Ўзбекча бор товоғим, кел товоғим ҳам сайёрамизни асраш учун муҳимми?

Исо Мав

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳар йили янги йил ва Исо Мавлуди байрами кунларида ҳадя ва озиқ-овқатга роса кўп маблағ сарфланади
    • Author, Сэнди Онг
    • Role, BBC Future
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Байрамлар ва инсонлар бир-бирларига совғалар берадиган бошқа тадбирлар жуда кўп исрофгарчиликларга сабаб бўлади, лекин шу керакми бизга? BBC Future бутун дунё бўйлаб меъёрдан ортиқ истеъмол қилишни камайтирадиган анъанавий ҳадялашиш одатларига назар ташлайди.

1999 йил Исо Мавлуди байрами олдидан акам билан бош қотириб ўтирдик. Янги минг йиллик келмоқда, биз ота-онамиз учун одатий қўлда чизилган откриткалардан ташқари, алоҳида нимадир қилишни хоҳладик. Аммо ҳали ўсмир бўлганимиз учун на пулимиз ва на ўзимиз чиқиб бирор нарса олиб келишга имконимиз бор эди.

Таклифларни ўртага ташлаганимизда, ажойиб ғоя келди - девор тақвими.

Алоқадор мавзулар:

А3 форматдаги чизма қоғозига қалам билан келгуси саналарни ёздик, асосий саналарни алоҳида каттароқ қилиб чизиб, устига қўлимизга тушган қийқимларни ёпиштириб безадик. Ҳар бир ой учун алоҳида мавзу белгилаб, шунга қараб безадик. Оригами юлдузлари, қоғоз қисқичлари, тиш кавлагичлар ва поп топлар, эски кийимлардан матолар ва мен севган ойда - қуритилган ловия, арпа уруғи ва ерёнғоқ қобиғи бор эди.

Якуний маҳсулот жуда оғир ва фойдаланишга ноқулай эди, лекин бу ота-онам уни ҳақиқий дурдонадек қабул қилиб, дадамнинг столи устига осиб қўйишларига тўсқинлик қилмади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳозирда акам ва мен турли қитъаларда яшаймиз ва совға ясаш кунларимиз ўтиб кетди. Бизнинг оиламиз ҳар Мавлудда йиғилади, лекин ҳозир совғаларни сотиб оламиз. Дўкондан сотиб олиш қулай ва амалда ҳам ишлатса бўладиган совғаларнинг ҳар турини топиш мумкин, вақт ҳам тежалади.

Бироқ Мавлуд оммавий истеъмолчилик ва у билан боғлиқ исрофгарчиликлар даҳшатли тарзда намоён бўладиган вақтдир.

Совғалар учун бир йилда ўртача британиялик 388 фунт стерлинг (517 доллар) сарфлайди. Мавлуд байрами ўтгач, 23 миллионга яқин совға чиқиндихонага ташланади. Дам олиш мавсумида британияликлар хонадонлари, шунингдек, йилнинг бошқа вақтига қараганда 1.4 миллион тонна карбонат ангидрид (СО2) га тенг бўлган 30 фоиз кўпроқ ахлатни ташлайдилар. Истеъмолчилар тахминан 365 000 км совға ўрам қоғозини ташлаб юборади, бу Ойга етиб бориш учун кифоя қилади - ишлаб чиқарилган ҳар 1 кг қоғоз учун 3.5 кг СО2 ажралишини ҳисобга олсак, ташвишли статистика.

Қўшма Штатларда ҳам аҳвол шу: америкаликлар Шукрона куни ва Янги йил оралиғида 25 фоиз кўпроқ ёки 25 миллион тонна ахлат ташлайди.

Аммо йил давомидаги байрамлар Мавлуд учун ҳадялашишлар ва безаклар исрофгарчиликка олиб келмаслиги керак. Дунё бўйлаб, Норвегиядан Япониягача, болалар ва катталар экологик жиҳатдан зарарсиз совғалар тайёрлайдиган ва байрамнинг мазмунли рамзларини ясайдиган кўплаб бошқа анъаналар ҳам мавжуд.

