Марказий Осиёда шов-шувли ҳукмлар: Битта собиқ ташқи ишлар вазирининг ўзи 27 йилга кесилди

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Узоқ йилга ҳукм қилинган шунча одам "давлатга хиёнат" қилиб, уни "тўнтармоқчи" бўлишганми? Бунақаси бу яқин йилларда минтақа тарихида кўрилмаган.
Алоқадор мавзулар:
Ҳукмлар
Тожикистон Олий суди "давлатни тўнтаришга уриниш" билан боғлиқ шов-шувли иш доирасида ҳукм чиқаришни бошлаган.
Хабарларга кўра, кеча, 5 феврал куни қатор судланувчилар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.
Айбланувчилар орасида Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири, мамлакат Олий Кенгашининг собиқ раиси ва хавфсизлик кучларининг истеъфодаги раҳбарлари дохил ўнга яқин собиқ давлат амалдорлари, сиёсатчилар ва журналистлар борлиги айтилади.
Судланувчиларга чиқарилган ҳукмлар эса, 8 йилдан 27 йилгача бўлган қамоқ жазоларини ўз ичига олган.
Улар "давлатни тўнтаришга уриниш", "давлатга хиёнат қилиш", "фирибгарлик", "миллий ва диний адоват қўзғаш" каби айбларда айланишган.
Бунақаси бу яқин ўртада бирор бир Марказий Осиё давлати тарихида кузатилмаган.
Тожикистондан олинаётган хабарлар худди шуниси билан ҳам минтақада ўзига эътибор тортган.
Маълум бўлишича, Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий 27 йилга кесилган.
Тожикистон Демократик партиясининг собиқ етакчиси ва собиқ парламент депутати Саиджаъфар Усмонзодага ҳам худди шундай ҳукм ўқилган.
Суд уларнинг мол-мулкини мусодара этишга ҳам қарор қилган.
Мамлакат Олий Кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаровга 18 йиллик қамоқ жазоси берилган, унинг мол-мулки ҳам қисман мусодара этилиши айтилган.
8 йилга озодликдан маҳрум этилган Рухшона Ҳакимова эса, хабарларга кўра, тожикистонлик масъуллар томонидан давлатга хиёнат қилишда айбланган.
Айтилишича, унинг иши "махфий", деб таснифлангани боис, айблов айнан нималарни кўзда тутиши ноаён қолган.
Аммо, Тожикистон Олий судининг ҳукмлари билан боғлиқ айрим хабарларга кўра, бунга журналистнинг Хитойнинг Тожикистонга таъсирига оид мақоласи сабаб бўлган.
Айбланувчиларнинг ўзларига қарши чиқарилган узоқ йиллик ҳукмларга муносабатлари ҳозирча маълум эмас.
Иш "махфий"ми?

Сурат манбаси, RASMIY/ILLYUSTRATIV
Хабарларга кўра, суд жараёни тергов изоляторининг ўзида ва яна ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.
Расмийлар ҳам бирор бир изоҳ беришмагани, бунга жиноят ишларининг "махфий", деб таснифланганини асос қилиб келтиришгани айтилмоқда.
Судланувчиларнинг қариндошлари суд залига киритилмагани, тафсилотларини ошкор этмаслик тўғрисидаги келишув туфайли ҳимоячилари ҳам журналистларга очиқ эмаслиги, шу боис ҳам, маҳкама жараёни тафсилотлари ҳақида оммавий ахборот воситаларига кўп нарса маълум эмаслиги таъкидланади.
Аммо, маълум бўлишича, сўнгги сўзларида судланувчиларнинг аксарияти Тожикистон Бош прокуратураси томонидан ўзларига қўйилган айбларни тан олишмаган, улардан айримлари айбловларнинг етарлича далил-исботларсиз қўйилганлигини ҳам таъкидлашган, суддан ўзларини озод этишини сўрашган.
Ўтган йил охирида айбланувчиларнинг, яна шунингдек, айблов хулосаларини тайёрлаётган терговчиларнинг босимидан шикоятда эканликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
"Давлат тўнтаришига уриниш" бўйича суд жараёни ўтган йилнинг 14 ноябрида бошланган.
Ҳибслар эса, худди ўша йилнинг ёз ойларида бошланган.
Қоралов томони эса, уларга 23 йилдан 30 йилгача қамоқ жазосини сўраган.
Тожикистонда нималар бўлмоқда?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Суд жараёни ва ҳукмлар Тожикистонда кузатилаётган устма-уст кадрлар алмашинуви манзарасида кузатилган.
Тожикистон президенти ўтган ой ҳукуматда катта ўзгаришларга қўл урган, мамлакат Мудофаа вазири ва Бош прокурорини ҳам ишдан олганди.
Бу кадрлар алмашинуви унинг ҳатто ўзининг қариндошларини ҳам "аямагани" талқинида минтақадаги етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортган, аммо Эмомали Раҳмоннинг нега бундай қилгани сабаби ўшанда ноаён қолган.
Аммо буларнинг барчасини Тожикистон президентининг ўзининг тўнғич ўғлига қудратга йўл очаётганига йўйган таҳлиллар ҳам кўзга ташланганди.
Эмомали Раҳмон Марказий Осиёда энг узоқ бошқарувда қолаётган президент бўлади.
Унинг бошқаруви четда камбағаллик, коррупция, қариндош-уруғчилик ва диктатура, мухолифатга тоқатсизлик билан уйғунликда кўрилади.
Тожикистон, йилларки, Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг икки қашшоқ давлатидан биттаси саналади.
Катта сондаги аҳолисининг тирикчилиги четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган пуллар орқасидан ўтади.
Халқаро наркотранзит йўлида жойлашган, диний радикализм ва экстремизм хавфи юқори, ишсизлик чуқур илдиз отган, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган, Афғонистонга чегарадош, аммо минтақанинг Толибон ҳукумати билан "энг тескари" давлати.
Шундай экан, Тожикистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи нимани англатади?
Мустақил журналист:
Emomali Rahmonni mamlakatdagi asl vaziyatdan xabarsiz deb o‘ylash go‘llik bo‘lar edi...
"Тожикистонда қатор журналистлар, собиқ мулозимларга "давлат тўнтаришига ҳаракат" дея узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм ўқилиши ортидаги ягона сабаб мамлакат президенти Эмомали Раҳмон қудратига соя деб кўрилган ҳар қандай хавфни йўқ қилиш амалидир.
Зотан, Тожикистонда сўнгги ўн йиллар ичида нисбатан мустақил деб кўрилган нашрлар, журналистларга қарши ҳаракатлар ва булар қаторида ўнлаб ўқилган ҳукмлардан асосий мақсад шу – "миллат пешвоси", "муҳтарам", "жаноби олий" сифатлашларсиз номи зикр этилмайдиган президентни "замонавий шоҳ" даражасида мустаҳкамлаб қўйишдир.
Эмомали Раҳмонда диктаторларга оид деярли барча хусусиятлар мавжуд. Нафақат танқид, балки уни олқишламайдиганларга ҳам тоқатсиз. Конституцияда "демократия" сўзи зикр этилганига қарамай, 1992 йилдан бери "тахт"ни бўшатгани йўқ.
Эмомали Раҳмонни мамлакатдаги асл вазиятдан хабарсиз деб ўйлаш гўллик бўлар эди. Деярли ҳар йили қиш олди Тожикистон халқини "қишга озиқ-овқат ғамлаб қўйишни" тавсия этадиган раҳбар халқнинг қашшоқлигидан хабардор бўлиши табиий".












