АҚШ: Боланинг жинсий ўзлиги ҳақидаги қонун Илон Маскнинг "сабрини тўлдирди"

Илон Маск

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Натали Шерман
    • Role, Би-би-си

Миллиардер Илон Маск ўзининг икки нуфузли ширкати - SpaceX ракета компанияси ва X ижтимоий тармоқларининг бош қароргоҳини Калифорниядан Техасга кўчирмоқчи. У бунга мактабларда боланинг жинсий ўзлиги ҳақидаги қонунни сабаб қилиб келтирган.

АҚШда мактаб ўқувчиси ўзини бошқа жинсга оид деб билса, шахсини ифодалаш учун инглиз тилига хос бўлган "he/she" - "у" кишилик олмошларини "they" - "улар"га ўзгартириши мумкин.

Шу вақтгача Калифорнияда бола кишилик олмошини ўзгартирса ёки ўзини трансгендер, деб билса мактаб маъмурияти бу ҳақда ота-онасига хабар бериши керак эди.

Душанба куни Калифорния губернатори Гэвин Нюсом имзолаган қонун лойиҳаси мактабга қўйилган ушбу талабни бекор қилади.

Энди фарзанд кишилик олмошини ўзгартирмоқчи бўлса ёки ўзини трансгендер, деб билса бу ҳақда ота-оналарни огоҳлантиришни талаб қилувчи мактаб сиёсати тўхтатилмоқда.

Штатдаги бир неча мактаб округлари бу каби қоида жорий қилганидан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинган.

Калифорния губернатори матбуот котиби қонун "ота-оналарнинг муҳим ўрнини ҳимоя қилган ҳолда, болаларни хавфсизлигини" таъминлашинини айтди.

Бироқ Илон Маск ижтимоий тармоқда буни "сўнгги томчи" деди.

иқтибос

"Бу сўнгги томчи. Бу қонун ва ундан олдингилари оилалар ва ширкатларга ҳужум қилаётгани боис SpaceX ўзининг бош қароргоҳини Калифорниядан Техасга кўчиради", деди у.

Миллиардер 2021 йили Teslaнинг бош қароргоҳини Техасга кўчирганди. Маск ушбу штатнинг резиденти ҳисобланади ва бу ерда даромад солиғи йўқ.

Мактаблар ота-оналарга фарзандларининг жинсий ўзлиги ҳақида айтиши керак деган масала АҚШдаги баҳсларда бош мавзуга айланган.

LGBTQ ҳимоячилари ўқувчилар шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини айтишади, аммо бошқалар ота-оналар фарзандлари билан нима содир бўлаётганини билишга ҳақли, деб таъкидлайдилар.

"Бу сиёсатчилар ва мактаб ходимларининг оилавий масалаларга нотўғри аралашувига йўл қўймаслик ва оилаларнинг шахсий суҳбатлари қачон ва қандай ҳолатда бўлишига аралашишнинг олдини олади", дейди Брандон Ричардс Associated Pressга.

Қизи трансгендер бўлган Илон Маск олдинроқ "трансларни қўллаб қувватлашини" айтган, аммо уларнинг кишилик олмошларига нисбатан бетоқат бўлиб, уларни "эстетик даҳшат" деган.

Миллиардернинг қизи Вивиан Женна Уилсон 2022 йили отаси билан алоқаларни узган.

У ўз исми ва жинсини қонуний равишда ўзгартириш учун ариза бераётганда "биологик отам билан ҳеч қандай шаклда ёки кўринишда қариндош бўлишни" истамаслигини айтган.

Ўтган йили, Маск, трансгендерларга тиббий хизмат кўрсатишни жиноят деб ҳисоблаш учун лоббичилик қилишини айтди.

Калифорния губернатори Гэвин Нюсом ижтимоий тармоқларда Маскнинг қарорини танқид қилди.

Гэвин Х да Доналд Трампнинг 2022 йилги постини келтириб, "Сиз тиз чўкдингиз", деди. Унда Трамп "агар мен сўрасам, у тиз чўкиб ёлворарди", деб ёзганди.

Кўчирилган бош қароргоҳ

Америка штатлари азалдан юқори маошли корпоратив иш ўринларини яратадиган штаб-квартиралар ташкил қилиш учун компанияларни жалб қилиш борасида агрессив рақобатлашиб келади.

Маълумотларига кўра, Калифорнияда 5000 дан ортиқ одамни иш билан таъминлайдиган SpaceX Техасда ҳам катта базасига эга.

Жаноб Маскнинг ваъдасига жавобан, Техас губернатори Грег Эбботт: "Бу Техасни космик тадқиқотлар бўйича етакчига айлантиради", деди.

SpaceX ҳам, Х ҳам бош қароргоҳни кўчириш қарори Калифорнияда иш ўринларини қисқартиришга олиб келадими ёки йўқми деган саволларга жавоб бермади.

Маскнинг бу қарори Доналд Трампга шанба куни суиқасд уюштирилиши ва кейин президентликка расман номзод сифатида маъқуллаганидан кейин айтилди.

The Wall Street Journal нинг хабар беришича, Илон Маск Трампнинг сайловолди кампаниясига ҳар ой 45 миллион доллар йўналтиради.

Жаноб Маск Х да хабарнинг ёлғон эканлигини англатувчи мем билан жавоб берди, аммо кейинчалик у Трампнинг сайланишига ёрдам бериш учун миллионлаб доллар ваъда қилгани ҳақидаги постда жон борлигига ишора қилди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002