Мен улардан бир нечтасини ўзим ясашга ҳаракат қилдим, ҳам исроф қилмаслик, ҳам болалик кунларимдаги қувончли совға хотираларини ёдга олишга ҳаракат қилдим. Бу машаққатли ва вақт талаб қиладиган иш, лекин айни пайтда қизиқарли эди. Мен занжабилли уй қурдим ва нолдан юлдуз шаклидаги чироқларни ясадим. Бу менга муҳим сабоқни ҳам эслатди: энг муҳими, яқинларингизга берадиган моддий нарсалар эмас, балки улар билан ўтказган вақтингиздир.

Масалан, болаларингиз билан печенье пиширишни олайлик. Нидерландиядаги Вагенинген университетининг истеъмолчилар билан алоқа ва барқарорлик кафедраси доценти Даниел Фишер: "Гап юқори сифатли қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳақида эмас. Аммо ўз қўлларингиз билан ўзгача ҳид ва таъмли нимадир тайёрлаш қувончини биргаликда ҳис этишдир."

Филиппинликлар Исо Мавлуди кунлари ўз деразаларига юлдуз шаклидаги чироқларни осадилар

Сурат манбаси, Estan Cabigas / Alamy

Сурат тагсўзи, Филиппинликлар Исо Мавлуди кунлари ўз деразаларига юлдуз шаклидаги чироқларни осадилар

Бу туйғу Марианне Ҳоупга жуда таниш. У Норвегиянинг Осло яқинидаги Жар шаҳрида ўсган. Ҳар йили декабр ойида онаси ва бувиси етти хил печенье пиширганда, имбир, долчин, чиннигуллар ва асалнинг маст қилувчи хушбўй иси уйни тутади.

"Ҳид ҳамма жойни босарди, - деб эслайди 49 ёшли фотограф. - Мен печеньени унча хушламасдим, лекин пиширишнинг ўзи қизиқарли ва қулай эди, ёрдамлашишни ёқтирардим."

"Мавлуд пишириқларини тайёрлаш Скандинавия анъанасидир", дейди у. Мисол учун, Норвегиянинг Берген шаҳрида ҳар йили дунёдаги энг катта занжабилли печенье пиширилади.

Ҳоуп 2002 йилда Нидерландияга кўчиб ўтиб, оила қурганида, у ўз эски уйини эслатади дея анъанани давом эттирди. У имбирли печеньелардан ташқари пепперкакеҳус (занжабилли печенье уйи) ҳам тайёрлайди.

Ҳар бир Адвент мавсуми бошланишида у хамирни тайёрлаб, пиширади, сўнгра бўлакларни эритилган шакар билан "ёпади". Кейин Ҳоупнинг учта фарзанди уни рангли конфет ва шоколадлар билан безашади. Уйда тайёрланган пишириқлардан тайёрланган совғалар нафақат мазали, балки экологик жиҳатдан ҳам фойдалидир, чунки улардан чиқинди чиқмайди.

Пепперкакеҳус 20 декабргача ошхонада савлат тўкиб туради. Ана шу куни унинг катта ўғли туғилган кунини нишонлайди ва барча болалар печенье уйни бўлаклаб, бўлакларни ейдилар (катталар эса шароб ичишади).

"Пепперкакеҳус тайёрлаш бир неча кунлик иш, лекин шунга арзийди", дея қўшимча қилади у. Мен унинг рецептини синаб кўриш орқали бу туйғуни тасдиқлашим мумкин. Имбирлик печенье хамирини тайёрлаш жуда осон эди (мазасини айтмайсизми), лекин мен қаеридадир хато қилдим чоғи, пиширгандан кейин кутилганидек қаттиқ чиқмади.

