Ўзбекистон: Тошкент пропискаси осонлашиш ўрнига, қийинлашдими?

- Author, Аваз Тоҳиров
- Role, Би-би-си, Тошкент
8 август куни regulation.gov.uz сайтида "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш тўғриси"да Вазирлар Маҳкамаси қарори муҳокамага қўйилган.
Шу кунларда эса бир гуруҳ блогерлар прописка тартибининг ҳали ҳам сақланиб қолаётганидан ўз норозилигини билдириб, БизПропискагаҚаршимиз ҳештеги остида челленж бошлади.
Челленжда прописка тизими ўзбекистонликларнинг Конституция билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларига мутлақо зид экани, у дискриминацион ҳамда чеклов характерига эгалиги, ўзбекистонликлар ўз ватанининг хоҳлаган ерида ҳаракатланишга, таълим олишга, ишлашга, яшашга ва кўчмас мулк сотиб олишга ҳеч қандай тўсқинликларсиз ҳақли экани таъкидланади.
"Қолаверса, жамоатчилик орасида ушбу қоидаларнинг сақланиб қолиниши ва қийинлаштирилиши қурилиш компанияларининг очиқдан очиқ лоббиси деган шубҳа ва гумонларни уйғотиб, Давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини оширмоқда," деган фикрлар ҳам челленжда илгари сурилади.
Челленж бошлангандан соатлар ўтиб, ўнлаб блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уни қўллаб-қувватлаб чиқишди.
Улар Ўзбекистон ҳукумати ва Олий Мажлисдан ушбу қонунга чек қўйиш ёки уни бошқа янги мўътадил тизим билан алмаштиришни, Конституцион Суддан эса тизимнинг конституцияга мослиги борасида ўз баҳосини беришни сўрамоқдалар.
Челленжни бошлаган таниқли блогер Нозим Сафаров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда ушбу қарор номида «соддалаштириш» сўзи бўлса ҳам, аслида бундай эмаслигини айтади.
"[Қарор матнининг] баъзи жойларида қийинлаштиришни кўрдик. 2-банд [ҳуқуқлари]нинг сусайтирилиши кўпчиликка катта қийинчиликлар туғдиради," дейди блогер.
Ҳозирда фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка қилиш 2011 йилда қабул қилинган фуқароларнинг тоифалари тўғрисидаги рўйхатга асосан амалга оширилади.
Ижтимоий келиб чиқиши ва мақоми ушбу рўйхатга мос бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари эса пойтахтда уй-жой сотиб олиш ҳуқуқидан мосуво этилган.
Нозим Сафаров тилга олган «2-банд ҳуқуқларининг сусайтирилиши»ни блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram каналида шундай изоҳлайди:
"…қарор лойиҳасига қарасак, айрим бандлар аксинча ҳозиргидан оғирлаштирилмоқда. Масалан, бугунги кунгача 2-банд [2011 йил 15 сентябргача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш асосида турар жойга эга бўлган фуқароларнинг шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражали қариндошлари - таҳр.] билан пропискага кириб, уч йилдан сўнг уйни сотиб олганлар аризасига асосан 1-банд [2011 йил 15 сентябргача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш асосида турар жойга эга бўлган фуқаролар - таҳр.]га ўтиши мумкин эди. Таклиф этилаётган лойиҳада мана шу ҳуқуқ олиб ташланмоқда."
Унинг ёзишича, прописка, ҳатто, унга эга бўлган фуқароларни ҳам тоифаларга бўлиб ташлаган:
"Кўпчилик прописка режими аҳолини икки тоифага (пропискали ва пропискасиз) бўлиб қўйган, уларнинг ҳуқуқлари бир-биридан фарқ қилади, деб ўйлайди. Аслида аҳвол бундан ҳам баттарроқ. Ҳатто ўша Тошкент пропискаси бор фуқароларнинг ўзи ҳам бир нечта тоифаларга бўлиниб кетган, бирида бор ҳуқуқ ва эркинликлар, бошқасида йўқ," билдиради ҳуқуқшунос.
Қандай уй сотиб олсангиз, прописка оласиз?
"2017-2018 йиллардаги давлат дастурларида прописка тизимини соддалаштириш, деган жойи ҳам бор эди. Биз бунга амал қилинишини кутаётган бир пайтда прописка тизимининг мустаҳкамланиши ва қатъийлаштирилиши бу борада кўп нарса ўзгармаслиги ҳақида бизга маълум қилмоқда," давом этади Сафаров.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 йил январдаги фармони билан тасдиқланган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2018 йил 20 мартига қадар «Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш» кўрсатмаси берилган эди.
