Сурия: Эрон қувилдими ҳамда Уйғур ва Афғон жангчилар тақдири

Бир неча йиллик ҳарбий аралашувдан сўнг Эрон Сурияда қурмоқчи бўлган ҳамма нарса вайрон бўлди
Сурат тагсўзи, Бир неча йиллик ҳарбий аралашувдан сўнг Эрон Сурияда қурмоқчи бўлган ҳамма нарса вайрон бўлди
    • Author, Нафиса Кўҳнавард
    • Role, BBC
    • Reporting from, Сурия
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Икки қаватли ётоқларда моғор босган ярим тайёр таомлар, ташлаб кетилган ҳарбий кийим ва қуроллар – булар бир пайтлар Эрон ва унинг Суриядаги гуруҳларига тегишли эди, базадан шошилинч чекинганларида ташлаб кетишган.

Бу манзара саросима бўлганини кўрсатади. Бу ерда жойлашган кучлар деярли огоҳлантиришсиз қочишган. 10 йил сақлаб турган жойларини бир неча ҳафтада йўқотишган.

Эрон 10 йилдан ортиқ вақт давомида Сурия президенти Башар Асаднинг энг муҳим иттифоқчиси эди – ҳарбий маслаҳатчилар юборар, хорижий жангариларни сафарбар қилар ва Сурия урушига катта сармоя киритарди.

Алоқадор мавзулар:

Унинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ер ости базаларини қуриб, минглаб жангчиларни қурол-яроғ билан таъминлади ва ўқитди. Эрон учун бу ҳам Исроилга қарши "хавфсизлик камари"нинг бир қисми эди.

Биз Идлиб вилоятининг Хон Шайхун шаҳри яқинидамиз. 8 декабргача, Асад режими қулагунга қадар, бу жой ИИҚК ва унинг иттифоқдош гуруҳлари учун асосий стратегик нуқталардан бири эди.

Асосий йўлдан қараганда дарвоза қум ва тош уюмлари ортида зўрға кўзга ташланади. Эрон байроғи рангларида бўялган тепаликдаги кузатув минораси базага қараб турибди.

Эрон базаси

Квитанциялар дафтарчаси базанинг номини тасдиқлайди: Шаҳид Зоҳидий базаси – 2024 йил 1 апрелда Исроилнинг Суриядаги Эрон консуллигига уюштирган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган ИИҚКнинг юқори лавозимли қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий шарафига номланган.

Яқинда буюртма қилинган маҳсулотлар – шоколад, гуруч, ўсимлик ёғи учун квитанцияларни топдик, афтидан бу ерда кундалик ҳаёт сўнгги дақиқаларгача давом этган. Аммо ҳозир базанинг янги эгалар бор – Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) исломий жангари гуруҳининг икки қуролланган уйғур жангчиси, уларнинг етакчиси Аҳмад аш-Шараа Суриянинг янги муваққат президенти бўлди.

Қуроллилардан махфий ҳужжатлар қолган
Сурат тагсўзи, Қуроллилардан махфий ҳужжатлар қолган

Уйғурлар тўсатдан ҳарбий машинада келиб, биздан ОАВ гувоҳномасини сўрашди.

"Бу ерда эронликлар бор эди. Ҳаммаси қочиб кетди," дейди улардан бири она тили уйғурчада. "Бу ерда нимаики кўрсангиз, ҳаммаси улардан. Ҳатто мана бу пиёзлар ва қолган таомлар ҳам."

Ҳовлидаги қутилардаги пиёзлар униб чиқибди.

База оқ қояли тепаликлар ичига чуқур қазилган туннеллар лабиринтидан иборат. Деразасиз баъзи хоналарда икки қаватли ётоқлар бор. Йўлаклардан бирининг шипига Эрон байроғи рангидаги мато тортилган ва тошли жавонда бир нечта форсча китоблар турибди.

Ҳарбийлар қочган

Улар махфий маълумотлар бор ҳужжатларни қолдириб кетишган. Барчаси форс тилида, уларда жангчиларнинг шахсий маълумотлари, ҳарбий хизматчиларнинг кодлари, уй манзиллари, Эрондаги турмуш ўртоқларининг исмлари ва мобил телефон рақамлари мавжуд. Исмларидан кўриниб турибдики, бу базадаги бир нечта жангчи Эрон томонидан Сурияда жанг қилиш учун тузилган афғон бригадасидан экан.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларга алоқадор манбаларнинг Би-би-си Форс хизматига айтишича, базада асосан афғон кучлари жойлашган бўлиб, уларга эронлик "ҳарбий маслаҳатчилар" ва уларнинг эронлик қўмондонлари ҳамроҳлик қилган.

Теҳроннинг Суриядаги ҳарбий иштирокининг асосий сабаби "жиҳодчи гуруҳларга қарши курашиш" ва "шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳлари"ни радикал сунний жангарилардан ҳимоя қилиш эди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
BBC
Qo‘shnimning uyi harbiy postga aylantirilgandi. Ular qurollarini yo‘lga qaratib o‘tirishardi, bizga shubha bilan qarashardi.
Abdulloh
Suriyalik (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Эрон асосан афғонлар, покистонлик ва ироқлик жангчилардан иборат ҳарбийлаштирилган гуруҳларни тузди.

Аммо сўнгги лаҳза келганда Эрон бунга тайёр эмас эди. Чекиниш тўғрисидаги буйруқлар баъзи базаларга энг сўнгги дақиқада етиб борган. "Воқеалар жуда тез ривожланди," дейди менга Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ироқ ҳарбийлаштирилган гуруҳининг юқори лавозимли аъзоси. "Буйруқ шундай эди: фақат рюкзагингизни олиб, жўнаб кетинг."

Би-би-сининг ИИҚКга яқин бир нечта манбасига кўра, уларнинг аксарияти Ироққа қочишга мажбур бўлган ва баъзиларига Суриядан эвакуация қилиниши учун Ливанга ёки Россия базаларига бориш буюрилган.

ҲТШ жангчиси Муҳаммад ар-Раббат гуруҳнинг Идлибдан Ҳалаб ва Сурия пойтахти Дамашққа юриши гувоҳи бўлган.

Муҳаммад ар-Раббат
Сурат тагсўзи, Муҳаммад ар-Раббат гуруҳнинг Идлибдан Ҳалаб ва Сурия пойтахти Дамашққа юриши гувоҳи бўлган

Унинг айтишича, улар операция "тахминан бир йил" давом этади ва энг яхши ҳолда "Ҳалабни уч-олти ой ичида эгаллаб оламиз," деб ўйлашган. Аммо кутилмаганда, бир неча кун ичида Ҳалабга кириб боришди.

Режимнинг тез қулашига ҲАМАСнинг 7 октябрь куни Исроилга ҳужумидан кейин содир бўлган воқеалар занжири сабаб бўлди.

Бу ҳужум Исроилнинг Суриядаги ИИҚК ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларга қарши ҳаво ҳужумлари кучайишига ва Эроннинг яна бир асосий иттифоқчиси – Ливаннинг "Ҳизбуллоҳ" жангари гуруҳига қарши урушга олиб келди, унинг раҳнамоси ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.

Эрон ва "Ҳизбуллоҳ" учун "психологик инқироз ҳолати" уларнинг қулашида ҳал қилувчи роль ўйнади, дейди 35 ёшли жангчи Раббат.

Аммо энг муҳим зарба ичкаридан келди: Асад ва унинг Эрон билан боғлиқ иттифоқчилари ўртасида келишмовчилик бор эди, дейди у.

"Улар ўртасида ишонч ва ҳарбий ҳамкорлик бутунлай йўқолди. ИИҚК билан боғлиқ гуруҳлар Асадни хоинликда айблашди ва у уларнинг жойлашувини Исроилга ошкор қилаётганига ишонишарди."

Хон Шайхундан ўтаётганимизда, Эрон байроғи рангларига бўялган кўчага дуч келдик. У Эрон қароргоҳига айлантирилган мактаб биносига олиб борарди.

Хон Шайхундаги деворларга Эрон байроғи ранглари чизилган
Сурат тагсўзи, Хон Шайхундаги деворларга Эрон байроғи ранглари чизилган

Ҳожатхона кираверишда деворда "Исроил йўқолсин" ва "АҚШ йўқолсин" деган шиорлар ёзилганди.

Бу қароргоҳлар ҳам шошилинч бўшатилгани кўриниб турарди. Биз "ўта махфий" деб белгиланган ҳужжатларни топдик.

65 ёшли Абдуллоҳ ва унинг оиласи ИИҚК бошчилигидаги гуруҳлар билан бирга бу ерда қолган жуда кам сонли маҳаллий аҳолидан бири эди. У ҳаёт оғир бўлганини айтади.

Унинг уйи қароргоҳдан бир неча метр нарида жойлашган бўлиб, улар орасида тикан симли чуқур хандақ ўтган.

"Кечаси ҳаракатланиш тақиқланган эди," дейди у.

Абдуллоҳ Эрон қўллаган гуруҳлар бор вақти ҳаёт оғир бўлганини айтади
Сурат тагсўзи, Абдуллоҳ Эрон қўллаган гуруҳлар бор вақти ҳаёт оғир бўлганини айтади

Қўшнисининг уйи ҳарбий постга айлантирилганди. "Улар қуролларини йўлга қаратиб ўтиришарди, бизга шубҳа билан қарашарди," деб эслайди у.

Жангчиларнинг кўпчилиги ҳатто араб тилини ҳам билмасди, дейди у. "Улар афғонлар, эронликлар, Ҳизбуллоҳ аъзолари эди. Аммо биз уларнинг барчасини эронликлар деб атардик, чунки Эрон уларни бошқарарди."

Абдуллоҳнинг хотини Журия "Эрон жангарилари" кетганидан хурсанд эканини айтади, лекин улар чиқиб кетишидан олдинги "зўриқиш" пайтини ҳали ҳам эслайди. У Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар ўз позицияларини мустаҳкамлаб, жангга тайёргарлик кўраётганда, ўқ ёмғири остида қоламиз деб ўйлаган экан, аммо "улар бир неча соатда ғойиб бўлишди."

"Бу босқинчилик эди. Эрон босқинчилиги," дейди бошқалар каби 10 йилдан сўнг оиласи билан бу ерга қайтган Абдо. Унинг уйи ҳам ҳарбий базага айлантирилганди.

Мен Эронга нисбатан бундай ғазаб ва Россияга нисбатан юмшоқроқ муносабатни сурияликлар билан кўплаб суҳбатларда кузатдим.

ҲТШ жангчиси Раббатдан бунинг сабабини сўрадим.

"Руслар осмондан бомбалар ва бошқа нарсаларни ташлаб, ўз базаларида қолишди, эронликлар ва уларнинг жангарилари эса ерда, аҳоли орасида эди. Одамлар уларнинг мавжудлигини ҳис қилишарди ва кўпчилик бундан мамнун эмас эди," дея тушунтирди у.

Бу туйғу Суриянинг янги ҳукмдорларининг Эронга нисбатан сиёсатида ҳам акс этган.

Янги ҳокимият исроилликлар билан бир қаторда Эрон фуқароларининг ҳам Сурияга киришини тақиқлади. Аммо русларга нисбатан бундай тақиқ йўқ.

Суриянинг янги етакчиси Эроннинг мамлакатдаги ролини қоралади
Сурат тагсўзи, Суриянинг янги етакчиси Эроннинг мамлакатдаги ролини қоралади

Режим қулаганидан сўнг ғазабнок намойишчилар бостириб кирган Эрон элчихонаси ёпиқлигича қолмоқда.

Эрон расмийларининг Суриядаги воқеаларга муносабати зиддиятли бўлди.

Олий раҳбар Али Хоманаий "Сурия ёшлари"ни Сурияга "беқарорлик олиб кирган"ларга "қарши туриш"га чақирган бўлса, Эрон ташқи ишлар вазирлиги анча мувозанатли йўл тутди.

Улар "Сурия халқи танлаган ҳар қандай ҳукуматни қўллаб-қувватлашини" айтишди.

Суриянинг янги раҳбари Шараа ўзининг дастлабки интервьюларидан бирида Асад устидан қозонилган ғалабани "Эрон лойиҳаси якуни" деб таърифлади. Аммо у Теҳрон билан "мувозанатли" муносабатлар ўрнатиш мумкинлигини инкор қилмади.

Ҳозирча, Эрон Сурияда хуш кўрилмаяпти. Йиллар давомида ўз ҳарбий иштирокини кенгайтирганидан сўнг, Теҳрон қурган ҳамма нарса ҳозир жанг майдонида ҳам, Сурия жамоатчилигининг катта қисми назарида ҳам вайронага айланган.

Ташлаб кетилган базада Эроннинг ҳарбий кенгайиши сўнгги кунларгача давом этгани кўринади. Лагерь ёнида яна туннеллар қурилаётганди, чамаси, дала шифохонаси бошланиши эди. Деворлардаги цемент ҳали нам, бўёқ янги.

Аммо жанг излари ҳам йўқ эмас – бир нечта ўқ қолдиқлари ва қонга бўялган ҳарбий кийим.