Россиялик "уруш қаҳрамони" дезертирга айланди: "Ўзимни ва аскарларимни яралаб, бизни Украинадан чиқариб олиш учун ҳаракат қилдим"

- Author, Амелия Затари
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Reporting from, Астана, Қозоғистон
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Россия армиясининг собиқ зобити Евгений Коробов хона ўртасида турибди, эгнида қора кўйлак ва оч рангли шим. Ёши 30 да, қарийб уч йилдан бери Қозоғистон пойтахти Астанада яшайди.
У шу вақт мобайнида унинг квартирасида яна етти-саккизта дезертир – қочоқ яшаганини айтади.
"Мен ўзимга ўхшаганларга ёрдам беришга иложи борича ҳаракат қиламан. Пул тўлашлари шарт эмас, шу ерда яшайверишади, – дейди у. – Уларга бошқа ким ёрдам беради? Ахир бизни боғлаб турган нимадир бор – ҳаммамиз қочоқмиз. Ҳаммамиз."
Тўрт йил олдин Коробов 2022 йилнинг февралидан майигача Украинада жанг қилган эди.

Сурат манбаси, Евгений Коробов шахсий архиви
"Уруш бошланди"
Ота-онаси почтачи бўлган Коробов ҳамиша ҳарбий бўлишни орзу қиларди. У Россия армиясига "хизмат қилишга иштиёқманд ёш зобит" ўлароқ қўшилишидан олдин ўз ватани Красноярскдаги ҳарбий коллежда ўқиган. Унинг шартномаси 2023 йилгача давом этиши керак эди.
Бироқ тез орада ғайрати сўнди.
"Армияда адолатсизлик ва телбаликларга дуч келасиз, ҳамма нарсадан, Россиядаги аҳволдан бутунлай кўнглингиз совий бошлайди", дейди у.
2022 йил бошида Коробов Украина чегараси яқинидаги Курск вилоятига ҳарбий машғулотларга юборилди. "Уруш бўлишига ишонмасдим, лекин хавотир билан бордик", деб эслайди у.
У Украина чегарасини кесиб ўтганидан кейин кўрганларини шундай тасвирлайди: "Биз аҳоли пунктлари орқали ўтдик. Одамлар одатий ҳаётларини кечираётганди. Кимдир машинасига ёқилғи қуймоқда, кимдир қаҳва ичмоқда, яна кимдир чекмоқда. Биз эса ҳайдаб ўтиб кетяпмиз. Уруш бошланди."
Унинг бригадаси пойтахт Киев томон йўл олди ва шаҳар шарқидаги Бровари туманида тўхтади.