Уйни қуриш энг қийин қисм экан (бу ерда болаларга ота-оналарнинг ёрдами зарур бўлиши мумкин), чунки ўлчамларни тўғри олишингиз керак, шундагина қисмлар бир-бирига мос келади ва иссиқ шакар «елим» билан ишлаш ҳам анча нозик. Лекин дўстимнинг саккиз ёшли қизи уни безатиб, сўнг барча шакарни еб қўйганидан олган қувончи бебаҳо эди. Уйча қийшиқроқ чиқди, аммо уйда тайёрлангани кўриниб турар, унинг эшиклари М&Мдан ясалган ва деворлари тўлқинсимон қаторлар, зефирлар, сақич қуртлар ва шоколад бўлаклари билан қопланганди.

Кун охирлаб, Ҳоуп шундай дейди: "Гап занжабилли уйда эмас, Мавлудга биргаликда тайёргарлик кўришда".

Каталонияда Кага Тио Рождество байрамидаги асосий совғалардан бири

Сурат манбаси, Miquel Benitez/Getty Images

Сурат тагсўзи, Каталонияда Кага Тио Рождество байрамидаги асосий совғалардан бири

Каталониядаги (Испания) Сан-Хорди-де-Серксдан авиаҳалокатларни суриштирувчи Меритхелл Кодина кўпига рози бўлолмасди. Унинг туғилган шаҳрида Мавлуд мавсумидаги асосий диққатга сазовор нарса - Кага Тио - кулган юзли, таёқ оёқли ва қизил қалпоқли ичи бўш тўнка. "АҚШ ёки Буюк Британияда Санта Клаус бор. Аммо бу ерда тио бор", дейди Кодина.

Оилалар уларни 8 декабрда, "Маъсум ҳомила" байрамида кўчага олиб чиқадилар. Болалар Мавлуд кунига қадар ёғочни туррон (каталон нугати), шоколад, қуритилган мевалар ва ҳоказолар билан "боқадилар" ва қўшиқ куйлаш вақтида уни таёқлар билан уриб, совғаларни қайтаришга "ундайдилар". Катталар келганда болалар тио учун ибодат қилгани бошқа хонага кириб кетишади.

Барселоналик тарихчи Дани Кортихонинг сўзларига кўра, бу одат христианликкача бўлган даврда одамлар қишда уй иситиш учун ўтин қидирган вақтларда пайдо бўлган. Анъана "янги мавсумнинг бошланишини, айниқса, совуқ тоғларда қаттиқ қишдан омон қолишга имкон берган табиатга ҳурмат кўрсатиш учун нишонланган".

34 ёшли Кодина ота-онаси дўстлари учун зиёфат уюштирган кунларни кўриб ўсган. Унинг отаси туғилган шаҳарлари яқинидаги тоғлардаги оилавий ўрмондан эман дарахтларини кесиб, улардан тионинг танаси ва оёқларини ясаган. Кейин онаси унинг юзларини бўяб, анъанавий Каталония барретина шляпасини тўнкага кийдириб қўярди.

Бу йил унинг оиласи ўз севимли машғулотини бизнесга айлантиришга қарор қилди, улар яқин атрофдаги тоғлардан бирининг номини Кага Тио де Карбонис деб номладилар ва ўз тўнкаларини "Instagram"да сотишди.

Кодина учун Кага Тио экологик жиҳатдан зарарсиз совға, чунки у маҳаллий ҳудуддан олинган органик материаллардан тайёрланган. Мавлуд тугагандан сўнг, баъзи оилалар тўнкани сақлаб қоладилар ва келгуси йилда ундан фойдаланадилар, бошқалари эса ёқиб юборишади.

Ёғоч, агар ёндирилмаса, энг экологик тоза материаллардан биридир, дейди Нидерландиядаги Амалий тадқиқотлар ташкилотининг барқарорлик бўйича мутахассиси Содиқ Шоҳмуҳаммадий. "Дарахт углеродни ўзига сингдиради ва ўсган сари уни ўзида сақлайди. Бу қайта тикланадиган, биологик парчаланадиган, қайта ишланадиган ва (кўпинча) бардошли материалдир."

