ИШИД раҳбари Ал-Бағдодий илк бора кўриниш берди

Ўқилиш вақти: 1 дақ

"Ислом ва Шом давлати" ҳаракати раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Мосул шаҳридан туриб, видеомурожаат эълон қилган.

Видеоёзув Ал-Бағдодийнинг Ироқ армиясининг ҳаво ҳужуми натижасида жиддий яралангани ва ҳатто ўлгани ҳақидаги миш-мишлардан бир кун ўтиб пайдо бўлган.

Бироқ ҳужум айнан қачон ўтказилгани маълум эмас.

Ироқ расмийси видеода айнан Бағдодий намоён бўлганини тасдиқлаган Би-би-сига.

Илгари Бағдодий суратлар орқали таниш бўлса ҳам, унинг видеоси биринчи бор чиқарилмоқда.

Қора кийимдаги соққолли киши Нур ад-Дин масжиди олдида оммага мурожаат этади.

Видеолавҳа жума куни олингани тахмин қилинмоқда.

Ўтган якшанба куни ИШИД Сурия ва Ироқда ўзи эгаллаган ҳудудларда халифалик барпо этилгани ва унинг раҳбари этиб Ал-Бағдодий - "Халифа Иброҳим" сайланганини билдирди.

Бағдодий ўз чиқишида халифалик тузилганини олқишлаган, "Мен сиздан фарқ қилмасамда, сизнинг раҳбарингизман, шундай экан, мени ҳақ эканимни кўрсангиз, мени қувватланг, агар менинг хато қилаётганимни кўрсангиз, менга маслаҳат беринг", дейди у намозхонларга.

У шунингдек, раҳбар тайинлаш мусулмонларнинг вазифаси бўлсада, бунга ўн йиллар давомида аҳамият берилмаганини таъкидлаган.

ИШИД ишғоллари орқасидан ҳукумат кучлари таркибида шиа кўнгилли аскарлари кўпайган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, ИШИД ишғоллари орқасидан ҳукумат кучлари таркибида шиа кўнгилли аскарлари кўпайган.

Халифалик нима?

Ягона сиёсий ва диний етакчи, Халифа бошчилигидаги Ислом давлати.

Халифалар бутун мусулмонлар раҳбари Пайғамбар Муҳаммад (с.а.с)нинг давомчилари саналади.

Халифалик илк бор Муҳаммад Пайғамбар ўлимидан сўнг 632 йил пайдо бўлган.

Халифаликлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ҳукмронлик қилган.

Сурат манбаси, non

Ироқ Бош вазири Нури Маликий хавфсизлик хизмати раҳбарларидан икки нафарини вазифасидан бўшатган.

ИШИД Ироқ шимолидаги Ниневия вилоятида шиаларнинг ўндан ортиқ муқаддас биноларини яксон қилган.

Айни дамда июн ойидаги можаролар бошланганидан бери миллиондан ортиқ инсон уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, камида 2460 киши ўлдирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02