Лондон маҳкамаси Ассанжни Швецияга экстрадиция қилиш қарорини олди

Жулиан Ассанж

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Жулиан Ассанж АҚШ дипломатлари ўртасидаги махфий ёзишмаларни ошкор этгани билан ном чиқарган

Лондон маҳкамаси Wikileaks веб саҳифасининг асосчиси Жулиан Асанжни Швецияга экстрадиция қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Wikileaks асосчиси Швецияда жинсий тегажоқлик ва жинсий зўравонлик айбловларига юз тутмоқда.

Ҳакам Швеция прокуратурасида АҚШ дипломатлари ўртасидаги махфий ёзишмаларни ошкор этиб келган Жулиан Ассанж экстрадицияси учун етарли асос борлигига ишонишини айтди.

У шунингдек Швеция адлия тизимига ҳам ишонишини айтди.

40 ёшли Жулиан Асанжнинг ҳимоячилари унга қарши айбловлар "сиёсий экани" ва алалоқибат уни АҚШга юборишлари мумкинлигини айтдилар.

Аммо ҳакам Швеция расмийлари Ассанжни Британия билан маслаҳатлашмай Америкага юбора олмасликларини билдирди.

Ҳакам ошкор бўлган полиция маълумотлари асосида Ассанж Швеция бош вазири ишга аралашганидан ҳам хабардор эканини айтди.

Лекин бу ҳолатнинг келгуси маҳкама жараёнига таъсири бўлмасли ва жаноб Ассанж адолатли маҳкамага юз тутишига ишонишини билдирди.

Жаноб Ассанж ҳимоячилари унинг Швецияга экстрадиция этилишига қарши шикоят аризасини киритишларини маълум қилдилар.