Қудрат, нефт ва 450 млн долларли картина – инсайдерлар Саудия валиаҳд шаҳзодаси ҳақида нима дейди?

mbs
    • Author, Жонатан Рагман
    • Role, Ёзувчи
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

2015 йил январида Саудия Арабистонининг 90 ёшли қироли Абдуллоҳ касалхонада ўлимини кутарди. Унинг укаси Салмон қирол бўлишга, Салмоннинг севимли ўғли Муҳаммад бин Салмон (МБС) эса ҳокимиятни амалда эгаллашга тайёр эди.

Ўша пайтда эндигина 29 ёшда бўлган МБС номи билан машҳур бўлган шаҳзоданинг ўз қироллиги учун катта режалари бор эди, бу унинг тарихидаги энг катта режалари эди; лекин у Саудия қироллик оиласидаги фитначилар охир-оқибат унга қарши чиқишидан қўрқарди.

Шундай қилиб, ўша ой ярим тунда садоқатини қозониш илинжида юқори мартабали хавфсизлик ходимини саройга чақирди.

Саад ал-Жабрийга уяли телефонини ташқаридаги стол устида қолдириш буюрилган. МБС ҳам худди шундай қилди. Энди икковлон ёлғиз қолишди. Ёш шаҳзода сарой айғоқчиларидан шунчалик қўрқардики, девордаги розеткани чиқариб, ягона стационар телефонини ўчириб қўйди.

Жабрийнинг айтишича, МБС ўшанда ўз қироллигини қандай қилиб чуқур уйқудан уйғотиб, жаҳон саҳнасида муносиб ўрин эгаллашига имкон яратиши ҳақида гапирган.

Дунёнинг энг даромадли компанияси бўлган давлат нефть ишлаб чиқарувчиси Aramco улушини сотиш орқали у ўз иқтисодиётини нефтга қарамликдан халос қила бошлайди.

У Кремний водийсидаги технологик стартапларга, жумладан Uber такси компаниясига миллиардлаб сармоя киритади.

Кейин саудиялик аёлларга ишлаш имкониятини кенгайтириб, олти миллион янги иш ўрни яратади.

Жабрий ҳайрон бўлиб, шаҳзодага амбицияси жуда катталигини айтади. "Искандар Зулқарнайн ҳақида эшитганмисиз?" деб оддий жавоб беради шаҳзода.

Шу пайт МБС суҳбатни тугатди. Ярим соат давом этиши керак бўлган ярим тунги учрашув уч соат давом этди. Жабрий узоқ вақт ғойиб бўлганидан хавотирланган ҳукуматдаги ҳамкасбларидан мобил телефонига бўлган қўнғироқларга кейин жавоб бериш учун хонани тарк этди.

Ўтган йил давомида бизнинг суратга олиш гуруҳимиз МБСнинг саудиялик дўст ва душманлари, шунингдек, юқори мартабали Ғарб жосуслари ва дипломатлари билан мулоқот қилди.

Саудия ҳукуматига Би-би-си фильмларида ва ушбу мақолада айтилган баёнотларга жавоб бериш имконияти берилди. Аммо улар жавоб беришни исташмади.

Саад ал-Жабрий Саудия хавфсизлик аппаратида шу қадар юқори мартабали бўлганки, у Марказий разведка бошқармаси ва MI6 раҳбарлари билан дўст эди.

Жабрий Саудия ҳукумати томонидан обрўсизланган собиқ амалдор сифатида таърифланган бўлса-да, у валиаҳд шаҳзода Саудия Арабистонини қандай бошқараётгани ҳақида гапирадиган энг яхши маълумотга эга Саудия диссидентидир.

Унинг бизга берган ноёб интервьюси ўзининг тафсилотлари билан ҳайратланарли.

Шаҳзодани шахсан таниган кўпчилик билан суҳбатлашиб биз МБСни машъум воқеаларга, жумладан, 2018 йилда саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ва Ямандаги ҳалокатли уруш билан алоқасига алоқаларига янги ойдинлик киритдик.

Отаси тобора заифлашиб бораётган МБС, 38 ёшда, ҳозир Ислом вужудга келган жойнинг амалдаги раҳбари ва дунёдаги энг йирик нефть экспортчисидир.

У Саад ал-Жабрийга айтган кўплаб инновацион режаларини амалга оширишни бошлади - шу билан бирга у инсон ҳуқуқларини бузиш, жумладан, сўз эркинлигини бостириш, ўлим жазосини кенг қўллаш ва аёллар ҳуқуқлари фаолларини қамоққа олишда айбланмоқда.

Ноқулай бошланиш

mbs

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Валиаҳд шаҳзода ёмон хулқ-атвор одатда оқибатсиз қоладиган саройда ўсган; бу унинг оқибатини ўйламай қарор қабул қилиш одатини тушунишга ёрдам беради.

Саудия Арабистонининг биринчи қироли камида 42 ўғилнинг отаси бўлган, жумладан, МБСнинг отаси Салмон улардан бири. Тож анъанага кўра бу ўғиллар ўртасида ўтади.

2011 ва 2012 йилларда улардан иккитаси тўсатдан вафот этганида, Салмон ворисликка кўтарилди.

Ғарб жосуслик агентликлари Саудияда кремлшуносликнинг эквивалентини - кейинги қирол ким бўлишини ўргана бошлади. Ушбу босқичда МБС шунчалик ёш ва номаълум эдики, у ҳатто уларнинг радарида ҳам эмас эди.

2014 йилгача MI6 раҳбари сэр Жон Сойерс: "У нисбатан қоронғуликда ўсган. У ҳокимиятга келиш учун мўлжалланмаган эди", дейди.

Валиаҳд шаҳзода ёмон хулқ-атвор одатда оқибатсиз қоладиган саройда ўсган; бу унинг оқибатини ўйламай қарор қабул қилиш одатини тушунишга ёрдам беради.

МБС биринчи марта ўсмирлик чоғида Ар-Риёдда шон-шуҳратга эришган. У мулкий низода унинг қарорини бекор қилган судьяга ўқ юборганидан кейин "Абу Расаса" ёки "Ўқ отаси" лақабини олган эди.

"У шафқатсиз эди, - деб таъкидлайди сэр Жон Сойерс. - У қарши чиқишларини ёқтирмайди. Аммо бу шуни англатадики, у бошқа ҳеч бир Саудия етакчиси қила олмаган ўзгаришларни амалга оширмоқда".

MI6 собиқ раҳбари айтишича, исломий жиҳодчилик учун асос бўлиб қолган хориждаги масжидлар ва диний мактабларни Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилишини тўхтатиш - Ғарб хавфсизлиги учун катта манфаатли бўлган.

МБСнинг онаси Фаҳда бадавий бўлиб, отасининг тўрт хотини орасида энг севимлиси ҳисобланади. Ғарб дипломатлари қирол кўп йиллар давомида аста ривожланувчи қон томир деменциясидан азоб чекканига ишонишади; МБС қирол ёрдам сўраб мурожаат қилган ўғли эди.

Бир қанча дипломатлар МБС ва унинг отаси билан бўлган учрашувлари ҳақида бизга сўзлаб беришди. Шаҳзода отасига кейин нима дейишини эслатиш учун планшет орқали ёзар эди.

Афтидан, шаҳзода отаси тезроқ қирол бўлишига шунчалик сабрсиз бўлганки, 2014 йилда у ўша пайтдаги қирол Абдуллоҳни Россиядан олиб келинган заҳарли узук билан ўлдиришни таклиф қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

"У мақтаняптими ёки йўқ, аниқ билмайман, лекин биз буни жиддий қабул қилдик", дейди Жабрий. Собиқ юқори мартабали хавфсизлик ходими айтишича, у МБС бу ғоя ҳақида гапираётгани яширинча ёзиб олинган кузатув видеосини кўрган. "Унинг саройга кириши, қирол билан қўл бериб кўришиши анча муддатга тақиқланган эди".

Қирол охир-оқибат табиий сабабларга кўра вафот этди, бу унинг укаси Салмонга 2015 йилда тахтни эгаллашига имкон берди. МБС Мудофаа вазири этиб тайинланди ва уруш бошлаш учун вақтни чўзиб ўтирмади.

Ямандаги уруш

Икки ой ўтгач, шаҳзода Яманнинг ғарбий қисмининг катта қисмини эгаллаб олган ва Саудия Арабистонининг минтақавий рақиби Эрон қўллаётган ҳусийлар ҳаракатига қарши урушда Форс кўрфази мамлакатлари коалициясини бошқарди. Бу гуманитар фалокатни келтириб чиқарди, миллионлаб одамлар очарчилик ёқасида қолди.

"Бу жуда ақлли қарор эмас эди", дейди уруш бошланишидан олдин Британия элчиси бўлган сэр Жон Женкинс. "Американинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони менга уруш бошланишидан атиги 12 соат олдин хабар берилди, деб айтганди."

Ҳарбий кампания унчалик таниқли бўлмаган шаҳзодани Саудия Арабистонида миллий қаҳрамонга айлантиришга ёрдам берди. Бироқ, буни ҳатто унинг дўстлари ҳам бир нечта жиддий хатолардан биринчиси деб ҳисоблади.

Унинг хулқ-атвори намоён бўла бошлади: Саудия Арабистонининг анъанавий, секин ва коллегиал қарорлар қабул қилиш тизимини рад этди, олдиндан айтиб бўлмайдиган ёки импульсив ҳаракат қилишни афзал кўришга мойил; АҚШга итоат қилишга ёки қолоқ мижоз давлат раҳбари сифатида муомала қилишларига рози бўлмади.

Жабрий янада жиддийроғини айтади, МБС отасининг қуруқликдаги кучларни жорий этиш ҳақидаги фармонида қирол имзосини сохталаштиришда айблайди.

Жабрийнинг айтишича, у Ямандаги уруш бошланишидан олдин Оқ уйда уни муҳокама қилган; Президент Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс уни АҚШ фақат ҳаво кампаниясини қўллаб-қувватлаши ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ, Жабрийнинг таъкидлашича, МБС Яманда олдинга силжишга шунчалик қатъий қарор қилганки, у америкаликларга эътибор ҳам бермаган.

"Биз қиролнинг қуруқлик орқали ҳужумга рухсат берувчи фармони борлигидан ҳайратда қолдик, - дейди Жабрий. - У отасининг имзосини сохталаштирган. Қиролнинг ақлий қобилияти ёмонлашиб борарди".

Жабрийнинг айтишича, унинг даъвоси манбаси "ишончли" ва у штаб бошлиғи бўлган Ички ишлар вазирлиги билан боғланади.

Жабрийнинг айтишича, Риёддаги Марказий разведка бошқармаси бошлиғи унга МБС америкаликларни менсимаганидан қанчалик ғазабланганини айтиб, Яманга бостириб кириш ҳеч қачон содир бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган экан.

Собиқ MI6 бошлиғи сэр Жон Сойерснинг айтишича, у МБС ҳужжатларни қалбакилаштирганми ёки йўқлигини билмаса ҳам, "бу МБСнинг Яманга ҳарбий аралашув қарори бўлгани аниқ. Бу отасининг қарори эмас эди, гарчи отаси бунга рози бўлган бўлса ҳам".

МБС бошиданоқ ўзини тизимга бегонадек, айтгани айтган, кўп нарсани кўрсатиб қўйишни истаган йигит бўлганини аниқладик.

Президент Доналд Трампнинг Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган Кирстен Фонтенроус айтишича, у шаҳзоданинг Марказий разведка бошқармаси тайёрлаган психологик профилини ўқиганида, бир муҳим жиҳат эътибордан четда қолдирилганини аниқлаган.

"Унга ўхшаган прототиплар йўқ эди, - дейди у. - У чексиз ресурсларга эга эди. Унга ҳеч қачон йўқ дейишмаган. У, очиғини айтганда, ҳукуматдаги кексайиб қолган авлоднинг биринчи ёш етакчисидир".

Ўз қоидаларини яратиш

iso

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2017 йилда бир Саудия шаҳзодаси, гўё МБС номидан иш олиб бориб, "Салватор Мунди" картинаси учун 450 миллион доллар сарфлади, бу дунёдаги энг қиммат санъат асари бўлиб қолмоқда.

МБСнинг 2017 йилда машҳур картинани сотиб олгани бизга унинг фикрлаш тарзи ва у бошқарадиган диний консерватив жамиятдан қўрқмасдан таваккал қилишга тайёрлиги ҳақида кўп нарсаларни кўрсатади. Энг аввало, куч намойишида Ғарбдан устун туриш қатъиятини.

2017 йилда бир Саудия шаҳзодаси, гўё МБС номидан иш олиб бориб, "Салватор Мунди" картинаси учун 450 миллион доллар сарфлади, бу дунёдаги энг қиммат санъат асари бўлиб қолмоқда.

Леонардо да Винчи томонидан чизилган деб ҳисобланган портретда Исо Масиҳ осмон ва ернинг ҳукмдори, дунёнинг қутқарувчиси сифатида тасвирланган. Ким ошди савдосидан қарийб етти йил ўтгач, у изсиз ғойиб бўлди.

Валиаҳд шаҳзода билан мунтазам мулоқот қилиб турадиган ва Принстон университетининг Яқин Шарқ бўйича профессори Бернард Хейкелнинг айтишича, картина яхтада ёки шаҳзода саройида осилгани ҳақидаги миш-мишларга қарамай, у аслида Женевада сақланмоқда ва МБС уни Саудия пойтахтида қурилиши режаланган музейга келтириш ниятида.

"Мен Ар-Риёдда жуда катта музей қурмоқчиман, - дея МБСдан иқтибос келтиради Ҳейкел. - Менга "Мона Лиза" сингари одамларни жалб қиладиган лангар керак."

Худди шундай, унинг спорт бўйича режалари ҳам ўта амбицияли ва статус-квога қарши чиқишдан қўрқмайдиган одамни акс эттиради.

Саудия Арабистони спортга ҳаддан ташқари кўп сарфламоқда, 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқчи, теннис ва гольф мусобақаларига миллионлаб сармоя киритган.

Аммо биз Ғарб у ҳақида нима деб ўйлашига аҳамият бермайдиган раҳбарни кўряпмиз. У ўзини ва Саудия Арабистонини буюк қилиш учун хоҳлаганини қилади.

"МБС етакчи сифатида ўз кучини мустаҳкамлашдан манфаатдор", дейди у билан учрашган MI6нинг собиқ раҳбари сэр Жон Сойерс. "Буни амалга оширишнинг ягона йўли - мамлакати қудратини мустаҳкамлаш. Шу уни ҳаракатга келтиради".

Жабрийнинг Саудия расмийси сифатидаги 40 йиллик фаолияти МБСнинг ҳокимиятни мустаҳкамлаш даврида якунига етди.

Собиқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Найифнинг штаб бошлиғи бўлган Жабрий чет эл разведкаси уни хавф остида бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргандан сўнг, қиролликдан чиқиб кетди. Аммо Жабрийнинг айтишича, МБС унга кутилмаганда хабар юбориб, эски иш жойига қайтишни таклиф қилган.

"Бу хўрак эди ва мен хўракка алданмадим", дейди Жабрий, агар қайтса, қийноққа солиниши, қамоққа ташланиши ёки ўлдирилишига ишониб. Бироқ унинг ўсмир фарзандлари Умар ва Сара пул ювиш ва қочишга уриниш айби билан ҳибсга олинган ва кейинчалик қамалган - улар бу айбловларни рад этишади. БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи уларни озод қилишга чақирди.

"У мени ўлдиришни режалаштирган, - дейди Жабрий. - У менинг ўлигимни кўрмагунча тинчланмайди, мен бунга шубҳа қилмайман."

Саудия Арабистони расмийлари Жабрийни Канададан экстрадиция қилиш тўғрисида Интерполга хабарномалар берди, бироқ муваффақиятга эриша олмади.

Уларнинг даъво қилишича, у Ички ишлар вазирлигида ишлаган вақтида миллиардлаб долларга алоқадор коррупция учун қидирувга берилган.

Бироқ у генерал-майор даражасига кўтарилган ва Марказий разведка бошқармаси ва MI6 томонидан "Ал-Қоида" террорчилик ҳужумлари олдини олишдаги ёрдамлари учун олқишланган.

Қошиқчи ўлдирилиши

qoshiqchi

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида МБСнинг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида рад этиш жуда қийин гумонлар пайдо бўлди.

2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида МБСнинг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида рад этиш жуда қийин гумонлар пайдо бўлди.

15 кишидан иборат гуруҳ дипломатик паспортлар билан сафат қилган ва улар таркибида МБСнинг бир неча шахсий қўриқчилари ҳам бор эди. Қошиқчининг жасади ҳеч қачон топилмаган ва у бўлакларга ажратилиб, консулликдан олиб чиқиб кетилган деб ишонилади.

Профессор Ҳейкел қотилликдан кўп ўтмай МБС билан WhatsApp'да ёзишган. "Мен сўрадим: Бу қандай содир бўлиши мумкин? - деб эслайди Хейкел. - Менимча, у чуқур шокда эди. У бу ҳодисага муносабат бунчалик чуқур бўлишини тушунмаётган эди".

Тез орада америкалик фахрий дипломат Деннис Росс МБС билан учрашди. "У буни қилмаганини ва бу жуда катта хато эканлигини айтди, - дейди Росс. - Албатта, мен унга ишонишни хоҳлардим, чунки у [бундай] нарсага рухсат беришига ишонмасдим."

МБС доим қотилликдан хабари бўлгани ҳақидаги даъвони рад этган, аммо бу иш у бошқараётган консулликда бўлгани учун 2019 йилда у "масъулиятни" ўз зиммасига олганини айтган эди. АҚШ разведкасининг 2021 йил февралида эълон қилинган махфий ҳисоботида унинг Қошиқчининг ўлдирилишида шерик бўлганлиги даъво қилинган.

Мен МБСни шахсан биладиганлардан у хатоларидан сабоқ олдими ёки Қошиқчи ишидан осон қутулиб қолиб, янада жасоратланадими, деб сўрадим.

"У сабоқларини оғир йўл билан ўрганди", дейди профессор Ҳейкел, МБС бу иш унга ва мамлакатига қарши калтак сифатида қўлланилаётганидан ғазабланган, аммо бу каби қотиллик бошқа такрорланмайди.

Сэр Жон Сойерс қотиллик бурилиш нуқтаси бўлганига қўшилади. "Менимча, у қандайдир сабоқ олди. Бироқ, шахсият ўзгаришсиз қолди."

Унинг отаси қирол Салмон ҳозир 88 ёшда. У вафот этгач, МБС Саудия Арабистонини кейинги 50 йил давомида бошқариши мумкин.

Бироқ яқинда у Саудия-Исроил муносабатларини нормаллаштиришга уринаётгани туфайли ўзига суиқасд қилишлари мумкинлигидан қўрқаётганини тан олди.

"Менимча, уни ўлдирмоқчи бўлганлар кўп, - дейди профессор Хайкел, - ва у буни билади".

Доимий ҳушёрлик МБС каби инсонни ҳимоя қилади. Буни Саад ал-Жабрий шаҳзода ҳокимият тепасига келишида у билан саройда гаплашишдан олдин девордан телефон розеткасини тортиб олганида кузатган.

МБС ўз мамлакатини ўзидан олдингилар ҳеч қачон журъат эта олмайдиган тарзда модернизация қилишга интилаётган одам.

Аммо у атрофидагилар хато қилишидан тўхтата олмайдиган даражада шавқатсиз автократлардан биринчиси эмас.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002