Россия қўшнилари қўрқувда – улар НАТОдан нима сўрашмоқда? Dunyo Yangiliklar

Eston harbiysi
Сурат тагсўзи, Тойво Саабас ҳарбий хизматни ўтаётган эстониялик ёшлардан биридир.
    • Author, Ник Бик
    • Role, BBC News, Эстония-Россия чегараси

НАТОнинг Россияга қўшни аъзолари иттифоқчиларни умумий ҳарбий хизматни жорий қилишга чақирмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Вазият шунчалик жиддийми?

Iqtibos

Ёмғир томчилари аскар Тойво Саабаснинг кўзойнагига тушиб, унинг яшил ва қорага бўялган камуфляж юзи бўйлаб пастга оқади.

Ҳўл ерда ётиб, милтиғидан нишонга олар экан, унинг жойини фош қилиб қўйиши мумкин бўлган биргина заиф нуқта бор - музлаган эстон ўрмони ҳавосига чиқаётган унинг иссиқ нафаси.

Сўнг қулоқни қоматга келтириб ҳужумга ўтиш ҳақида буйруқ келди.

25 ёш аскар сапчиб ўрнидан турди, ўз қуролдош сафдошлари билан тизилиб, Россия чегараси томон дарахтлар оралаб югура бошлади.

Душманнинг ўқлари ёмғири томон илгарилаб борар экан, Саутҳемптон университети муҳандислик йўналиши битирувчиси бўлган бу йигит, бир кун келиб бу реалликка айланишини билади.

"Биз ҳар қандай таҳдидга қарши тайёрланамиз", дейди у.

"Эстонияга қарши келган ҳар нарсага қарши тайёрмиз, ватанимизни ҳимоя қилишга ҳозирмиз."

Пойтахт Таллиндан бўлган Тойво ҳарбий хизматни ўтамоқда. Эстонияда 18га тўлган барча йигитлар ҳарбий хизмат ўтайди. Аёллар учун эса бу ихтиёрий.

Совуқ уруш тугаши ва 1990-йилларда постсовет Россияси билан алоқалар илиқлашгани сабабли, Европанинг кўплаб қисмларида ҳарбий хизматга чақириш ўтмишга айланди.

Аммо Эстонияда эмас, бу ерда ишғол ва депортациянинг жамоавий оғриғи босилгани йўқ.

Президент Путиннинг Украинага кенг миқёсли босқинидан сўнг, ҳарбий хизматга чақирув қайта тикланмоқда ва бутун Европа бўйлаб кенгайтирилмоқда. Россияга қўшни бўлганлар НАТОдаги бошқа иттифоқчиларини, жумладан, Британияни ҳам худди шундай йўл тутишга чақирмоқда.

Ўтган ой Дания аёллар учун муддатли ҳарбий хизматни кенгайтириш ва хизмат муддатини узайтиришини айтганидан сўнг, Норвегия бу ҳафта чақирувдаги аскарлари сонини кўпайтираётганини эълон қилди.

Яқинда Латвия ва Швеция ҳарбий хизматни тиклади, Литва эса 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин шундай қилган эди.

"Бу осон эмас", дейди жиққа ҳўл Тойво ва бу машғулот унинг ҳаётидаги энг оғир синов эканлигини тушунтиради.

"Аммо, охир-оқибат, бу ватанга хизматдир. Бу хизматдан қочишга уринишдан кўра, ҳамма нарсага тайёр бўлиш яхшироқ".

Kапитан Микк Ҳаабма
Сурат тагсўзи, Россия Эстонияга ҳужум қилса, мағлубиятга учрайди, деб ҳисоблайди капитан Микк Xаабма (ўнгда).

Ёмғир дўлга, кейин қорга айланди.

Ҳамма терга ботди. Аммо машғулот тугагач, енгиллик тезда жонли суҳбат ва кулгига уланди, бу аввалги соатлардаги қийинчиликларни қоплайди.

"Украинадаги чақирилувчиларга ачинаман", дейди жараённи назорат қилаётган капитан Микк Хаабма.

"Улар ўз ҳаётлари учун курашмоқда".

