Ҳамас Ғазода сулҳ таклифига жавобини берди - энди уруш тўхтайдими?

Ғазо

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Ҳамас АҚШ таклиф қилган Ғазода оташкесим режасига жавобини юборганини айтди. Гуруҳнинг юқори лавозимли мулозими Би-би-сига Исроилдан ҳар доимгидек ўт очишни буткул тўхтатишни талаб қилаётганини маълум қилди.

Ҳамас ва унинг "Фаластин Исломий жиҳод"дан иттифоқчилари ўз баёнотида келишувга эришишга тайёрлигини билдиришган.

Reuters исроиллик расмийга таяниб, Ҳамас гўёки тутқундагиларни озод қилиш таклифини рад қилганини хабар қилмоқда.

Ўт очишни тўхтатиш режасини АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган ва уни БМТнинг хавфсизлик кенгаши маъқуллаган.

У охир оқибат доимий бўладиган 6 ҳафталик оташкесимни, шунингдек, исроиллик гаровга олинганларни Ҳамас тутқунлигидан ва фаластинлик маҳбусларни Исроил қамоқхоналаридан озод қилишни назарда тутади.

АҚШ каби Исроил ҳамда Ҳамас ўртасида воситачилик қилаётган Қатар ва Миср гуруҳ таклифга жавоб берганини тасдиқлашди.

Иқтибос

Сешанба куни берган баёнотида Ҳамас Ғазода жангавор ҳаракатларни "тўлиқ тўхтатишга" чақирди.

"Жавоб Фаластин халқи манфаатларини биринчи ўринга қўяди ва Ғазода давом этаётган тажовузни тўлиқ тўхтатиш зарурлигини таъкидлайди", — дейилади гуруҳ хабарида.

Унда улар "урушга якун ясовчи келишувга эришиш учун ижобий ҳамкорликка" тайёр эканлиги айтилган

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Вашингтон Ҳамаснинг жавоби ва таклифини ўрганаётганини айтди.

Сешанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазода оташкесим режасига содиқлигини яна бир тасдиқлаганини ва дунё Ҳамас жавобини кутаётганини билдирганди.

Олдинроқ Нетаняҳу ҳарбий кабинет режани маъқуллаганини, аммо ўзи уни тўлиқ қўллаб-қувватлаши борасида ҳеч нарса демаганди. Уруш кабинетининг ашаддий ўнгчи аъзолари келишувни мағлубият дея қабул қилмоқда. Улар битимга эришилса коалицияни тарк қилиш ва уни барбод қилиш билан таҳдид қилишди.

Байденнинг тинчлик ташаббуси нимани назарда тутади?

АҚШ президенти томонидан таклиф қилинган режа уч босқичдан иборат.

Биринчи босқич

  • Олти ҳафта ўт очишни тўхтатиш. Исроил ҳарбийлари Ғазодаги аҳоли яшайдиган манзиллардан олиб чиқилади.
  • Ҳамас аёллар, қариялар ва жароҳатланганлардан иборат маълум сондаги тутқунларни озод қилади. Бунинг эвазига юзлаб фаластинлик маҳбуслар озодликка чиқади. Шунингдек, Ҳамас айрим ҳалок бўлган асирларнинг жасадларини яқинларига қайтаради.
  • Фаластиннинг тинч аҳолиси Ғазодаги барча туманларга қайтишади.
  • Гуманитар ёрдам миқдори кескин оширилади: бир кунда камида 600 гуманитар ёрдам ортилган юк машина Ғазо сектори киритилади. Халқаро ҳамжамият юз минглаб вақтинча бошпана юборади.
  • АҚШ ҳамда Қатар воситачилигида Ҳамас ва Исроил ўртасида музокаралар шу 6 ҳафта ичида давом этади. Мувафаққиятли бўлса иккинчи босқичга ўтилади.

Иккинчи босқич

  • Ҳарбий эркаклар доҳил, қолган барча тутқундагиларни озод қилиш.
  • Исроил қўшинлари Ғазодан барча жойидан тўлиқ чиқиб кетади.
  • Оташкесим "ҳарбий ҳаракатларни буткул тўхтатиш"га айланади.

Учинчи босқич

  • Ҳалок бўлган тутқундагиларнининг сўнгги қолдиқларини қайтариш
  • АҚШ ва халқаро ҳамжамият бошчилигида Ғазони қайта тиклаш ишларини бошлаш.

