АҚШ Грузияни намойишларни бостиришда айблади, Вашингтон алоқаларни қайта кўрмоқчи

namoyishlar

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

АҚШ Тбилисида бир неча ҳафта давом этган оммавий намойишларга сабаб бўлган баҳсли "хорижий агент" қонуни туфайли икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни қайта кўриб чиқаётганини айтди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида Вашингтон "Грузиядаги демократияга путур етказиш" учун жавобгар шахслар учун виза чекловлари жорий этаётганини айтди.

Расмийларнинг номи ошкор этилмаган, аммо улар ҳукмрон "Грузия орзуси" партияси аъзолари экани тахмин қилинмоқда. Партия АҚШ қарорини "кулгили" деб баҳолади.

Шунингдек, у АҚШни Грузияга қарши "таҳдид ва шантаж"да айблаб, Вашингтон мамлакат мустақиллигини чеклашга уринаётганини даъво қилди.

Танқидчиларнинг айтишича, "хорижий агент" қонуни қўшни Россияда Кремл танқидчиларига қарши қўлланиладиган шунга ўхшаш қонунчиликдан илҳомланган. Ҳукмрон партия бу даъвони рад этади.

Тбилиси расмийларининг таъкидлашича, қонунчилик хориждан молиялаштиришнинг "шаффофлигини оширади".

iqtibos

Ўтган ҳафта қабул қилинган қонунга кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хорижий донорлардан оладиган нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари "хорижий давлат манфаатларини кўзлаётган" ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

Грузия президенти қонунга вето қўйди - лекин ҳукмрон партия парламентда яна бир овоз бериш орқали унинг аралашувини бекор қилиш учун етарли депутатга эга.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги парламент ветони бекор қилиш жараёнини келаси ҳафта душанба куни бошлаш ниятида эканини хабар қилди.

Пайшанба кунги баёнотида жаноб Блинкен "Грузия орзуси" партияси "бирлашиш ва сўз эркинликларини бўғувчи, Грузия фуқароларига хизмат кўрсатувчи ташкилотларни қоралаш ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилувчи "хорижий таъсир" қонунини ишлаб чиқиб, қабул" қилганини айтди.

"Грузия фуқаролари қонунга қаршилик билдирар экан, биз тинч намойишларни бостириш учун қўрқитиш ва зўравонлик кампаниясининг аниқ белгиларини кўрдик", деган у.

Блинкеннинг қўшимча қилишича, бу чоралар "Грузиянинг узоқ муддатли белгилаган мақсади ва унинг конституциясида акс этган Евро-Атлантика интеграцияси ҳамда Қўшма Штатлар билан стратегик ҳамкорлик"ка зид.

У, шунингдек, "Грузия раҳбарияти қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишига" умид қилишини айтди.

Тбилиси расмийлари АҚШнинг бу ҳаракатига ҳали очиқ изоҳ бермади.

Бироқ пайшанба куни аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Вашингтонни Грузияни шантаж қилишда айблади.

Грузияга 2023-йил декабрида Европа Иттифоқига номзод мақоми берилган ва Европа Иттифоқи аллақачон янги қонун Тбилисининг 27 аъзолик блокка қўшилиш амбицияларига зарар этказиши ҳақида огоҳлантирди.

"Хорижий агент" қонун лойиҳасига қарши оммавий митинглар бир неча ҳафтадан бери мамлакатни қамраб олган ва кўпинча намойишчилар ва полиция ўртасидаги шиддатли тўқнашувларни келтириб чиқарган.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002