Сурат манбаси, Евгений Коробов шахсий архиви
Айнан шу ҳудудда Украина прокуратураси россиялик ҳарбийлар уруш жиноятларини содир этганини айтмоқда. "Медуза" ва "Озодлик" радиоси нашрлари таъкидлашича, Коробов хизмат қилган 15-бригада аскарлари Киев вилоятидаги почта бўлимида қийноқхона ташкил қилган. Журналистлар худди шу бригада камида беш нафар тинч аҳолини қатл этгани ҳақида хабар берди.
Коробовнинг таъкидлашича, у уруш жиноятларини шахсан кўрмаган, улар ҳақида бошқалардан эшитган. Унинг айтишича, унинг вазифаси уруш пайтида орқа колонналарни кузатиб бориш, навигация ва йўл разведкаси бўлган, шу боис у доимо ҳаракатда бўлган.
Bugun rus dezertiri urushning boshqa ko‘plab raqiblari yoki siyosiy dissidentlarga qaraganda ko‘proq xavf ostida, chunki Rossiya hukumati bu sobiq askarlarni xoin deb biladi.
Унинг бригадаси март ойи охиригача Киев яқинида турган, сўнг Россия қўшинлари Украина пойтахтини қуршаб олишга муваффақиятсиз уринишдан кейин чекинганида ҳудудни тарк этган. Чекинаётганда Коробов вайрон бўлган Украина шаҳарларини кўрди. Унинг айтишича, бу унда "даҳшат ва умидсиз" уйғотган.
Коробовнинг айтишича, колонналар бир неча бор украин кучларининг пистирмасига тушган.
"Биз жавоб ўти очишга мажбур бўлдик, – деб эслайди у. – Бошқа нима ҳам қила олардик? Ўлайликми? Ўлиб кетсам, яхши одам бўламанми? Мен ҳам яшашни истардим ва барча аскарларим қайтиб келишини хоҳлардим. Биз нима учун курашдик? Ҳаётимиз учун. Украиналикларнинг душмани биз эдик. Бизнинг эса иккита душманимиз бор эди – украинлар ва ўз қўмондонларимиз."
"Уруш қаҳрамони"
2022 йил охирида, у Россиядан Қозоғистонга жўнаб кетиши арафасида Коробовга Москвадаги қўмондони Россия телевидениесида кўриниш беришни буюрган.
Россиядан кетиш арафасида Коробовни жангда яраланган уруш қаҳрамони сифатида олқишлашган.
"Катта лейтенант Евгений Коробов ўз гуруҳи билан бирга орқа колоннани кузатиб бораётган эди, – деди Биринчи каналдаги машҳур кечки ток-шоу бошловчиси. – Улар пистирмага дуч келишди. Улар душманнинг устун кучлари билан жанг қилишди. Улар камида 15 нафар душман жангчиси ва техникасини йўқ қилди. Ўзлари эса ҳеч қандай йўқотишсиз омон қолди."
Коробов Россия мудофаа вазирлиги хабар берган бу воқеани уйдирма деб атайди. Унинг сўзларига кўра, унинг бўлинмаси 2022 йил март ойи бошида Чернигов вилоятида ростдан ҳам пистирмага тушган, аммо воқеанинг кўлами жуда бўрттириб кўрсатилган.

Сурат манбаси, smotrim.ru
"Пистирмага тушдик, бу тўғри. «Пухта тайёргарлик кўрилган» дейиш эса муболаға. Душманнинг сони кўп эдими, йўқми, билмайман, қанча одам бор эди, кимлар ўт очаётганини ҳам билмайман", дея эътироз билдиради Коробов.
Оммавий ахборот воситаларида кўринганидан сўнг, у жасорати учун медал олди, аммо Коробовга бунинг фарқи йўқ. "Ўйлаб топилган жасорат учунми? Мен қатнашишни истамаган уруш учунми? Шундоқ ҳам армияда хизмат қилишни мутлақо истамасдим – мен фақат шартномам тугагунча чидаб турардим."
Коробовнинг эътироз билдирмайдиган жиҳати шундаки, у Украинада ҳақиқатан ҳам жароҳат олган. Телеинтервью давомида у сезиларли даражада оқсоқланиб юрарди.
"Ортга йўл йўқ"
Коробов 2022 йил май ойида Донецкда оёғидан яраланган, шундан сўнг у эвакуация қилинган ва Россияга қайтарилган.
Ўшанда Лиман яқинидаги Озерне қишлоғига ҳужум қилиш ҳақида буйруқ берилган эди. "Фақат бир марта унга яқинлашишга муваффақ бўлдик. Бизни ҳамма нарса билан ўққа тутишди ва кейинги барча ҳужумлар пайтида биз ҳатто яқинлаша ҳам олмадик", дейди Коробов.
"Ўша пайтда уйга қайта олмаслигимни тушуниб етдим. У ердан фақат ўлик ёки ярадор ҳолда чиқиб кетиш мумкин эди."
Бир куни уларнинг бўлинмаси тасодифан дронни Украина позицияларига қўндирди. Коробовнинг айтишича, унинг тўрт кишидан иборат бўлинмаси дронни олиб келиш учун юборилган ва қўмондони унга дронсиз қайтмасликни буюрган. Бу топшириқни у бажариб бўлмас вазифа эди деб таърифлайди.

