қўпорувчилик амалиётини содир этишни режалаган бўлганлар.

Тергов версиясига кўра, ушбу жиноят Украина махсус хизматларининг иштирокида режалаштирилган ва ижро этилган.

Россия расмийларига кўра, террорчилик хуружи ижрочилари ҳужумдан кейин Украина ҳудудига ўтиб яширинишга уринганлар, аммо Россия-Украина чегарасидаги Брянск вилоятида қўлга олинганлар.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳалокатли ҳужумдан кейин масъулиятни ўз зиммасига олиб ИШИД баёнот тарқатди.

Бироқ Россия расмийлари "Крокус Сити Холл" ҳужумида дарҳол Украинани айбладилар.

Ҳужумдан олдин АҚШ разведкаси Россияни террорчилик ҳужуми режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантиргани хабар қилинди.

Washington Post газетаси ёзишича, ҳатто эҳтимолий ҳужум нишони сифатида "Крокус Сити Холл" бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Бироқ Президент Путин огоҳлантиришни "жамиятни қўрқитиш ва беқарорлаштириш мақсадидаги шантаж" деб атаган.

Россия расмийлари нафақат Америка махсус хизматлари огоҳлантиришини, балки ИШИДнинг ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани баёнотини ҳам рад этдилар.

Россия расмийларига кўра, ушбу ҳужумни Украина иштирокисиз амалга ошириб бўлмаган бўлур эди.

Ҳужум ортидан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ижрочиларни қандай қўлга олгани, улар айбни қандай қилиб "бўйнига олгани" видеолари тарқалди.

Ҳужумчилар деб хабар берилган шахслар қаттиқ калтакланган, кўзлари шишиб кетган, Саидакрами Ражабализода ўнг қулоғи устига пахта ва скотч ёпиштирилган ҳолда, яна бири эса ногиронлар аравачасида келтирилдилар, улар қаттиқ қийноқларга солинганлари хабар қилинди.

Айбланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари қийноқлар остида олингани тахмини илгари сурилди.

Дастлабки тинглов пайти тўрт айбланувчи суддан ўзларига нисбатан жиноят ишини тўхтатишни, уч нафари судни ҳакамлар ҳайъати иштирокида ўтказишни сўраганлар.

Суд айбланувчиларнинг ушбу сўровларини рад этди.