Бўйи 2 метрдан ошган 38 ёшли Микк ҳаракатлар боришини кузатишда табиий устунликка эга.

"Мамлакатимиз заҳираларга таянади ва бу йигитлар бўш ўринларни тўлдиришади. Аммо улар ҳаётда зарур бўлган кўникмаларни, хусусан, ўзига ишончни ҳам қозонишади. Бир неча ҳафтадан кейин бу йигитлар душманга қарши курашишга тайёр бўлишади".

У душман деганда Россияни назарда тутади.

"Камида НАТО бор"

Россия ҳеч қачон НАТО аъзосига ҳужум қилмаган, унинг жамоавий мудофаа шартномаси бир аъзога қилинган ҳужум барчага ҳужум эканлигини англатади.

НАТОнинг учта давлати - Буюк Британия, АҚШ ва Франция ҳам Россия каби ядровий қуролга эга, шунинг учун бундай можаро натижасида ядровий тўқнашув хавфи борлигидан хавотирлар пайдо бўлиши мумкин.

Аммо, агар руслар ҳужум қилса, улар нимага дуч келади, деб сўрайман.

"Катта мағлубият", деб жавоб беради капитан Ҳаабма.

"Албатта, уларнинг сони, лекин охир-оқибат стратегик даражада бизда НАТО ва техник устунлик бор."

Estoniyalik kapitan

Трансатлантик ҳарбий альянс ҳозирда - Финляндия ва Швеция билан 32 аъзодан иборат бўлиб, 75 йиллигини нишонламоқда.

Хўш, бугунги кунда Эстонияда қандай ҳис-туйғулар ҳукм сурмоқда?

Кенгайтирилган иттифоқнинг бир қисми эканлигингиз сабабли ўзингизни хавфсиз ҳис қиляпсизми? Ёки Владимир Путин бундан кейин нима қилиши мумкинлигидан қўрқасизми?

"Иккаласи ҳам", деб жавоб беради Кая Каллас Таллиндаги бош вазирлик идорасидан.

Estoniya Bosh vaziri
Сурат тагсўзи, Эстонияликлар Владимир Путин бундан кейин нима қилишидан хавотирда, дейди Бош вазир Кажа Каллас.

Унинг айтишича, НАТО иттифоқчилари ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини мудофаа учун сарфлаши жуда муҳим.

"1938 йилда уруш аниқ эди, шунинг учун мудофаа харажатлари 100% га оширилди, аммо аллақачон кеч эди."

"Биз ҳозир ҳаёт тарзимизни, Европада тинчликни сақлаш учун шундай қилишимиз керак."

Бироқ, 2024 йилда НАТО аъзоларининг учдан икки қисмидан камроғи 2 фоизлик молиялаштириш мақсадига эришади, бу камомад АҚШ президенти Доналд Трампни Оқ уйда бўлган вақтида доимий норозилиги сабаби эди.

2021 йилдан бери Эстонияга раҳбарлик қилиб келаётган Каллас хоним ҳарбий хизматни Россияни тийиб туришнинг яна бир ажралмас қисми деб билади ва агар у ҳужум қилса, кучлироқ мудофаани таъминлайди.

"Бизда 44 000 кишилик захира армиямиз бор, бу Буюк Британия учун икки миллионга яқин. Ўз ватанини ҳимоя қилишга тайёр ва нима қилиш кераклигини биладиган икки миллион одам".

У Буюк Британия ҳақида гапирганидан сўнг, мен ундан Буюк Британияга ҳам муддатли ҳарбий хизматни жорий қилишни тавсия қиласизми, деб сўрадим.

"Албатта, ҳар бир давлат ўзи қарор қилади, биз ҳаммамиз демократик мамлакатлармиз, лекин мен буни кўп жиҳатдан тавсия қиламан."