"Шунда тушундимки, ортга йўл йўқ, – дейди у. – Мен ўз аскарларимга қарата ўт очдим. Ерга қарата ўқ уздим. Ҳамроҳларимни ярадор қилдим. Кейин ўзимни ярадор қилдим, ўзимни отдим. Биринчи ёрдам кўрсатдим ва эмаклаб эвакуация томон йўл олдик."
Бу шуни англатадики, "Пусть говорят" телекўрсатувида хабар қилинган ва нишонланган жароҳат аслида Коробовнинг ўзига ўзи етказган жароҳат бўлган.
У яраланган оёғининг фотосуратларини кўрсатган бўлса-да, Би-би-си Коробовнинг ҳикоясини мустақил равишда текшира олмайди.
Коробов ва унинг бўлинмасининг қолган қисми фронт чизиғидан эвакуация қилинди. У бир ярим ой касалхонада даволанди, кейин реабилитациядан ўтди.
Коробов шартномасини 2023 йилгача Россияда, Украинага қайтмасдан ўтказмоқчи эди. Бироқ, 2022 йил сентябрь ойида кейинги сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, барча шартномалар муддатсиз бўлиб қолди. Ўша йил охирида унга Украинага юборилиши ҳақида хабар беришди.
Бошпана излаш
Коробовнинг айтишича, у Россияни тарк этишдан олдин Украинадаги урушга қайтишдан қўрқадиган собиқ россиялик аскарларга ёрдам берадиган "Идите лесом" лойиҳаси билан боғланган. Фаоллар унинг Қозоғистонга қочиб ўтиши учун йўналиш белгилаб берган.
Кўп ўтмай у халтасини йиғиштириб, Россиядан чиқиб кетди.
Коробовга нисбатан дезертирлик бўйича жиноят иши очилган ва у 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шу сабабли, у Астанадаги ҳаётининг дастлабки ойларида уйдан деярли чиқмаган.
Кейинчалик у барга ишга жойлашди – ноқонуний равишда, чунки бошпана изловчи сифатида унга ишлашга рухсат берилмаган эди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
"Қозоғистон ҳали бирорта Россия фуқаросига бошпана бергани йўқ ва ўйлашимча, бермайди ҳам", дейди Коробов.
"Биз Европа давлатларидан, айниқса, Франциядан қарор кутмоқдамиз, чунки ҳозирда у россиялик дезертирларни қабул қилган ягона давлат", дейди у.
Коробов Ғарб давлатларининг россиялик дезертирларни қабул қилишни истамаслигини тушунади, аммо бу "можарони ҳал қилишнинг самарали усулларидан бири: нафақат қурол етказиб бериш ва санкциялар, балки россияликларга қурол кўтаришдан, жанг қилишдан бош тортиш имкониятини бериш" деб ҳисоблайди.

Би-би-си сўнгги уч йил давомида мамлакатга қочиб келган россиялик дезертирларга ёрдам бериб келаётган Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси адвокати Артур Алхастов билан суҳбатлашди. Россия хавфсизлик хизмати агентлари гуруҳга қўшилиб олишига йўл қўймаслик учун собиқ аскарларни текширишади.
Унинг айтишича, Коробовнинг ҳикоясини текшириш қийин бўлган ва кўп вақт талаб қилган.
Унинг фикрича, бугун рус дезертири урушнинг бошқа кўплаб рақиблари ёки сиёсий диссидентларга қараганда кўпроқ хавф остида, чунки Россия ҳукумати бу собиқ аскарларни хоин деб билади.
Бу Қозоғистон ва Арманистондаги россиялик дезертирларни заиф аҳволга солиб қўяди, чунки иккала давлатда ҳам Россия ҳарбий базалари жойлашган.
Коробов ва бошқа дезертирлар ҳозирда Россияга экстрадиция қилинишдан ҳимояланиши мумкин, чунки улар бошпана изловчи мақомига эга, аммо бу уларни ўғирлаб кетилишдан ҳимоя қилмайди, деб тушунтиради Алхастов.












