Исроил ҳаво ҳужуми БМТ мактабида камида 35 одамни ўлдирди

Вайрон бўлган Нусайрат қочқинлар жамлоғи бинолари олдида турган эркак

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Нусайрат қочқинлар жамлоғи март ойидан буён қайта қайта Исроил ҳужумларига тутилди
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Маҳаллий расмийларнинг хабар қилишича, Исроил ҳаво зарбаси Ғазодаги юзлаб кўчирилган одамлар билан тўла БМТ мактабида камида 35 инсонни ўлдирган.

Исроил ҳарбийлари "Ҳамас қароргоҳи" бўлиб хизмат қилган БМТ мактабига ҳужум қилганини айтади.

Маҳаллий журналистларнинг Би-би-сига айтишларича, Нусайрат қочқинлар жамлоғидаги мактабнинг юқори қаватдаги синфхонасига Исроил ҳарбий самолёти икки снаряд отган.

Ҳамас медиа идораси Исроилни "даҳшатли қирғин" содир этишда айблаб чиқди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

"Тез ёрдам" машиналари ва қутқарувчилар жамоалари ярадор ва ўлган инсонларнинг жасадларини жамлоққа яқин шифохонага элтиш учун шошилганлар.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода вайрон бўлган синфхона ва моргда кафанга ўралган майитларни кўриш мумкин.

"Урушга бас энди! Биз ўнлаб марта яшаб турган жойимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Улар ухлаб ётган болаларимизни ўлдиришди", дейди видеода ҳужумда яраланган аёл.

Дастлаб маҳаллий яшовчилар мактаб ичида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини хабар қилишди.

Сўнг Ал-Ақсо шифохонаси расмийси Би-би-си билан ҳамкорлик қилаётган фриланс журналистга 40 инсон жасадини қабул қилганларини айтди.

БМТ вакиласи Рейтерс ахборот агентлигига ҳалок бўлган инсонларнинг сони 35 билан 40 орасида экани, айни пайтда аниқ рақамни тасдиқлай олмаслигини айтди.

Ҳамас бошқарувидаги соғликни сақлаш вазирлиги 40 одам ўлди, уларнинг 14 нафари бола, тўққиз нафари аёл, деб хабар берди.

Ҳамас медиа идораси раҳбари Исмоил ал-Савобта Исроилнинг БМТ мактабида Ҳамас қўмондонлиги яширилган деган даъвосини рад этди.

Нусайрат қочқинлар жамлоғи

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исроил Мудофаа кучлари, Нусайрат қочқинлар жамлоғи ичидаги нишонга аниқ зарба бердик, деди.

"Оккупация... ўнлаб яшаб турган жойидан кўчирилган одамларга қарши содир этган шафқатсиз жиноятини оқлаш учун сохта ўйлаб топилган ҳикоялардан фойдаланаяпти", деди у Рейтерс ахборот агентлигига.

Ўзининг баёнотида Исроил Мудофаа кучлари (IDF), ҳарбий учоқ "Нусайрат ҳудудидаги БМТ мактаби ичига ўрнатилган Ҳамас қароргоҳига аниқ зарба берди", деди.

Ҳужум Исроил жанубига 7 октябрда ҳужум қилиб 1200 атрофида одамни ўлдирган, яна 251 кишини гаровга олган Ҳамас ва "Исломий жиҳод" террорчилари"ни ўлдирди, дейилади IDF баёнотида.

Ўшандан буён Ғазода камида 36580 инсон ҳалок бўлди, дейди бўлгадаги Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт расмийлари.

IDF ҳаво зарбасини беришдан олдин "иштирок этмаган тинч фуқароларни шикастлаш эҳтимолини камайтириш" чорасини кўрганини айтади.

Бундан олдин Исроил ҳарбийлари шарқий Бурейж қочқинлар жамлоғи ва марказий Ғазодаги Дейр ал-Балаҳ шаҳарчаси устидан "жанговар назоратни қўлга олганини хабар қилди, бунда ўнлаб фаластинликлар ўлдирилгани хабар қилинди.

