"Россиялик сайёҳлар Туркиядан воз кечмайдилар"

Сурат манбаси, AFP

Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли фикрича, Россия билан Туркия ўртасида кузатилаётган тарангликка қарамасдан Туркияда ҳордиқ чиқаришни хоҳлайдиган россиялик сайёҳларнинг сони камаймайди.

Туркия бош вазири бу ҳақда мамлакат сайёҳлик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш режаси эълон қилиниши ортидан гапирган.

Hurriyet нашри хабар қилишича, Туркия ҳукумати туризм соҳасига 255 миллион лира ёки 87 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак кўрсатишга қарор қилган.

Матбуот анжуманида Бош вазир Аҳмад Довудўғли айтишича, Туркия билан Россия ўртасидаги муносабатлар совуқлашиши ортидан Туркия сайёҳлиги муайян қийинчиликларга дуч келмоқда.

Жаноб Довудўғли айтишича, Туркияга дам олиш учун келган россиялик сайёҳлар у ердаги шароитни ёқтириб қолганлар ва яна ҳордиқ чиқариш учун қайтганлар.

Дастлаб болалиги йилларида илк бор Туркияга келган россиялик сайёҳ орадан 10 йил ўтганидан кейин вояга етган йигит сифатида ўзи мустақил Туркияга ҳордиқ чиқариш учун келган, деб айтган жаноб Довудўғли.

Бунга ҳар хил сиёсий қарорлар таъсир кўрсатолмайди, деб айтган Туркия бош вазири.

Туркия билан Россия ўртасидаги алоқалар 2015 йил 24 ноябрида Россия ҳарбий учоғи уриб туширилганидан кейин ёмонлашди.

Суриядаги бомбардимонларда иштирок этаётган Россия учоғини Туркия ҳарбийлари ўз ҳаво ҳудудини бузишда айбладилар ва уриб туширишга мажбур бўлганларини айтдилар.

Туркия ҳарбийларига кўра, россиялик ҳарбий учувчилар бир неча бор огоҳлантиришларга жавоб қайтармаганлар ва Туркия ҳудудига кирганлар.

Россия эса ўз учоғи Туркия ҳаво ҳудудини бузганини рад этади.

Президент Владимир Путин Туркия томонидан ўз учоғи уриб туширилишини "орқага пичоқ уриш" деб таърифлади ва Туркияга нисбатан санкциялар жорий этди.

Туркия ширкатларининг Россиядаги фаолиятига чекловлар киритилди.

Туркиядан мева-сабзавотларни Россияга олиб кириш тақиқланди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги россияликларга Туркияга сафарлардан тийилишни тавсия қилди.

Мухбирларнинг ёзишича, Туркияга борадиган олмониялик сайёҳлар сони ҳам камайган.

Бунга Истанбулда худкуш ҳужумчи содир этган портлаш оқибатида ўн Олмония фуқароси ҳалок бўлгани сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon