Ироқ инқирози:Тикритдаги исёнкорларга қарши ҳаво ҳужуми

Сурат манбаси, AP
Ироқ ҳарбийларига кўра, шимолий Ироқдаги Тикрит шаҳридаги исёнкор жангариларнинг манзиллари ҳарбий вертолётлар томонидан ҳужумга тутилган.
Айни пайтда ИШИД бошчилигидаги жангарилар Тикритни қайта қўлга олиш учун йирик ҳужум уюштиргани борасида хабарлар келмоқда.
Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи шимолий ва ғарбий ҳудудларнинг аксарият қисмини ўз назорати остига олган.
Сал аввалроқ Америка ўзининг Ироқдаги ҳарбийлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун мамлакат узра дрон парвозларини йўлга қўйганини тасдиқлаган эди.
Ироқнинг энг қудратли шиа олими эса мамлакат Бош вазири Сешанба кунига қадар тайинланиши керак деб баёнот берди.
Мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф этиш ҳаракатида бўлган Оятуллоҳ Систонийга кўра, сешанба куни парламент йиғинига қадар барча муҳим лавозимлар бўйича қарор берилиши керак.
Жорий Бош вазир Нури ал Маликий учинчи муддат ҳам лавозимда қолишни истамоқда.
Аксарият уни Ироқдаги сўнгги муаммоларнинг сабабчиси ўлароқ кўради.
"Қочиб қол ё ўласан"

Сўнгги ҳаво ҳужумлари Тикритда сунний жангарилар эгаллаб олган университетни нишонга олган.
Тикрит марҳум Саддам Ҳусайн таваллуд топган шаҳар бўлиб, аксарият аҳолиси сунний мазҳабидадир.
Ўтган ҳафталар бу шаҳар ИШИД назорати остига ўтган эди.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, минглаб қўшинлар танклар ва ҳаво кучлари ёрдамида қўшни Самаррадан Тикрит томон йўлга чиққан.
Ҳарбийлардан бири Франс-Пресс ахборот агентлигига ИШИД жангарилари ё қочишлари керак ва ё биз уларни ўлдирамиз, деб айтган.
Айни пайтда Save the Children ( Болаларни асранг) хайрия ташкилотига кўра, минглаб оилалар Ниневеҳ вилоятини ташлаб чиқишмоқда.
Хайрия ташкилотига кўра, бир неча насронийлар яшайдиган қишлоқларга ҳужум уюштирилган.
Одамлар ўз уйларини ҳеч нарса олмасдан ташлаб қочаётгани ҳақида хабарлар бор.
Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