Тинчликка эришиладими?

Кузатувчилар оташкесимга эришилгач, Байден Саудия Арабистони ва Исроил ўртасида ортга сурилган келишув эвазига Фаластин давлатининг тузилишига эришишни мақсад қилганини айтишади.

Аммо айрим таҳлилчилар минтақада ҳали бери тинчликка эришиб бўлмаслигини таъкидлашмоқда.

Жорж Вашингтон университети профессори Натан Ж. Браун Карнеги жамғармасига яқин ўртада тинчликка эришиб бўлмаслигини айтди.

Унга кўра, жанглар тўхтайди, аммо тўқнашувлар давом этаверади. Ғазо секторини бошқариб бўлмас ҳолга келади. Бир вақтлар қамал остида бўлган анклав қолган одамлари тўлиқ ташқаридан келадиган гуманитар ёрдам қарам бўлиб қолган "супер жамлоқ"қа айланади.

10 июн - Ғазо ССВ: Тўрт Исроил фуқаросини озод этиш учун 274 фаластинлик ўлдирилди

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Ғазодаги Хамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, исроилликларнинг қочқинлар лагерига уюштирган ва тўрт асирни озод қилган рейдида 274 киши, жумладан, болалар ва бошқа тинч фуқаролар ҳалок бўлган.

Шанба куни Исроил кучлари ҳаво ҳужумлари ёрдамида Нусейрат қочқинлар лагери ва унинг атрофида Ҳамас билан шиддатли қуролли жанглар олиб борди ва асирларни озод қилди.

7 октябр куни Нова мусиқа фестивалидан ўғирлаб кетилган 26 ёшли Ноа Аргамани, 22 ёшли Алмог Меир Ян, 27 ёшли Андрей Козлов ва 41 ёшли Шломи Зив Исроилга қайтарилди.

Исроил ҳарбийлари амалиётда 100 дан кам одам ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда.

Аммо Ғазодаги Хамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотлари, агар тасдиқланса, у ҳозиргача можаронинг энг ҳалокатли кунларидан бири бўлганини англатади.

Аҳоли зич жойлашган ҳудудда яшовчи одамлар шиддатли бомбардимон ва кучли отишма остида қолиш даҳшатини тасвирлашди.

Абдел Салам Дарвиш исмли бир киши Би-Би-Cига бозорда сабзавот сотиб олаётганда тепадан қирувчи учоқлар ва отишма овозини эшитганини сўзлади.

"Кейин одамларнинг жасади парча-парча бўлиб, кўчаларга сочилди, деворлар қонга беланди", - дейди у.

Шанба кунги рейд ортидан одамлар ҳануз харобалар остида қолаётгани айтилади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шанба кунги рейд ортидан одамлар ҳануз харобалар остида қолаётгани айтилади.

Гаровга олинганларнинг оилаларига қайтарилиши Исроилда байрамга сабаб бўлди ва дунё лидерлари, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден уларнинг озод этилгани ҳақидаги хабарни олқишлади.

Аммо Ғазо ичидаги операциянинг қанча ҳалокатга сабаб бўлгани бўйича танқидлар кучаймоқда, хусусан, Европа Иттифоқи ташқи ишлар бўйича раҳбари Жосеп Боррелл буни "қатъий равишда" қоралашини айтди.

"Ғазодан тинч аҳолининг навбатдаги қирғини ҳақидаги хабарлар даҳшатли", деб ёзди у Х да.

Исроил вазирининг айтишича, Европа Иттифоқи Хамасни тинч аҳоли орқасига яширинганликда қоралаш ўрнига Исроилнинг ўз фуқароларини қутқарганини қоралаган.

Нусейрат қочқинлар жамлоғи ҳудудидан олинган суратларда кучли бомбардимон ва одамларнинг марҳумлар учун мотам тутаётгани акс этган.

BBC

Ғазодаги икки касалхона - ал-Ақсо ва ал-Авда касалхоналари ўзаро 70 жасадни санаб олганларини маълум қилишди.

Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки соат давом этган амалиёт давомида ўлдирилган 274 фаластинликдан 86 кишининг исмларини эълон қилди.

Илгарироқ Исроил ҳарбий воизи Даниел Ҳагари "аниқ разведка"га асосланган "ўта хавфли, мураккаб миссия"да 100 дан кам қурбонлар борлигини тахмин қилган эди.

Мудофаа вазири Йоав Галлантнинг айтишича, гаровга олинганларни қутқариш чоғида махсус кучлар "қаттиқ ўқ остида" ҳаракат қилган. Махсус кучларнинг бир зобити яраланган ва кейинчалик касалхонада вафот этган.

Ғазодан рейддан сўнг олинган видеоларда қирғин саҳналари акс этган.

Ал-Ақсо касалхонасидан олинган кадрларда оғир жароҳат олган кўплаб одамларнинг ерда ётгани, қонга бўялган полда шифокорлар беморлар ўртасида ҳаракатланиши учун деярли бўш жой қолмаганини кўриш мумкин.

Бошқа видеода тез-тез автомашина ва тез ёрдам машинасида олиб борилаётган ва бинога олиб кетилаётган янги ярадорлар кўрсатилган.

Нусейратдаги ал-Авда касалхонаси директорининг Би-Би-Cи араб хизматига айтишича, шанба куни касалхонага келганлар сони ортган. Доктор Марвон Абу Носир касалхонага олиб келинган жасадларни жойлаштириш учун шифохонада ўликхона йўқлигини айтди.

5 июн 2024

Вайрон бўлган Нусайрат қочқинлар жамлоғи бинолари олдида турган эркак

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Нусайрат қочқинлар жамлоғи март ойидан буён қайта қайта Исроил ҳужумларига тутилди

Маҳаллий расмийларнинг хабар қилишича, Исроил ҳаво зарбаси Ғазодаги юзлаб кўчирилган одамлар билан тўла БМТ мактабида камида 35 инсонни ўлдирган.

Исроил ҳарбийлари "Ҳамас қароргоҳи" бўлиб хизмат қилган БМТ мактабига ҳужум қилганини айтади.

Маҳаллий журналистларнинг Би-би-сига айтишларича, Нусайрат қочқинлар жамлоғидаги мактабнинг юқори қаватдаги синфхонасига Исроил ҳарбий самолёти икки снаряд отган.

Ҳамас медиа идораси Исроилни "даҳшатли қирғин" содир этишда айблаб чиқди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

"Тез ёрдам" машиналари ва қутқарувчилар жамоалари ярадор ва ўлган инсонларнинг жасадларини жамлоққа яқин шифохонага элтиш учун шошилганлар.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода вайрон бўлган синфхона ва моргда кафанга ўралган майитларни кўриш мумкин.

"Урушга бас энди! Биз ўнлаб марта яшаб турган жойимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Улар ухлаб ётган болаларимизни ўлдиришди", дейди видеода ҳужумда яраланган аёл.

Дастлаб маҳаллий яшовчилар мактаб ичида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини хабар қилишди.

Сўнг Ал-Ақсо шифохонаси расмийси Би-би-си билан ҳамкорлик қилаётган фриланс журналистга 40 инсон жасадини қабул қилганларини айтди.

БМТ вакиласи Рейтерс ахборот агентлигига ҳалок бўлган инсонларнинг сони 35 билан 40 орасида экани, айни пайтда аниқ рақамни тасдиқлай олмаслигини айтди.

Нусайрат қочқинлар жамлоғи

Сурат манбаси, AFP

Ҳамас бошқарувидаги соғликни сақлаш вазирлиги 40 одам ўлди, уларнинг 14 нафари бола, тўққиз нафари аёл, 74 киши яраланди, деб хабар берди.

Ҳамас медиа идораси раҳбари Исмоил ал-Савобта Исроилнинг БМТ мактабида Ҳамас қўмондонлиги яширилган деган даъвосини рад этди.

"Оккупация... ўнлаб яшаб турган жойидан кўчирилган одамларга қарши содир этган шафқатсиз жиноятини оқлаш учун сохта ўйлаб топилган ҳикоялардан фойдаланаяпти", деди у Рейтерс ахборот агентлигига.

Ўзининг баёнотида Исроил Мудофаа кучлари (IDF), ҳарбий учоқ "Нусайрат ҳудудидаги БМТ мактаби ичига ўрнатилган Ҳамас қароргоҳига аниқ зарба берди", деди.