"Мустақиллигимизни бир марта йўқотганмиз"

Ҳукумат Британия армияси бошлиғига Британия келажакда қуруқликдаги урушга "фуқаролар армияси"ни тайёрлаши керак, дегани учун танбеҳ берганини эслатганимда, Каллас:

"Бу мени ажаблантирмайди, чунки бизнинг тарихий илдизларимиз турлича. Биз мустақиллигимиздан, озодлигимиздан бир марта айрилганмиз, энди уни йўқотмоқчи эмасмиз. Эркинлик маъносини уни йўқотганингизда тушунасиз."

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги матбуот котибининг Би-би-сига айтишича, "муддатли ҳарбий хизматга қайтиш ҳақида мутлақо ҳеч қандай таклиф йўқ".

Британия ҳукумати 2024 йилда ўз қуролли кучларига кўплаб таҳдидларга, жумладан, Россиянинг Украинадаги тажовузига қарши курашиш учун 50 миллиард фунт стерлинг ажратилишини ва "қуролли кучларни ёллаш ва сақлашни яхшилаш энг муҳим вазифа" эканини айтди.

Мусиқачилар Виллем Сарапуу ва Ҳендрик Тамберг
Сурат тагсўзи, Мусиқачилар Виллем Сарапуу ва Ҳендрик Тамберг Эстонияни намойиш этишнинг бошқа усуллари борлигига ишонишади.

Ҳарбий хизмат уйғониш даврини бошдан кечираётган бўлиши мумкин, аммо бу барча ёш эстонияликлар унга чексиз иштиёқ билан қараётганини англатмайди.

Пойтахт марказидаги "F-Hoone" баридаги иссиқлик ва шовқин чақирилувчилар машғулот ўтаётган ёмғирли ўрмондан анча олисда.

Пойтахт турли жанрларда жонли ижроларни ўз ичига олувчи ҳар йили ўтказиладиган Таллин мусиқа ҳафталигига тайёргарлик кўрмоқда.

Саҳнага чиққанлар орасида мамлакат жануби-ғарбидаги қирғоқ бўйидаги Парну шаҳрида ташкил этилган рок гуруҳи The Boondocks ҳам бўлади.

"Мен аскар эмасман", дейди ўзининг "Smokin' Aces" трекида 25 ёшли Виллем Сарапуу.

Аммо икки ой давомида у ҳам аскар формасини кийди.

"Аввалига, буни хоҳламадим", деб тан олади у.

"У ерга кўнгиллилар кўп деб ўйламайман."

Унинг айтишича, аввалига кўп руҳий зўриқиш бўлган.

"Ҳаммадан, дунёнинг қолган қисмидан ажралиб қоласиз, лекин ҳали ҳам Таллиндасиз, шунинг учун бу ғалати кўринади."

Дастлабки жисмоний тайёргарликдан сўнг, Виллем қолган олти ойни ҳарбий оркестрда ўтказди ва охир-оқибат Мустақиллик куни парадида чиқиш қилди.

"Ҳақиқий хизмат қилаётган дўстларим устимдан кулишди - ижобий маънода. Аммо мен худди шундай қилдим: ватанингни тамсил қилиш учун хандақда бўлишинг шарт эмас."

Унинг ёнида 28 ёшли гуруҳ аъзоси Ҳендрик Тамберг ўтирарди.

Эътиқодий сабабга кўра уни ҳарбий хизматдан озод қилишди ва бунинг ўрнига бир йил давомида руҳий саломатлиги муаммоси бўлаган кексаларга қаради.

"Бу иш фойдали эди, лекин одамлар ўрмондаги оғир шароитда топиладиган дўстлашиш йўқ эди. Менга нимадир етишмаётгандек туюлди."

Вокалчи Виллемга келсак, у ҳарбий машғулотларини қувончли хотиралар билан эслайди. Бу унинг тенгдошларининг Россия ҳужуми эҳтимолидан жамоавий ташвишидан қанчалик фарқини кўрсатади.

"Агар мен одамларнинг ихтиёр эркинлиги ҳақида ўйласам, ҳарбий хизматга одамларни мажбурлаш яхши эмас", деб ўйлайди у.

"Аммо Эстония каби жуда кичик мамлакат ҳақида гап кетганда, бу керак. Акс ҳолда, бу давлат ортиқ мавжуд бўлмайди".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002