Маҳаллий яшовчилар қаттиқ бомбардимонлар уюштирилганини, "Чегара билмас шифокорлар" (MSF) хайрия ташкилоти эса сешанба кунидан буён маҳаллий шифохонага камида 70 жасад келтирилганини хабар қилдилар, ҳалок бўлганларнинг аксари аёллар ва болалар эди.

Дейр ал-Балаҳдаги ал-Ақсо шифохонаси бугунга келиб фаолиятини сақлаб турган шу атрофдаги ягона шифохона бўлиб, "Чегара билмас шифокорлар" шифохонадаги вазиятни "охирзамон" вазияти деб таърифлади.

5 июнь. Оммавий қабрлар ва қоплардаги жасадлар: Исроил қўшинлари тарк этган аш-Шифо касалхонаси - Видео

gazo

Сурат манбаси, Reuters

Исроил кучлари 1 апрел куни иккинчи ҳарбий амалиётдан сўнг Ғазо шаҳридан чиқиб кетгач, куйган вайроналарни ўрганган фаластинликлар у ердан ўлик ҳиди келаётганини айтишди.

8 ойдан бери давом этаётган уруш вақтида шифохоналар бир неча маротаба ҳужумларга тутилди. Исроил улар Ҳамаснинг қароргоҳи бўлганини даъво қилади, гуруҳ буларни рад қилиб келмоқда.

Бироқ Ғазо бўлгасидаги энг катта ва энг яхши жиҳозланган тиббий муассаса аш-Шифодаги воқеалар, шубҳасиз, энг аянчлиси бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Исроил ҳукумати Ҳамас бу ерда қайта шаклланганини айтганидан сўнг кутилмаганда бошланган 2 ҳафталик рейдни "аниқ ва жарроҳлик" деб атади.

Ҳукумат матбуот котиби Ави Ҳиманнинг айтишича, ҳукумат "шаҳар урушининг олтин стандартини" ўрнатган.

"Биз 200 дан ортиқ террористни йўқ қилдик. Тинч аҳоли орасида бирорта ҳам талофатсиз 900 нафар террористни қўлга туширдик", деган у.

Ҳарбий булдозерлар билан текисланган аш-Шифо ҳовлисида тупроқ остидан чириган жасадлар чиқиб келаркан, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, деган даъво дарҳол шубҳа остига олинди.

Сўнгги ҳафталарда бу ерда 4 та оммавий қабр топилди. Фаластин қидирув гуруҳларининг айтишича, улардан юзлаб жасадлар чиққан.

Воқеалар ривожини кузатиш учун Ғазодаги журналист билан ишладик.

Фаластин фуқаролик мудофааси ходими Рами Дабабеш 8 май куни аш-Шифода бир қатор терилган жасад қоплар ёнида, юзига ниқоб ва ҳимоя кийимларини кийган ҳолда, "Биз кўпи чириб кетган ва таниб бўлмайдиган ҳолга келган шаҳидларни чиқариб олдик", деди.

"Биз аёллар, болалар ва бошсиз жасадлар, шунингдек, узилган тана парчаларини топдик", дея қўшимча қилади у.

iqtibos

Фуқаролик мудофаасига суд-тиббиёт ускуналари ва тажриба етишмайли, аммо унинг жамоаси қолдиқларни ҳужжатлаштириш учун расм ва видеолардан фойдаланади.

Директор Муҳаммад Муғирнинг бизга айтишича, шубҳали топилмалар бўлган. Тасвирлашича, "айрим шаҳидларнинг танасида далада қатл қилиш, боғлаш излари, бошдаги ўқ жароҳатлари ва оёқ-қўлларда қийноқ излари кузатилган".

БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Ғазо жанубидаги аш-Шифо ва Носир шифохоналаридан оммавий қабрлар топилганидан "чуқур хавотир" билдирди.

Ташкилот АҚШ ва Европа иттифоқи билан биргаликда эҳтимолий уруш жиноятларини ўрганиш учун мустақил текширув ўтказишга чақирди.

Исроил Мудофаа кучлари Ғазо касалхонасига рейд давомида аскарлар олдинроқ фаластинликлар кўмган жасадларни эксгумация қилганини айтди. Улар шу йўл билан 7 октябр куни Ҳамас томонидан Исроилда қўлга олинган 250 тутқунни излашганини таъкидлашган.

Уларга кўра, жасадлар ҳурмат билан ўрганилган ва Исроил тутқунларига тегишли бўлмаган жасадлар жойига қайтиб қўйилган.

Бироқ яқинда аш-Шифода топилган жасадларнинг камида бир қисми Исроилнинг сўнгги ҳарбий рейди пайтида ҳалок бўлган беморларники эди. Қидирувда қатнашган фелдшернинг айтишича, айримларнинг танасида тиббий ускуна ҳамон уланган ҳолда бўлган.

15 апрел куни Би-би-си вафот этган оналари касалхонада даволанаётган икки эркак билан учрашди. Уларнинг жасади ўша вақти оммавий қабрдан чиқарилганди.

"Менга қабр ҳақида айтишганда, бу ерга югуриб келдим. Қодир Аллоҳнинг марҳамати билан унинг жасади топилди", дейди онаси Ҳавлани бир неча кун излаган Муҳаммад ал-Ҳатиб.

Валид Фтейманинг айтишича, унинг кекса онаси Лина Абу Лайло вафотидан олдин тўйиб овқатланмаслик ва қаттиқ ташналикдан даволанаётган эди. Унинг жасади чириб кетганди. Уни фақат ўтган йили Исроил бомбардимонидан олган жароҳатлари орқали таниб олган. "Унинг ҳар бир оёғидан бир бармоғи кесиб ташланганди", дейди у.

18 март куни тонгда касалхонада амалиётини бошлаган Исроил армияси у ерда бошпана топган ва яқин атрофда яшаётган аҳолини ҳудудни тарк этиб, жанубга қараб кетишни буюрди. Бироқ шифохона ўз фаолятини давом эттириши мумкинлигини айтган. Икки ҳафта ўтиб, у ерда фақат 140 га яқин бемор ва шифокорлар қолган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маҳаллий вакили доктор Рик Риперкорннинг айтишича, гуруҳ даҳшатли шароитларни бошдан кечирган. Унга кўра, мажмуада қайта-қайта кўчирилавергач, улар "даволашга мутлоқо яроқсиз кадрлар бўлими биносига келиб қолишган". Охир-оқибатда 20 киши ўлди, дейди у.

Омон қолган баъзи беморлар - улар Исроилнинг олдинги зарбаларида яраланишган - бизга айтишича, уларга консерваланган балиқ каби жуда оз миқдорда егулик беришган. Уларнинг айтишича, ичимлик суви ва дори-дармон кескин етишмаган.

"Бизни 7 кун, кеча-кундуз бомбардимон қуршаб турди. Мен касалман ва қимирлай олмайман. Ёпинчиқсиз ерда ухладим", дейди ярми фалажланган Муҳаммад Надим.

"Кийим ёки оғриқни қолдирувчи дорилар йўқ эди", дейди оёғи кесилган 15 яшар Рафиф Доғмуш.

Исроил армияси уларнинг ҳаракатлари сабаб бирор ходим ёки бемор ўлмаганини, аммо айримлар "табиий сабаблар" туфайли ўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Рейд давомида улар беморларни зарарли ҳудудлардан олиб чиқишга ёрдам бергани ва касалхонага тиббий жиҳоз ва асбоблар, озиқ-овқат, сув ва генератор олиб келганини билдирди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002