Ҳужум Исроил жанубига 7 октябрда ҳужум қилиб 1200 атрофида одамни ўлдирган, яна 251 кишини гаровга олган Ҳамас ва "Исломий жиҳод" террорчилари"ни ўлдирди, дейилади IDF баёнотида.

Ўшандан буён Ғазода камида 36580 инсон ҳалок бўлди, дейди бўлгадаги Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт расмийлари.

IDF ҳаво зарбасини беришдан олдин "иштирок этмаган тинч фуқароларни шикастлаш эҳтимолини камайтириш" чорасини кўрганини айтади.

Бундан олдин Исроил ҳарбийлари шарқий Бурейж қочқинлар жамлоғи ва марказий Ғазодаги Дейр ал-Балаҳ шаҳарчаси устидан "жанговар назоратни қўлга олганини хабар қилди, бунда ўнлаб фаластинликлар ўлдирилгани хабар қилинди.

Маҳаллий яшовчилар қаттиқ бомбардимонлар уюштирилганини, "Чегара билмас шифокорлар" (MSF) хайрия ташкилоти эса сешанба кунидан буён маҳаллий шифохонага камида 70 жасад келтирилганини хабар қилдилар, ҳалок бўлганларнинг аксари аёллар ва болалар эди.

Дейр ал-Балаҳдаги ал-Ақсо шифохонаси бугунга келиб фаолиятини сақлаб турган шу атрофдаги ягона шифохона бўлиб, "Чегара билмас шифокорлар" шифохонадаги вазиятни "охирзамон" вазияти деб таърифлади.

5 июнь. Оммавий қабрлар ва қоплардаги жасадлар: Исроил қўшинлари тарк этган аш-Шифо касалхонаси - Видео

gazo

Сурат манбаси, Reuters

Исроил кучлари 1 апрел куни иккинчи ҳарбий амалиётдан сўнг Ғазо шаҳридан чиқиб кетгач, куйган вайроналарни ўрганган фаластинликлар у ердан ўлик ҳиди келаётганини айтишди.

8 ойдан бери давом этаётган уруш вақтида шифохоналар бир неча маротаба ҳужумларга тутилди. Исроил улар Ҳамаснинг қароргоҳи бўлганини даъво қилади, гуруҳ буларни рад қилиб келмоқда.

Бироқ Ғазо бўлгасидаги энг катта ва энг яхши жиҳозланган тиббий муассаса аш-Шифодаги воқеалар, шубҳасиз, энг аянчлиси бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Исроил ҳукумати Ҳамас бу ерда қайта шаклланганини айтганидан сўнг кутилмаганда бошланган 2 ҳафталик рейдни "аниқ ва жарроҳлик" деб атади.

Ҳукумат матбуот котиби Ави Ҳиманнинг айтишича, ҳукумат "шаҳар урушининг олтин стандартини" ўрнатган.

"Биз 200 дан ортиқ террористни йўқ қилдик. Тинч аҳоли орасида бирорта ҳам талофатсиз 900 нафар террористни қўлга туширдик", деган у.

Ҳарбий булдозерлар билан текисланган аш-Шифо ҳовлисида тупроқ остидан чириган жасадлар чиқиб келаркан, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, деган даъво дарҳол шубҳа остига олинди.

Сўнгги ҳафталарда бу ерда 4 та оммавий қабр топилди. Фаластин қидирув гуруҳларининг айтишича, улардан юзлаб жасадлар чиққан.

Воқеалар ривожини кузатиш учун Ғазодаги журналист билан ишладик.

Фаластин фуқаролик мудофааси ходими Рами Дабабеш 8 май куни аш-Шифода бир қатор терилган жасад қоплар ёнида, юзига ниқоб ва ҳимоя кийимларини кийган ҳолда, "Биз кўпи чириб кетган ва таниб бўлмайдиган ҳолга келган шаҳидларни чиқариб олдик", деди.

"Биз аёллар, болалар ва бошсиз жасадлар, шунингдек, узилган тана парчаларини топдик", дея қўшимча қилади у.

iqtibos

Фуқаролик мудофаасига суд-тиббиёт ускуналари ва тажриба етишмайли, аммо унинг жамоаси қолдиқларни ҳужжатлаштириш учун расм ва видеолардан фойдаланади.

