You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
400 миллион кишилик диний байрам – Ҳиндистонда миллионлаб инсон бир жойда чўмилишни бошлади
Ҳиндистонда душанба кундан дунёда инсонлар бир жойда йиғиладиган энг йирик тадбир — Кумбҳ Мела (ёки Маҳакумбҳ деб ҳам аталади) ҳиндулар диний фестивали бошланди. 12 йилда бир марта ўтказиладиган бу фестивалда ўн миллионлаб одамлар муқаддас дарёларда тенгдан чўмиладилар.
Ҳиндистон шимолидаги Праяграж шаҳрида бошланган ва яна олти ҳафта давом этадиган фестивалда диндорлар Ҳиндистоннинг энг муқаддас ҳисобланмиш Ганг, Ямуна ва афсонавий Сарасвати дарёлари туташган жой — Сангамда чўмиладилар.
Ҳиндулар муқаддас дарёда чўмилиш уларни гуноҳлардан поклаши, руҳларини тозалаши ҳамда уларни ҳаёт ва ўлим циклидан озод этишига ишонадилар.
45 кунлик мазкур фестиваль давомида тахминан 400 миллион зиёратчи иштирок этади. Бу қадар улкан миқёсдаги тадбирни космосдан ҳам кўриш мумкин.
Маълум қилинишича, душанба – 13 январь тушгача 10 миллион киши аллақачон муқаддас чўмилиш маросимини бажарган.
Сешанба куни бу кўрсаткич 20 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Праяграж шаҳри маъмурияти бунча одамни қабул қилиш учун бор имкониятни зўр бериб ишга солмоқда.
Зиёратчилар ва сайёҳлар учун дарёнинг қирғоғида 4,000 гектар майдонни қамраб олувчи улкан чодир шаҳарчаси қурилган.
Аммо якшанба куни – маросимлар бошланишидан бир неча соат олдин – Праяграждаги кўплаб майдонлар ҳали ҳам қурилиш жараёнида эканлиги маълум бўлган: минглаб ҳожатхоналар ҳали ўрнатилмаган, ўрнатилганлари эса сув таъминоти йўқлиги сабабли ишламаган.
Кумбҳ Мела қандай фестиваль ўзи?
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
ЮНEСКО томонидан "Инсониятнинг номоддий мероси" сифатида тан олинган фестивалнинг келиб чиқиши ўзига хос афсонага бориб тақалади.
Афсонага кўра, дунё пайдо бўлиши чоғида худолар ва жинлар ўртасида Кумбҳ (идиш) ичида пайдо бўлган эликсир устида жанг юзага келади.
Худолар ва жинлар абадий ҳаёт ваъда қилувчи ушбу эликсирни қўлга киритиш учун курашаётганида, унинг бир неча томчиси тўрт шаҳар – Праяграж, Ҳаридвар, Ужжайн ва Насик устига тўкилиб кетади.
Бу кураш 12 самовий йил давом этган – ҳар бири Ердаги 12 йилга тенг.
Шу сабабли, Кумбҳ Мела фестивали ушбу тўрт шаҳарда ҳар 12 йилда бир марта ўтказилади.
Фестиваль барча тўрт шаҳарда ўтказилади, аммо энг катта фестиваль Праягражда бўлиб ўтади.
Ҳар сафар зиёратчилар ва сайёҳлар сони бўйича рекордлар янгиланади.
Фестиваль қанча катта?
Мунажжимлар сайёралар ва юлдузларнинг жойлашуви асосида 26 февралга қадар давом этувчи фестивалдаги махсус кунларни белгилайдилар.
Бу сафар чўмилиш учун олтита муҳим кун мавжуд.
Энг катта тадбир 29 январда бўлиб ўтади – шу кунда 50-60 миллион ибодат қилувчи бирга чўмилиши кутилмоқда.
Диний фестиваль кўламини қуйидаги рақамларга назар ташлаб ҳам англаш мумкин:
- Майдон: 4,000 гектар
- 160,000 чодир
- 40,000 полиция ва хавфсизлик ходимлари
- 15,000 санитария ходимлари
- Ярим миллиондан ортиқ автомобиль учун 99 автотураргоҳ
- Дарё бўйлаб 30 та сузувчи понтон кўприк
- 67,000 кўча чироқлари
- 150,000 ҳожатхона; 25,000 чиқинди қутилари
- 200 сув банкоматлари ва 85 қудуқ
Ҳиндистон ҳукумати фестиваль учун 70 миллиард рупий ($812 миллион) сарф қилаётганини маълум қилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, фестивалдан маҳаллий бюджетга 250 миллиард рупий ($2.9 миллиард) даромад тушиши кутилмоқда.