НАТО Россия билан ҳамкорликларини тўхтатаяпти

Сурат манбаси, AP

НАТО ташқи ишлар вазирлари Россия билан барча ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган ҳамкорликларини тўхтатишга келишганлар.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссенга кўра, Украинанинг Қрим минтақаси Россия тарафидан қўшиб олиниши Оврўпо хавфсизлиги учун узоқ муддатли таҳдиддир.

Унинг қўшимча қилишича, энди "одатдагидек бизнес" бўлмайди.

Олдинроқ, Расмуссен жаноблари Россия ўз қўшинларини Украина билан чегарасидан узоққа олиб кетаётгани борасидаги хабарларни қатъиян рад этганди.

Ишонилишича, Москва яқин бир неча кун ичида Украина шарқий чегарасига ўн минглаб ҳарбий кучларини жойлаштираётган. Бу эса, Киев ва Ғарбда хавотир уйғотган.

НАТОнинг 28 аъзо давлатлари ташқи ишлар вазирлари Бюсселда Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан бери илк бор учрашишмоқда. Улар Россиянинг бу иши "ноқонуний" дея қораланган баёнот чиқаришган.

Улар қатор соҳаларда Россия билан ҳамкорликни тўхтатиш, бироқ НАТО-Россия Кенгаши ўртасидаги мулоқотни зарурат юзасидан давом эттиришга келишишган.

Айтилишича, "энг аввало ушбу инқироз юзасидан фикрлар алмашиш" имконини берадиган ушбу мулоқотлар элчиликлар даражасида бўлади.

"Биз НАТОнинг Россия билан муносабатларини июн ойида кечадиган келгуси йиғинимизда қайта кўриб чиқамиз", дейди НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

Шу билан бирга, НАТО Шарқий Оврўподаги аъзоларини тинчлантириш учун Болтиқбўйи давлатларида доимий ҳарбий базалар жойлаштириш дохил бошқа танловларни ҳам кўриб чиқишмоқда. Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари Совуқ Уруш даврида Совет Иттифоқи таркибида бўлган Эстония, Латвия ва Литвада хавотир уйғотган.

НАТО қирувчи учоқлари минтақада ҳаво ҳудудини қўриқлаш машқларида иштирок этади. Қатор НАТО давлатлари, жумладан, Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Франция қўшимча ҳарбий учоқлар таклиф қилишган.

АҚШда эса, Вакиллар палатаси Украинага ёрдамлар ва Россияга қарши муайян жазо чораларини қўллаб овоз берган. Энди қонун лойиҳаси имзоланиш учун Президент Барак Обамага жўнатилади.

'Тажовуз'

Россия билан алоқалар расман тўхтатилиши ҳақида эълон қиларкан, жаноб Расмуссен НАТОнинг айтмоқчи бўлгани аниқ эканини айтган. Яъни, ҳарбий блок ҳар қандай шароитда ўз иттифоқчилари, Украина ва яқин ўн йилликлар давомида тараққий топган халқаро қонун-қоидалар ёнида туриб беради. Расмуссен жаноблари Россияни "халқаро қонун ва Украина чегараларини" ҳурмат қилишга ундаган.

Шу билан бирга у НАТО Украинага иттифоқ ҳарбий машқларида иштирок этиши учун кўпроқ имконият бериши ва ҳарбийлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтган.

НАТО расмийларидан бири Би-би-сига тасдиқлашича, Афғонистонда гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича Россия билан ҳамкорлик ҳозирги йиғиндан кейин қайта йўлга қўйилмайди.

Унинг айтишича, НАТОда Россия масаласи очиқ қолади, лекин Украина муаммоси ҳар қандай музокаралар бош мавзуси бўлади.

Брюсселдаги йиғинда Украина вазирлари ҳам иштирок этишган. Икки томон учрашувидан сўнг, қўшма баёнот эълон қилинган. Унда Украина билан ҳамкорликни кучайтириш, тайёрлов машғулотлари ва бошқа дастурлар орқали мудофаа тизимида ислоҳотларга ёрдам берилиши айтилади.

Аввалроқ, жаноб Расмуссен Украина ҳукумати ва ҳарбийлиги томонидан "намунали равишда босиқлик" кўрсатилганини олқишлаган.

Москвада эса, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевни НАТОга қўшилишга оид ҳар қандай уринишга қарши огоҳлантирган. Вазирликка кўра, ўтмишда бу каби ҳатти-ҳаракатлар "Россия-Украина сиёсий алоқалари фалажланиши"га, НАТО-Россия муносабатларида "бошоғриқ" ҳамда ... Украина жамиятидаги бўлинишлар чуқурлашишига етаклаган.

Душанба куни Россия Президенти Олмония канцлери Ангела Меркелга Украина билан шарқий чегарасидан қўшинларни қисман олиб чиқишга буйруқ бергани ҳақида айтган.

Бироқ, жаноб Расмуссен мухбирларга: "Афсуски, мен Россия ўз қўшинларини олиб чиқаётганини тасдиқлай олмайман. Биз биз гувоҳ бўлаётган ҳолат эмас", деб айтган.