Саккиз яшар Эммерлик юлдуз шаклидаги чироқни ясашни уддалайди

Сурат манбаси, Sandy Ong

Сурат тагсўзи, Саккиз яшар Эммерлик юлдуз шаклидаги чироқни ясашни уддалайди

39 ёшли Леона Валенсуэла Филиппин пойтахти Манилада улғайган. Ёшлигида Мавлуд совғаларини ясаш учун маҳаллий материалларни топиш ўйини бўларди. Филиппинликлар анъанавий тарзда Мавлуд байрамида ўз деразаларига юлдуз шаклидаги чироқларни осиб қўйишади, бу испан мустамлакачилик давридан қолган, улар Адвент фестивали пайтида ибодат қилувчиларни тонгги маросим учун черковга олиб боришда ишлатилган.

Улар Байтлаҳм юлдузини, умид, ишонч ва ёруғликнинг зулмат устидан ғалабасини англатади.

"Ҳар йили оилалар бамбук таёқ ва қоғоздан ўзларининг ранг-баранг юлдузларини ясайдилар ва болалар уларни мактабда ўрганади, - дейди Валензуэла. - Ҳар бир филиппинлик уни ясашни билади."

Яқинда ҳозир Сингапурда яшовчи Валенсуэла менга уларни ясашни ўргатди. Кўп вақт олса ҳам, унинг саккиз ёшли қизи Эммерлин буни жуда осон бажарди.

Биз елимлагич пистолет билан ёғочдан ясалган новдаларни бир-бирига ва юлдузларимизни яратиш учун уларга ёрқин креп қоғозини ёпиштирдик. Қоғозни 3D юлдузнинг турли сегментларига мослаштириш учун кесиш кўп вақтни олди, аммо бу вақт давомида ошхона столи атрофида суҳбатлашиш фойдали бўлди. Ижодкорлигимизни намоён қилиш учун роса имконият эди бу - юлдузларимизнинг ёғоч рамкалари бир бирига ўхшаш бўлса ҳам, безатилаётганда ҳар бири ўзгача бўлиб кетди.

"Уни ясашнинг энг яхши томони шундаки, сиз бутун ижодкорлигингизни ишга солишингиз керак", дейди Валенсуэла.

Унинг айтишича, мактабида энг ижодий юлдузлар бўйича танловлар ўтказилган ва болалар уларни конфет қоғозлари, шарбат қутилари ва ҳатто тухум пўстлоғи билан безаган. Бир куни Валенсуэла амакисидан ёрдам сўрайди ва улар биргаликда унинг фонарига ёпиштириш учун какос қобиғини қазиб олишди. Бу ижод учун унга учинчи ўрин насиб қилиб, 500 песо (10 АҚШ доллари) ютиб олди.

"Қоғоз ижодкорлик учун яхши восита", дейди Шоҳмуҳаммадий. Фақат пластик билан қопланмаган бўлса, бу қайта ишлашни қийинлаштириши мумкин.

Биологик парчаланадиган ва компостланадиган целофан юлдузни ясашда яхши материалдир, дейди у, лекин пластмассалар эмас. Уларнинг парчаланиши юзлаб йиллар давом этади ва қайта ишланиш даражаси паст. Мисол учун, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда пластмассанинг 40 фоиздан сал кўпроғи ҳозирда қайта ишланади.

Фишернинг сўзларига кўра, ялтироқ ҳам қочиш керак бўлган яна бир материалдир, чунки у "алюминий ва пластмасса аралашмаси бўлиб, кичик ўлчамлари туфайли микропластиклар тоифасига киради".

Микропластиклар инсон танасига озиқ-овқат орқали кириши мумкин ва ҳатто туғилмаган чақалоқларнинг йўлдошида ҳам топилган. Уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам ўрганилаётган бўлса-да, тажрибалар шуни кўрсатадики, микропластиклар овқат ҳазм қилиш йўлини тўсиб қўйиши ва потенциал зарарли кимёвий моддаларга дучор қилиш орқали денгиздаги ҳаётга зарар етказади.

Ялтироқ ўрнига Фишер қум, туз, рангли уруғлар ва бошқа табиий материаллардан фойдаланишни таклиф қилади.

