You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ошкора намоз ўқиманг, қўй сўйманг, ўз она тилингизда пичирламанг, рус тилини билинг ёки Марказий Осиёни Рус империяси оёққа қўйганми? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar
Россия яна нима қилмоқчи?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон Россияга қарши нима қила олади ёки Москванинг қўлида янги “фишка” пайдо бўлдими?
- Россия энди тўғридан-тўғри пўписа қилдими ёки Ўзбекистон, Марказий Осиё лидерлари нимани билишади?
- Путин барибир СССРни қайта тиклайдими - бунга Ўзбеклар нима дейди ёки Ўзбекистон, Марказий Осиёга нима бўлади?
- Россия: Хорижликларни чиқариб юбориш янаям осонлашади, Тожикистон фуқаролари Москвага киритилмаяпти, 1500 мигрант депорт қилинади
Нима гап?
Россияда Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар учун янги мослашув курслари ишлаб чиқилди.
Сўнгги янгилик ҳам Марказий Осиёда эътибор топди.
Шу кунларда етакчи минтақавий нашрларда сарлавҳаларга ҳам чиқди.
Марказий осиёлик мигрантлар учун мўлжалланган янги мослашув курси Россиянинг Миллатлар ишлари бўйича Федерал агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.
70 дақиқалик маърузадан иборат курснинг мазмун-моҳияти билан Россиянинг "Коммерсантъ" нашри танишишга муваффақ бўлган.
Хабар нашрнинг ўзида ҳам "Ҳуштак чалманг, бақирманг, қўй сўйманг" номли сарлавҳа остида чоп қилинган.
Унинг тафсилотларидан маълум бўлишича, 70 дақиқалик янги курс Марказий осиёлик мигрантларга Россия Федерациясининг миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳақида "ҳамма керакли нарса"ни ўргатади.
Янги курс давомида маърузачининг Марказий осиёлик мигрантларга, "қуролли кучларда шартнома бўйича хизмат қилиш орқали Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш" имкониятини эслатиб ўтиши ҳам кўзда тутилгани айтилади.
Булар қаторида янги курс мигрантларни Россия ва унинг муайян минтақаларида ўзларини қандай тутишлари лозимлиги тўғрисидаги тавсияларни ҳам ўз ичига олади.
Янги курсда уларга "ўз ватанларида эмасликлари" эмасликлари эслатилади.
Шу боис ҳам, ўзларини "Россияда қабул қилинганидек тутишлари" маслаҳат берилади.
"Россияликлар кўп миллатли халқ экани, лекин ҳамманинг рус тилида гаплашиши"ни айтаркан, муаллифлар томонидан мигрантларнинг рус тилини билишлари муҳимлиги ҳам таъкидланади.
Тавсияларда мигрантларга яқинлари эмаслиги боис, бошқаларга "ака" ёки "опа", деб мурожаат қилманг, дейилади.
"Ўткинчиларни ўз она тилларида муҳокама қилмасликлари ёки ўзгалар олдида ўз она тилларида пичирламасликлари" ҳам уқтирилади.
Уларга Россияда экан, қарама-қарши жинс вакилаларига қандай муносабатда бўлишлари ҳам ўргатилади.
Россиядаги аёлларнинг ёрқин ва очиқ кийиниши уларнинг танишиш ниятида эканликларига далолат қилмаслиги тушунтирилиб, "нотаниш хотин-қизларга тегинишлари, уларни чимчилашлари, қучоқлашлари, қўллар ёки кийимларини ушлашлари" ножоиз экани айтилади.
Акс ҳолда бундай хатти-ҳаракатлар "тегажоқлик", деб баҳоланиши билан огоҳлантирилади.
Ўзингизга ёқиб қолган аёл ёки эркакнинг эътиборини жалб қилиш учун "овоз чиқарманг, бақирманг ва ҳуштак чалманг", ҳам дейилади.
Уларга қўл кўтаришлари ҳам мумкин эмаслиги айтилади.
Маърузада Марказий осиёлик мигрантларга яна "Россия - дунёвий давлат" эканлигини ёддан чиқармасликлари ҳам тайинланади.
"Россияда бирор бир динга мансубликни ошкора кўрсатиш, яъни кўчада, жамоат жойларида намоз ўқиш, тоат-ибодат қилиш, шунингдек, қурбонлик келтиришнинг ножоиз" экани айтилади.
Ислом дини Россияда иккинчи йирик дин саналади.
Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.
Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келишади.
Уларнинг орасида катта кўпчилиги Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.
Марказий осиёлик мигрантлар, яна шунингдек, "экстремистик ва террористик ҳаракатларда иштирок этмаслик, "митинг ва намойишларга чиқмаслик" билан огоҳлантирилади, улар бунинг оқибатларидан ҳам бохабар этилади.
Маълум бўлишича, янги курс доирасида Марказий осиёлик мигрантларга қисқача тарих сабоқлари ҳам берилади.
Бошқа мавзулар қаторида уларга собиқ "СССР бюджетидан ажратилган катта маблағлар Марказий Осиё республикаларининг муваффақиятли ривожланишлари"га имкон бергани эслатилади.
"19-асрда ерларининг Россия империяси таркибига кириши минтақа иқтисодиётининг ривожланишига яхши таъсир кўрсатгани" таъкидланади.
Россия Ўзбекистон илова аксарият аҳолиси мусулмон бўлган кўпчилик Марказий Осиё давлатлари учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори бўлади.
Сўнгги янгилик Украина уруши фонида ва масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан Москванинг Крокусидаги қонли ҳужум ортидан Россия ўзининг Марказий осиёлик мигрантларга қарши сиёсатини шундоқ ҳам кучайтирган ва бу аллақачон минтақа давлатлари пойтахтларида жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган бир пайтда олинмоқда.
Айниқса, Крокусдаги ҳужум россиялик айрим сиёсатчиларнинг Марказий Осиё давлатлари билан амалдаги визасиз тартибни бекор қилиш чақириқларига ҳам сабаб бўлган.
Воқеаларнинг бу каби ривожига ҳозирча минтақа давлатлари ҳукуматларининг муносабати имконли эмас.
"Коммерсантъ"нинг ёзишича, янги курс тўрт бўлимдан иборат.
Улар "Миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари", "Россияда оддий хулқ-атвор асослари", "Қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик учун жавобгарлик", "Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар тарихи"ни ўз ичига олади.
Хабарларга кўра, янги курс аллақачон Россиянинг қатор минтақаларида синовдан ўтказилган.
"Муваффақиятли синовлар"дан сўнг, бошқарма дастурга аниқлик киритиб, уни мамлакатнинг барча ҳудудларига юборган.
Хабарларга кўра, янги курслар шу йилнинг 10 сентябридан бошланади.
Бироқ қонунчиликда ҳали мигрантларнинг ундан ўтишлари шарт эмаслиги ҳам айтилади.
Россияга ташқи меҳнат миграцияси, бошқа томондан, Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишида, йилларки, Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлиб келган ва келади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002