Саудия Арабистони кўчишдан воз кечганларни отиб ўлдиришга буйруқ берган

The Line, a linear city

Сурат манбаси, Shutterstock

Сурат тагсўзи, "Линия" лойиҳаси 170 км масофага узаниши мўлжалланган

Би-би-си журналистик суриштирувидан аён бўлишича, Саудия Арабистони расмийлари ўз еридан кўчишга кўнмаган одамларга қарши ўқотар қурол қўллашга рухсат берган.

Бу ҳақда Саудия махфий хизматининг собиқ зобити, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва ҳукумат бошлаган лойиҳалардан норози одамлар сўзлаб бердилар.

Саудия Арабистони ўз иқтисодининг фақат нефтга боғлиқлигидан воз кечиш мақсади кўзланган улкан лойиҳалар бошлаган.

"Саудия нигоҳи 2030" деб номланган стратегия эълон қилинган.

Саудия собиқ зобитидан иқтибос

Сурат манбаси, .

Алоқадор мавзулар:

Бу стратегияга мувофиқ қатор амбицияли лойиҳалар амалга оширилиши керак, улардан бири Neom деб номланган 500 миллиард долларга баҳоланган экологик ҳудудни барпо этишдир.

Қуйида Шарма қишлоғининг 2018 йил 2 октябри ва 2024 йил 4 апрелида сунъий йўлдошдан олинган суратлари акс этган.

Your device may not support this visualisation

Унинг ичига "Линия" деб номланган эни 200 метр, узунлиги эса 170 километр масофага чўзилган экошаҳар ҳам кирган, у автомобилсиз шаҳар бўлиши керак.

"Линия" ўтадиган ҳудудда жойлашган уч қишлоқ - Ал-Ҳурайба, Шарма ва Гаял қишлоқларининг бузилишидан олдинги ва кейинги сунъий йўлдошдан олинган фото суратларини Би-би-си таҳлил қилди: у ерда бўлган инсонларнинг уйлари, мактаб ва шифохоналар бульдозерлаб текислаб ташлангани кўринади.

Саудия ҳукумати янги қурилиш учун 6000 дан ортиқ инсон ўзларининг яшаб турган жойларидан кўчирилдилар дейди.

Бироқ Британияда жойлашган ALQST инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳақиқий рақамлар анча юқори деб ҳисоблайди.

Ҳозир Британияда яшаётган ва ўз хавфсизлигидан хавотир билдирадиган Саудия махсус хизмати полковниги Рабиҳ Ал-Энезий сўзларига кўра, унга Ал-Ҳурайба қишлоғи ерини яшовчилардан бўшатишга 2020 йили буйруқ берилган.

"Буйруқда... ким кўчишга қарши бўлса ўлдирилсин дейилганди. Яъни, ким ўз уйида қолса, уларни ўлдириш учун куч ишлатишга лицензия берилганди. Одатда буйруқлар ҳеч қачон бунақа шафқатсиз бўлмаган, тинч фаолларга ўт очишга рухсат берилмаганди", дейди полковник Ал-Энезий.

Col al-Enezi
Сурат тагсўзи, Полковник Ал-Энезий Саудия Арабистонини тарк этган

Ал-Ҳурайбада аксари Ҳувайтат қабиласи вакиллари истиқомат қилганлар ва маҳаллий одамлар ўзларининг яшаб турган жойларидан кўчишдан бош тортганлар.

Ана ўшанда қаршилик қилганларга қарши қурол қўллашга изн берилган.

Қишлоқ бузилишига қарши бўлган ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларда бир неча видеоларни эълон қилган Абдул Раҳим ал-Ҳувайтий Саудия хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Саудия ҳукумати ал-Ҳувайтий хавфсизлик ходимларига қарата ўт очди, бунинг ортидан унга қарши ўқ узилди деган хабар тарқатди.

Би-би-си бу хабар рост-ёлғонлигини текшириш имкониятига эга эмас.

Аммо ўз исми ошкор этилишини истамаган саудияликлар ва инсон ҳақлари ташкилотлари кўчишдан бўйин товлаган инсонлар қамоққа ташланганлари, улар терроризмга алоқадор жиноий моддалар бўйича айбдорлик илгари сурилганини айтадилар.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, одамларга ўзларининг бузилаётган уйлари эвазига ҳукумат ваъда қилганидан анча кам товон пули берилиши айтилган, бу кам пулга эса инсонлар кўнмаган.

Би-би-сининг ушбу даъволар бўйича Саудия Арабистони ҳукумати ва Neom лойиҳаси раҳбарлари шарҳ беришдан бош тортдилар.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002