31 нафар ўзбекистонликнинг БААга киритилмагани нимани англатади?

baa

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Матбуот хабарига кўра, БААга асосан эркак фуқаролар киритилмаган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Абу Дабига учиб борган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси аэропортда ушланиб, мамлакатга киритилмаган. Ҳолат яҳудий раввин қотиллигида гумонланиб, уч ўзбекистонликнинг қўлга олиниши ортидан кузатилмоқда.

30 ноябрь куни Абу Дабига учиб борган ўнлаб ўзбекистонликлар Шайх Зоид номидаги халқаро аэропортда ушланган.

Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси ватандошларнинг мамлакат ҳудудига киритилмагани сабаблари номаълум эканини билдирган.

Бир вақтнинг ўзида, ушлаб қолинган гуруҳ вакиллари Ўзбекистондаги маҳаллий матбуот билан гаплашиб, инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шикоят қилган.

Ушбу ҳолат Абу Дабида ўлдирилган яҳудий руҳоний қотиллигида гумонланиб уч ўзбекистонлик қўлга олинганидан кейин БАА Ички ишлар вазирлиги қаттиқ чоралар кўришга ваъда бериши ортидан юзага чиққан.

Алоқадор мавзулар:

Воқеа тафсилотлари

baa

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Йўловчилар матбуотга Абу Даби аэропортида ноинсоний муносабатга учрагани ҳақида гапирган.

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси хабарига кўра, 30 ноябрь куни мамлакат ҳудудига Wizz Air авиакомпанияси рейсида учиб келган 31 нафар ўзбекистонлик аэропортда ушлаб қолинган.

Элчихона ушбу ҳолат сабаблари номаълум экани ва вазият назоратга олинганини билдирган.

Маҳаллий матбуот билан гаплашган ушлаб турилган ўзбекистонликлар эса аэропортда ноинсоний муносабатга дуч келганини айтган.

Улар паспортлари олиб қўйилиб, ташриф мақсади ва давомийлиги борасида сўроққа тутилгани, узоқ вақт овқатсиз қолдирилгани ҳамда Ўзбекистон дипломатик миссияси вакилларидан ҳеч бир ёрдам ололмаганини маълум қилган.

“31 эркакдан иборат гуруҳ ичида бўлган суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, аёллар, болалар ва ёши катта одамлар қўйиб юборилган. 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар ушлаб турилган, улар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Уларнинг ҳеч бирига бундай хатти-ҳаракатларнинг сабаби маълум қилинмаган”, дея ёзган ушлаб турилганлар билан гаплашган маҳаллий Gazeta.uz нашри.

Нашр билан гаплашган Wizz Air компанияси вакили бундай вазият БАА йил бошида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилганидан бери биринчи бор кузатилаётганини тилга олган.

“Аёллар киритиляпти, оилавий учиб борган эркаклар болалари билан киритиляпти. Мендаги маълумот бўйича, якка учиб борган эркаклар, Умрага борганлари ҳам, киритилмаяпти. Айтиб ўтишим керак, аниқ маълумот ҳозирча йўқ”, дея компания вакилидан иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри.

Якшанба куни БААга киритилмаган йўловчиларнинг бир қисми ўз ҳисобидан чипта сотиб олиб, Ўзбекистонга қайтиб келгани хабар қилинган.

Ноаниқ вазият

ravvin

Сурат манбаси, Chabad

Сурат тагсўзи, Айрим кузатувчилар Абу Дабидаги ҳолат 28 яшар яҳудий раввин Зви Коганнинг ўлдирилишига боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Ўтган шанба куни кузатилган бу ҳолат сабабига на БАА, на Ўзбекистон томони расмий изоҳ бермаган.

Бироқ воқеалар ривожи илдизи ноябрь охирида Дубайда ғойиб бўлиб, кейинроқ ўлик топилган яҳудий раввин Зви Коган ишига бориб тақалиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

25 ноябрь куни БАА полицияси Абу Дабидаги Chabad ультра ортодокс яҳудий ташкилотида ишлаган молдова-исроиллик 28 яшар Коганнинг ўлимида гумонланиб уч нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини хабар қилган.

БАА ҳуқуқ-тартибот органи жиноят иши мотивларини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдира туриб, ишни охирига қадар етказишга берган ва қаттиқ чоралар кўрилишини таъкидлаган.

Исроил билан 2020 йилда дипломатик ва савдо алоқаларини тўлиқ тиклаган БААнинг АҚШдаги элчиси Юсуф ал-Отайба бу воқеани ўз мамлакатига қарши жиноят, дея атаган.

“Бу ватанимиз, қадриятларимиз ва қарашларимизга қарши жиноят”, деган у.

Исроил эса раввиннинг ўлдирилишини “антисемитизмга йўғрилган жирканч террор хуружи”, дея қоралаган.

26 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Тошкентдаги элчиси билан учрашиб, раввиннинг ўлими юзасидан ҳамдардлик билдирган ҳамда Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларидан БАА ва Исроил билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

29 ноябрь куни Саидовнинг ўринбосари Олимжон Абдуллаев БААнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили билан кўришиб, миграция масаласини муҳокама қилгани хабар қилинган.

БААга киритилмаслик яна давом этиши мумкинми?

Ўнлаб ўзбекистонликларнинг БААга киритилмагани сабаби яҳудий раввин Зви Коган ишига қанчалик боғлиқ ёки йўқлиги ҳали номаълум.

Аммо ноябрь охиридаёқ айрим кузатувчилар Исроил билан яхши алоқаларга эга бу мамлакат Ички ишлар вазирлиги мазкур қотиллик юзасидан қатъий чоралар кўрилишидан пўписа қилиши ортидан Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартиб бекор қилиниши эҳтимолини илгари сурган эди.

Шунга қарамай, матбуот ва ижтимоий тармоқларда чиққан хабарлардан ўзбекистонликларнинг ушбу мамлакатга киритилмагани ҳолати Wizz Air авиакомпанияси амалга оширган фақат битта рейс билан боғлиқ экани англашилади.

БААнинг Air Arabia авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги расмий ваколатхонаси ўзи амалга оширган рейсларда учган бирор Ўзбекистон фуқароси аэропортда ушланмагани ёки мамлакатдан чиқариб юборилмаганини маълум қилган.

“Ўтган ҳафтада БААга барча мамлакатлардан келаётган йўловчиларга нисбатан хавфсизлик чоралари байрам олдидан режалаштирилган тартибда кучайтирилган. Қайтиш чипталари, меҳмонхона бронлари текширилган”, дейилади Air Arabia 30 ноябрь куни тарқатган баёнотда.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йили БААга 130 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ташриф буюрган.

2024 йил 16 февралидан расман ўзбекистонликларга визасиз режим жорий этилган.

Ўзбекистонликлар БААда визасиз 30 кун бўлишлари мумкин.

Ўзбекистонликлар Бирлашган Араб Амирликларига туризм, бизнес ва меҳнат муҳожирлигига боришади.