Бироқ дастурнинг бу банди амалга оширилмай, унинг ўрнига 2018 йилнинг кузидан Тошкент шаҳрида қурилганига уч йилдан ошмаган турар-жой сотиб олган вилоятлик фуқароларга пойтахтнинг доимий пропискасига эга бўлиш ҳуқуқи берилган.
Пропискани давлатнинг "ўз фуқаролари ўртасида сегрегатив муносабатларни расман ўрнатишига хизмат қилувчи тизим" дея тасвирлайдиган Нозим Сафаров бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳудудлар бўйлаб эркин ҳаракатланиши, яшаши, дам олиши, соғлиғини тиклаши, меҳнат қилиши чекланаётганини билдиради.
«Бундай тизимнинг 21-асрда Ўзбекистонда борлигини ўзбек қонунчилигининг катта шармандалиги, деб атаса бўлади,» қўшимча қилади блогер.
Сафаровнинг тахминича, прописка тизимининг сақланиб қолаётгани пойтахтда янги уй-жойлар қураётган компанияларнинг лоббиси натижаси ҳам бўлиши мумкин.

«Чунки бирламчи бозордан уй олсангизгина сизга прописка берилади. Негадир иккиламчи бозордан олсангиз - берилмайди. Шуниси ҳам қизиқ,» дейди у.
Бировнинг номига олинган уй
Тошкент пропискасига эга бўлмаган фуқароларнинг пойтахтда уй-жой сотиб ололмаслиги, турли йўллар билан олган тақдирда ҳам қийин муаммоларга гирифтор бўлиши эҳтимоли юқори экани ўзбекистонликлар учун таниш манзара.
Шу кунларда ўз бошидан ўтаётган кўргиликларни Би-би-си Ўзбек Хизматига сўзлаб берган чинозлик аёл олти йил хорижда ишлагани ва бундан икки йил муқаддам Тошкентда танишининг номига квартира олгани, аммо танишининг нияти бузилиб, ўз пешона тери билан топган пулига олган уйини тортиб олишга қарор қилганини айтади.
«Бир ой бурун бутунлай Ўзбекистонга қайтиб келдим. Уйимни сотиб, янгисини олмоқчи эдим, лекин танишим уй калитини бермади. Нима қиларимни билмай қолганман ҳозир. Адвокатлар ҳам қонун мен томонимда эмаслигини айтишмоқда,» ёзғиради у.
Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган тадбиркор ва блогер Фируз Аллаев ҳам прописка масаласи билан боғлиқ бундай муаммолар кенг авж олганини эътироф этади.
«Кўплаб вилоятдан келганлар айнан пропискаси йўқлиги учун ўз номига уй харид қила олмайди, лекин кўпчилик кимларнингдир номига уй олиб, яшашга мажбур. Бу маълум бир босқичга келиб, низоларга сабаб бўлиши мумкин - кимлардир уйидан айрилиб қолиши мумкин. Бундай воқеалар кўп бўлади. Жуда жиддий муаммо.»
Шунингдек, Фируз Аллаев прописка тизими кадрлар масаласи билан боғлиқ муаммоларни янада чуқурлаштиришини таъкидлайди.
Унинг фикрлашича, доимий пропискани олиб бўлмаслиги ва вақтинчалик пропискани расмийлаштиришдаги қоғозбозликлар салоҳиятли кадрларнинг ўз иш жойидан безишига сабаб бўлиши мумкин.
"Кўпчилик прописка тизими вилоятлик кадрларнинг яна ўз вилоятига қайтиб кетиши учун яратилган дейди. Бироқ, менинг билишимча, вилоятдан келган билимли ёшлар яна ортга қайтиб кетмайди, аксинча, чет элга чиқиб кетиб қолишади. Бу мамлакатда кадрлар тақчиллиги муаммосини янада жиддийлаштиради," дейди ёш тадбиркор.
Би-би-си Ўзбек Хизмати блогерлар ва фуқароларнинг фикрлари асосида нега прописка тизими бекор қилиниши ўрнига унга доир қонун ҳужжатлари сони ошиб бораётгани, ҳукумат ушбу тартибга чек қўйиш масаласини кўриб чиқаётгани ёки йўқлигини сўраб, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбарият ёзма сўровномани ўрганиб чиққанидан сўнг яқин вақт ичида саволларга жавоб қайтарилишини билдирди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