Экологик тоза безаклар ва совғалар, албатта, фақат Мавлуд билан чекланмайди. Мисол учун, Ҳиндистонда ҳиндулар ҳар август ойида Ракша Бандҳанни нишонлайдилар. Ака-ука, опа-сингиллар ўртасидаги ришталарни нишонлашда қизлар акаларининг билакларига рахи - шойи ёки пахта билагузук боғлаб, уларнинг бахти ва соғлиғини тилаб дуо қилишади. Бунинг эвазига ака-ука ўз опа-сингилларини ҳимоя қилишга қасам ичади.

Рахиларни кўпинча уйда тайёрлаш ёки дўкондан арзонга сотиб олиш мумкин. Шоҳмуҳаммадийнинг айтишича, қўлбола рахи атроф-муҳитга камроқ таъсир қилади.

Қизлар

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Марказий Осиёда ҳам азалдан меҳмонга совға бериш одати бор ва айни анъана ҳамон давом этади.

Кучли совға анъаналарига эга бўлган яна бир Осиё байрами - Кодомо-но-ҳи - Японияда 5 майда нишонланадиган болалар кунидир. Йилнинг ана шу фаслида ҳақиқатдан ҳам об-ҳаво яхши, осмон эса мовий бўлади, дейди Киотода ўсган 46 ёшли уй бекаси Яёи Муто. "Қаранг, бу гўзал коинобори қандай қилиб ҳавода "сузаётганини" кўрасиз."

Коинобори, қоғоз ёки матодан ясалган катта шамол пайпоқлари бўлиб, уйлар олдига ёки кўчаларга илиб қўйилади. Байроқлар карп шаклида - оқимга қарши сузиш қобилияти туфайли куч ва жасорат рамзи бўлиб, болаларга ҳаётда муваффақият тилаш учун илиб қўйилади.

Умуман олганда, байрамларда одамлар атроф-муҳитга эътиборлироқ бўлади, дейди Фишер, айниқса, ёш авлод. "Биз энди экология керакми ёки иқлимни сақлаб қолишимиз керакми ёки йўқми деб баҳслашадиган босқичда эмасмиз, балки "қандай қилиб" деган босқичдамиз.

Байрамларни янада соғлом ўтказиш учун Шоҳмуҳаммадий моддий совғаларни муқобил совғалар билан алмаштиришни таклиф қилади, масалан, яқин кишига кайфият совға қилиш ёки дунёнинг бирор жойидаги ўрмонни қайта тиклаш майдонида унинг шарафига дарахт экиш.

Японияда 5 май - Болалар кунида коиноборилар осилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Японияда 5 май - Болалар кунида коиноборилар осилади

Лекин бу тафаккур тарзини ўзгартиришни талаб қилади, дейди у. Агар совғаларни ҳали ҳам афзал билсангиз, ишлатилган, қайта ишланган нарсаларни сотиб олишни ўйлаб кўринг ёки ўзингиз тайёрланг. Ким билади дейсиз, эҳтимол сиз қимматбаҳо оилавий меросни келгуси авлодга топширишингиз мумкин.

Асосийси, совға ҳақиқатан ҳам ишлатилишига ва узоқ вақт хизмат қилишига ишонч ҳосил қилишдир. "Маҳсулотлар бутун таъминот занжиридан ўтади - ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ташиш, - дейди Шоҳмуҳаммадий. - Улар ёқиб юборилиши, кўмилиши ёки ташлаб юборилишига бир кун кетади холос, бу даҳшатли."

Агар мақсад умр бўйи, ҳам экологик, ҳам сентиментал совғалар бериш бўлса, мен 13 ёшли бола ўзлигим билан фахрланишим мумкин. Онам ҳали ҳам девор тақвимини сақлаб қўйган, у юмшоқ мато билан яхшилаб ўралган ва сақлаш учун тортманинг пастки қисмига жойлаштирилган. Бир куни уни кўриш учун олдик, бир нечта ловия донлари тушиб кетганини ҳисобга олмаганда, жуда яхши сақланган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002