Директор Муҳаммад Муғирнинг бизга айтишича, шубҳали топилмалар бўлган. Тасвирлашича, "айрим шаҳидларнинг танасида далада қатл қилиш, боғлаш излари, бошдаги ўқ жароҳатлари ва оёқ-қўлларда қийноқ излари кузатилган".

БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Ғазо жанубидаги аш-Шифо ва Носир шифохоналаридан оммавий қабрлар топилганидан "чуқур хавотир" билдирди.

Ташкилот АҚШ ва Европа иттифоқи билан биргаликда эҳтимолий уруш жиноятларини ўрганиш учун мустақил текширув ўтказишга чақирди.

Исроил Мудофаа кучлари Ғазо касалхонасига рейд давомида аскарлар олдинроқ фаластинликлар кўмган жасадларни эксгумация қилганини айтди. Улар шу йўл билан 7 октябр куни Ҳамас томонидан Исроилда қўлга олинган 250 тутқунни излашганини таъкидлашган.

Уларга кўра, жасадлар ҳурмат билан ўрганилган ва Исроил тутқунларига тегишли бўлмаган жасадлар жойига қайтиб қўйилган.

Бироқ яқинда аш-Шифода топилган жасадларнинг камида бир қисми Исроилнинг сўнгги ҳарбий рейди пайтида ҳалок бўлган беморларники эди. Қидирувда қатнашган фелдшернинг айтишича, айримларнинг танасида тиббий ускуна ҳамон уланган ҳолда бўлган.

15 апрел куни Би-би-си вафот этган оналари касалхонада даволанаётган икки эркак билан учрашди. Уларнинг жасади ўша вақти оммавий қабрдан чиқарилганди.

"Менга қабр ҳақида айтишганда, бу ерга югуриб келдим. Қодир Аллоҳнинг марҳамати билан унинг жасади топилди", дейди онаси Ҳавлани бир неча кун излаган Муҳаммад ал-Ҳатиб.

Валид Фтейманинг айтишича, унинг кекса онаси Лина Абу Лайло вафотидан олдин тўйиб овқатланмаслик ва қаттиқ ташналикдан даволанаётган эди. Унинг жасади чириб кетганди. Уни фақат ўтган йили Исроил бомбардимонидан олган жароҳатлари орқали таниб олган. "Унинг ҳар бир оёғидан бир бармоғи кесиб ташланганди", дейди у.

18 март куни тонгда касалхонада амалиётини бошлаган Исроил армияси у ерда бошпана топган ва яқин атрофда яшаётган аҳолини ҳудудни тарк этиб, жанубга қараб кетишни буюрди. Бироқ шифохона ўз фаолятини давом эттириши мумкинлигини айтган. Икки ҳафта ўтиб, у ерда фақат 140 га яқин бемор ва шифокорлар қолган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маҳаллий вакили доктор Рик Риперкорннинг айтишича, гуруҳ даҳшатли шароитларни бошдан кечирган. Унга кўра, мажмуада қайта-қайта кўчирилавергач, улар "даволашга мутлоқо яроқсиз кадрлар бўлими биносига келиб қолишган". Охир-оқибатда 20 киши ўлди, дейди у.

Омон қолган баъзи беморлар - улар Исроилнинг олдинги зарбаларида яраланишган - бизга айтишича, уларга консерваланган балиқ каби жуда оз миқдорда егулик беришган. Уларнинг айтишича, ичимлик суви ва дори-дармон кескин етишмаган.

"Бизни 7 кун, кеча-кундуз бомбардимон қуршаб турди. Мен касалман ва қимирлай олмайман. Ёпинчиқсиз ерда ухладим", дейди ярми фалажланган Муҳаммад Надим.

"Кийим ёки оғриқни қолдирувчи дорилар йўқ эди", дейди оёғи кесилган 15 яшар Рафиф Доғмуш.

Исроил армияси уларнинг ҳаракатлари сабаб бирор ходим ёки бемор ўлмаганини, аммо айримлар "табиий сабаблар" туфайли ўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Рейд давомида улар беморларни зарарли ҳудудлардан олиб чиқишга ёрдам бергани ва касалхонага тиббий жиҳоз ва асбоблар, озиқ-овқат, сув ва генератор олиб келганини билдирди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002