Россия Марказий Осиёликларни энди мигрантликка тайёрламоқчими? Россия Ўзбекистон, мигрантлар. Дайжест

  • Россияда ишлашга тайёрланадиган марказлар очилиши;
  • 7 кун муҳлатни 15 кунга узайтирадиган «прописка»;
  • Президент чиқишидан кейинги элчихона хабари;
  • Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномаси ишлашга "ўтмайди"

Алоқадор мавзулар

Мигрантлар оқимига тайёргарлик

Россия Ўзбекистон, Тожикистон, ва Қирғизистонда муҳожирларни тайёрлаш марказларини очишга киришмоқда, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Давлат Думаси йиғилишида.

Сиёсатчининг фикрича, бу Россияда ишлашни хоҳловчи хорижликларга рус тили ва Россия қонунчилигини ўрганиш имконини беради. Тил ва қонунларни билиш эса ўз навбатида жамоатчилик норозилигига сабаб бўладиган нохуш ҳодисаларнинг олдини олади, дея ҳисоблайди Россия Ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистонда Лавров назарда тутган миграция маркази 2021 йилнинг 16 март куни очилган эди.

Тошкентда фаолият олиб бораётган "Кўп тармоқли миграция маркази" Москва давлат бюджет муассасаси ваколатхонаси Россия Федерациясида ишлаш учун патентни расмийлаштириш хизматлари кўрсатилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ҳам ўзбекистонликларни танлов асосида хорижга ишга юбориш амалга ошириб келинмоқда.

Бошқаларга 15, ўзбекистонликларга 7 кун

Россияга борган Ўзбекистон фуқаролари амалдаги тартибга кўра, 7 кун ўрнига 15 кун ичида миграция рўйхатидан ўтишлари мумкин бўлади.

(Бу атама Россияда "регистрация", Ўзбекистонда "прописка" дейилади - таҳр.).

"Яқинда Ўзбекистон фуқароларига Россияда 15 кун "регистрациясиз" қолишга рухсат берилиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия билан тегишли келишувни тасдиқлади", дея эслатади "Спутник" нашри.

Ҳужжат ҳали кучга кирмаган, аммо қарийб бир йилдирки, Ўзбекистон ва Россия ОАВда янгилик сифатида тарқатилиб келинмоқда.

Россияда Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари мамлакат ҳудудига киргач, миграция қайдидан ўтишлари учун 15 кун муддат берилган. Ўзбекистон фуқаролари учун бу муддат 7 кундир.

Россия миграция қонунчилигида амалдаги тартибга мувофиқ, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари Россияга кириб келгач, 15 кун ичида миграция қайдига қўйишади.

Таъкидлаш керакки, чет эл фуқароларини миграция рўйхатидан ўтказиш дунёнинг кўплаб давлатларида қўлланилмайди.

Аксар мамлакатларда хорижликлар бир мамлакатга боргач, виза муддатига қадар ортиқча расмиятчилик ҳужжатларисиз эркин юриш ҳуқуқига эга.

Россия ва Ўзбекистон ўз мамлакатига кирган чет эл фуқароларини миграция рўйхатидан ўтишини талаб қилувчи саноқли мамлакатлар ҳисобланади.

Бундай тартиб сақланиб қолган мамлакатларнинг энг машҳурлари Шимолий Корея, Венесуэла ва Туркманистондир.

Президент чиқиши манзарасида

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасининг консуллик бўлими 25 январдан бошлаб эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш мақсадида бўлган фуқароларнинг ҳужжатлари қабул қилиши бошланди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси расмий сайти маълум қилди.

Россияда эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш мумкинлиги 2021 йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган эди.

Президент Мирзиёевнинг 26 январб куни ҳайдовчилик гувоҳномалари мавзусидаги чиқиши манзарасида элчихона фуқароларнинг ҳужжатлари қабул қилиши бошланганини эълон қилди.

Хабарга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирмоқчи бўлган Россиядаги ўзбекистонликлар элчихонанинг консуллик бўлими элчихонанинг консуллик бўлимига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Ростов-Дон, Санкт-Петербургдаги бош консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, янги гувоҳнома учун хорижга чиқиш биометрик паспорти, ёки фуқаролик биометрик паспорти, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони асл нусхалари билан талаб этилиши билдирилган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини консуллик орқали алмаштириш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдорида тўлов, 20 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими ва 20 АҚШ доллари миқдорида ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йиғим белгиланган.

Ҳайдовчиликда ишлашга "ўтмайди"

Россия қонунларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг ҳайдовчилик гувоҳномаси Россияда ишлаш мақсади учун амал қилмайди. Улар ўз ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат шахсий автомобилларни бошқаришда қўллашлари мумкин.

Ўзбекистонликлар Россияда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирган тақдирда ҳам, Россияда ҳайдовчилик билан боғлик фаолиятлар учун учун қайта имтиҳон топшириб, бу мамлакат гувоҳномасини олишларига тўғри келади.

Россияда хорижда берилган гувоҳномалар орасида ЕОИИ га аъзо давлатлар - Қирғизистон, Қозоғистон ва Беларусда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан эса ишлашга рухсат этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek