You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дайжест. Ўзбекистон: Мигрантлардан бир йилда 8 млрд доллар келди. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида нима гап? O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar
Қирғизистонликлар тожикистонликни тошбўрон қилдими? Миллиардлаб доллар юбораётган мигрантлар. Ўзбекистон вақтинча онлайн таълимга ўтди. Миллионлаб истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилаяпти. Куннинг муҳим хабарлари тафсилоти.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиланди: Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма, яраланганлар бор
- Дайжест. Россия, мигрантлар: Бу йил кўп пул юборилаяпти, Москвада патент нархи кескин ошди, Собянин мигрантларни камайтирмоқчи
- Россия: Мигрантлар "импорти" асосан Ўзбекистондан - Россия ва мигрантлар, дайжест
- Фарзандингизни уйда ўқитишнинг яна қандай бепул йўллари бор? Ўзбекистон ва коронавирус
"Ҳайдовчи хужумга учраган"
Тожикистон расмийлари қирғизистонликлар маҳаллий ҳайдовчини тошбўрон қилганлигини билдиришмоқда.
Исфара шаҳар ҳокимининг матбуот котиби Зубайдулло Шоматовнинг маълум қилишича, Қирғизистон фуқаролари чоркуҳлик КамАЗ юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган.
"Юк машинаси жамоатда яшовчи шахсга тегишли бўлган. У машинада Ворухга озиқ-овқат маҳсулоти ташиган. 20 январь куни қирғизистонликлар йўлни тўсиб, тош ота бошлашган. Ҳайдовчи ҳам ҳужумга учраган", - вазиятни аниқлаштирди расмий @SputnikTj нашрига.
Маълумотларга кўра, ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган.
Шомадовнинг сўзларига кўра, 21 январь куни Исфарадан бир гуруҳ расмий шахслар Боткен тумани хукумат вакиллари билан бўлиб ўтган воқеа юзасидан учрашиб, вазиятни муҳокама қилишади.
Қирғизистон томони ҳодиса бўйича ҳозирча бирон-бир изоҳ бергани йўқ.
2021 йилнинг ёзида Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари чегарадаги бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида чегараларни демаркация ва делимитация қилиш ишларини бошлашга келишиб олгандилар.
Пул юбориш бўйича янги рекорд
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, амалга оширилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2019-2020 йилларга нисбатан 34 фоизга ошган (6,0 млрд. АҚШ доллар).
"2021 йилнинг январь-декабрь ойларида республикамизга келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми $8,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган", - эълон қилди Марказий банк.
Яъни, 2021 йилда Ўзбекистонга $8,1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида пул юборилган.
Халқаро пул ўтказмалари орқали юборилган пулларнинг катта қисми Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларнинг улушидир.
Бунга қадар Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўйича энг юқори кўрсаткич 7 млрд доллар атрофида қайд этилганди.
Пул юборилишининг рекорд даражага чиқиши Россияда мигрантлар сони карантиндан олдинги даврдаги кўрсаткичнинг тиклангани ва сўнгги 2 йил ичида меҳнат муҳожирларининг маошлари кўтарилгани билан боғлиқлиги кузатилмоқда.
Айни пайтда Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 2 млнга яқин ва уларнинг ўртача иш ҳақи 47 минг рубль ($600 доллар) ни ташкил қилмоқда.
Ватанига бир йилда 8 млрд доллардан ошиқ пул юборган ўзбекистонликларнинг Россияда энг ҳақ-ҳуқуқсиз ва оғир шароитларда яшаб ишлаётганига ОАВ лар ва ҳуқуқ ҳимоячилари мунтазам равишда Ўзбекистон ҳукуматининг эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлаб келишади.
Онлайн таълимга вақтинча ўтиш
Ўзбекистон Халқ таълими ва Олий таълим вазирликлари кетма-кет таҳсиллар 24 январдан бошлаб бир ой давомида онлайн шаклда бўлиши ҳақида расман хабар беришди.
Вазирликларнинг мазкур қарорлари мамлакатда коронавирус бўйича вазиятнинг жиддийлашуви ортидан эълон қилинди.
"Бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз.
Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!»" дейилади Олий таълим вазирлигининг хабарида.
Истеъмолчилар учунонлайн мурожаат тизими
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бир йилда 7 миллионга яқин истеъмолчининг ҳуқуқи бузилганлигини маълум қилди.
2021 йилда амалга оширилган ишлари ҳисоботида агентлик ўтган йилда истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши юзасидан 26 249 та шикоят мурожаати келиб тушганини билдирган.
"Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўтказилган ўрганишларда 7 млн нафарга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда уларга 150 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги аниқланди" - дейилади агентлик ҳисоботида.
Расмий хабарга кўра, мазкур мурожаатларнинг 81 фоизи қаноатлантирилган ва ҳуқуқий ёрдам бериш орқали ҳал этилган.
Шунингдек, Агентлик истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олувчи "Smаrt cоnsumеr" ахборот тизими Агентликнинг www.smart.cоnsumеr.uz веб-сайтида ишга туширилганини билдирган.
"Тизим орқали истеъмолчилар онлайн тарзда мурожаатларни юбориш ва мутахассислардан маслаҳат олиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин", дейилади хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek