НАТО саммити иккинчи куни: яна Украина, “Исломий Давлат” ва Афғонистон

Сурат манбаси, PA

Минскда Украина, Россия ва россияпараст бўлгинчилар иштирокида Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш мақсадини кўзлаган музокаралар мўлжалланган, Президент Пётр Порошенко ва Россия Президенти Владимир Путин оташкесим келишувига эришилишига умид билдирганлар.

Айни пайтда Ғарб давлатлари Минскдаги музокараларни диққат билан кузатмоқдалар, агар келишувга эришилмаса, Россияга нисбатан жазо чораларини янада қаттиқлаштиришга тайёр эканларини эълон қилганлар.

Уэльсдаги Ньюпорт шаҳрига НАТОга аъзо мамлакатларнинг раҳбарлари саммитга тўпланганлар, саммитнинг биринчи кунида шимолий иттифоқ Бош коти Андерс фоғ Расмуссен Россиядан Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчиларни қурол-яроғ билан дастаклашни тўхтатишни ва ўз қўшинларини Украина шарқидан олиб чиқиб кетишни талаб қилган.

Ғарб Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳамда ўз қўшинларини юборгани учун қораламоқда.

Кремль бу айбловларни рад этиб келаяпти.

Беш ойлик можаро оқибатида Украинада ҳалок бўлган инсонлар сони 2600 дан ортган.

Дастлаб 2014 йил охиридаги НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш масалаларини муҳокама этиш мақсадида мўлжалланган Уэльсдаги саммит кун тартибига Украинадан ташқари Ироқ ва Суриядаги “Исломий Давлат” юзага келтирган таҳдид ҳам киритилган.