"Биз сени Россияга топширамиз, фақат йиғлама”. Нега Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон сиёсий муҳожирлар учун хавфли?

    • Author, Амалия Затари
    • Role, BBC

Россия ички паспорти билан кириш мумкин бўлган давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон - Украинада уруш бошланганидан кейин Россияда сиёсий сабабларга кўра жиноят иши очилган россияликлар қочадиган жойга айланди. Бу давлатлар Россия билан яқин алоқалари ва қидирув бўйича умумий ҳамкорлиги сабабли россиялик сиёсий муҳожирлар учун хавфсиз эмас.

Би-би-си анархист Лев Скорякин мисолида муҳожирларни қандай хавф-хатарлар кутаётгани ва ҳуқуқ фаоллари россияликларга саёҳат ҳужжатларини олиш ва Европага кетишга қандай ёрдам бераётганини сўзлаб беради.

Алоқадор мавзулар:

2022 йил кузида 22 ёшли анархист Лев Скорякин Россияни тарк этиши кераклигини тушунди. Деярли бир йил давомида у 2021 йили Москвадаги ФСБ биноси яқинида безорилик содир этганлик учун тергов қилинаётган эди. Шундан сўнг, сўл ва ўта сўл ташкилотларнинг ҳозирда фаолиятини тўхтатган "Сўл блок"нинг икки фаоли бино дарвозаси олдида "Чекистлар куни муборак" ёзуви туширилган баннерни очиб, ёқиб юборган эди.

Скорякиннинг таъкидлашича, у митингда бўлмаган ва унда ким иштирок этганини билмайди. Шунга қарамай, 2021 йил охирида, унинг атишича, хавфсизлик кучлари унинг уйига бостириб киришган ва узоқ вақт давомида калтаклаб уни акциядаги иштирокини тан олишга мажбурлаган. У ва ўша ишда иштирок этган яна бир шахс Руслан Аббасов олти ойни тергов изоляторида ўтказган, кейин шартли асосда озод қилинган.

Аммо Скорякинга келажаги қоронғи кўринарди. Безорилик ҳақидаги моддага кўра, у етти йилгача қамалиши мумкин. Украинадаги урушдан кейин ўзгача фикрлиларга тоқат қилиниши янада камайганини ҳисобга олса, бу хавф анча реал кўринади. Охирги томчи Аббасовнинг хорижга кетиши бўлди. Скорякиннинг ўзи мунтазам равишда суд мажлисларида қатнашган, аммо иккинчи айбланувчи Россиядан қочиб кетганидан кейин уни яна тергов изоляторига жўнатишлари мумкинлигини тушунган.

2021 йил охирида Скорякинни ҳибсга олган ФСБ ходимлари унинг халқаро паспортини мусодара қилишди, шунинг учун борадиган жойи йўқ ҳисоби эди. Россия ички паспортидан фойдаланган ҳолда Россия фуқаролари Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистонга боришлари мумкин. Хавфсизлик кучлари россияликлар билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган Беларусни унутса ҳам бўларди. Ҳуқуқ ҳимоячилари билан маслаҳатлашганидан сўнг, Скорякин 2023 йил январида Бишкекка етиб борди.

"Баъзида бир вақтда ҳаммани олиб чиқиб кетамиз"

Украинада уруш бошланиб, Россияда сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, россиялик сиёсий фаоллар, журналистлар ва ижтимоий фаоллар Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистонга қоча бошлади, уларга нисбатан Россияда сиёсий мотивлар билан жиноят ишлари очилди. У ерга рус ҳарбийлари ҳам, урушда қатнашишни истамаган сафарбар қилинганлар ҳам қочди.

Дарҳақиқат, сиёсий жиноят ишлари билан шуғулланганлар ва қочган ҳарбий хизматчилар ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолган эди - биринчисининг чет эл паспортлари тергов томонидан, иккинчисиники эса ҳарбий қўмондонлик томонидан олиб қўйилган. Уларнинг иккаласи ҳам Россия дипломатик миссияси ҳудудида ҳибсга олиниши эҳтимоли туфайли Россия элчихонасида янги паспорт ололмайди (уруш бошланганидан кейин Россия ҳукумати қочоқлик учун максимал жазони 15 йилгача оширди).

Шу манзарада, ватанида жиноий таъқибга учраган россияликларга мамлакатни тарк этишга ёрдам берадиган бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари пайдо бўлди - улар авиачипталар сотиб олади, эвакуация йўналишини тузади ва кейинги ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беради.

«Вывожук» ана шундай ташкилотлардан бири бўлиб, 2022 йил октябрь ойида ишга туширилган. «Вывожук»нинг эвакуация бўйича координаторининг Би-би-сига айтишича, ташкилот иш бошлаганидан буён улар Россиядан "тергов остидаги ёки хавфли вазиятларда" 110 дан ортиқ одамни эвакуация қилишган.

"Жиноят ишида бир неча киши бўлиши мумкин. Баъзан биз барча айбланувчиларни бир вақтда олиб чиқиб кетамиз. Баъзан уларнинг энг яқин қариндошларини - турмуш ўртоқлари ва болаларини бирга олиб кетамиз», дейди Би-би-си суҳбатдоши.

Худди шу ишда Скорякин билан бирга айбланган Руслан Аббасовга Россияни тарк этишга ёрдам берган ташкилот «Вывожук» эди. Аммо «Вывожук» Аббасовга эвакуация қилишда ёрдам бера бошлаган пайтда, Скорякин Россияни тарк этишни хоҳламади. У ҳам кетишга қарор қилганида, "Rapid Response Unit" ташкилоти унга ёрдам берди - улар унга авиачипта сотиб олиб, Бишкекдаги вақтинчалик бошпанага жойлаштирдилар.

2022 йил апрель ойида ишга туширилган Rapid Response Unit ёрдамида икки йил давомида Россиядан юзга яқин одам эвакуация қилинди, дейди Би-би-сига ташкилот координатори.

Қирғизистонда Скорякин бир томондан енгил нафас олган бўлса, иккинчи томондан ҳамон ўзини хавфсиз ҳис қилмади. "Қирғизистонда бўлганимда, агар кетмасам, мени ҳибсга олишади ва экстрадиция қилишларини ҳис қилганман", деди у Би-би-сига.

Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон Россия билан биргаликда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо. Унинг бошқа аъзолари Беларус ва Тожикистондир. Блокка аъзо мамлакатлар умумий қидирув базасига эга ва ўз ватанида федерал қидирувга берилган россияликлар эртами-кечми КХШТ қидирувига қўйилади.

Умумий қидирув базаси ва КХШТга аъзо бошқа давлатларнинг Россия билан турли соҳаларда (шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари даражасида) яқин ўзаро алоқалари туфайли бу мамлакатларни россиялик сиёсий фаоллар ва Россия армиясидан қочганлар учун тўлиқ хавфсиз деб аташ қийин. Бу мамлакатларда Россия талаби билан ҳибсга олиниш хавфи бошқаларга қараганда анча юқори.

Скорякин бу хавфдан хабардор эди ва уруш бошланганидан кейин Бишкекка кетган бошқа руслар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилди. "Улардан бири ҳибсга олинса, мен ҳақимда ҳеч нарса демаслиги учун", дея тушунтиради у.

Скорякин таниши билан вақтинчалик бошпанадан сўнг ўша таниши паспортидан фойдаланган ҳолда кўчиб ўтган хостелда хона ижарага олдилар. Скорякин Россия паспортини ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қилди.

Бишкекка келганидан сўнг у ёрдам сўраб InTransit инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаат қилди. У 2022 йил март ойида хорижда, асосан, Германияда истиқомат қилувчи руслар томонидан "Россияда таъқиб остида бўлган ва урушга рози бўлмаганларга мамлакатни тарк этиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга ёрдам бериш учун" яратилган", дейди Би-би-сига ташкилотнинг исми сир қолишини сўраган координатори.

InTransit ишга туширилган пайтдан бошлаб жорий йил март ойи бошигача ҳуқуқ ҳимоячилари у ерда жиноий жавобгарликка тортилган 70 кишини Россиядан чиқариб юборишди, шунингдек, 465 нафар россияликка Европа гуманитар визаларини олишга ёрдам беришди.

Сафар ҳужжатлари

Уруш бошланганидан сўнг, Европа давлатлари русларга Шенген визаларини олишни сезиларли даражада қийинлаштирди ва баъзилари, масалан, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари уларни Россия фуқароларига беришни бутунлай тўхтатди. Шу сабабли, ўз ватанларида сиёсий таъқиб остида бўлган, назарий жиҳатдан Европада сиёсий бошпана сўраши мумкин бўлган россияликларнинг аксарияти буни қила олмай қолди - учинчи давлатдан бориб сиёсий бошпана сўраш ҳам мумкин эмас. Визасиз ва паспортсиз улар Европага етиб бора олмайдилар.

Баъзи Европа давлатлари, уруш бошланганидан сўнг, русларга гуманитар визани олиш имкониятини очди, аммо фақат айрим давлатларгина русларга вақтинчалик саёҳат ҳужжатларини беришга тайёр эди (турли давлатлар паспорт ололмаган чет элликларга берадиган ҳужжат).

Россиялик сиёсий муҳожирларга вақтинчалик саёҳат ҳужжатларини беришга тайёр бўлган ягона Европа давлатлари Германия ва Франция эди, дейди ҳуқуқ фаоллари. Немис саёҳат ҳужжати «эрзац» паспорти, французча эса «лессе пассé» деб аталади.

"Эрзац паспортлари камдан-кам учрарди ва паспорти йўқ кўп сонли россияликлар жиноий жавобгарликка тортилишидан олдин бу паспортлар ҳақида ҳеч ким билмас эди, - дейди InTransit координатори. - Ҳозир ҳам одамлар Германияга келиб, миграция бўлимларига борганида уларнинг ходимлари кўпинча бу қандай ҳужжатлигини тушунолмай каловланиб қолади."

InTransit хабарига кўра, уруш бошланганидан кейин немис эрзац паспортини олган биринчи россиялик сиёсий фаоллар DOXA журналистлари бўлган. 2022 йил апрель ойида Россия суди уларга ҳукм чиқарди - вояга етмаганларни митингларга жалб қилганлик айблови билан тўрт журналист икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. 2021 йил бошида тинтувлар чоғида уларнинг чет эл паспортлари мусодара қилинган ва суд ҳукмидан сўнг Россия ички паспортидан фойдаланиб Арманистонга қочишган.

"Биринчи эрзац паспортлари жуда қийин ва узоқ вақтда Германия сиёсий ҳомийлигида турли хил мураккаб келишувлар орқали амалга оширилди. Буларнинг барчасини зудлик билан қилиш кераклигига қарамай, икки ой вақт кетди", дейди InTransit координатори. Журналистлар Арманистондан Германияга 2022 йил август ойида етиб келишган.

2023 йил баҳорига келиб, Россияда жиноий таъқибга учраганлиги сабабли у ердан кетган Бишкекдаги биринчи тўрт нафар россиялик немис эрзац паспортини олишга муваффақ бўлди. Улардан бири Санкт-Петербурглик фаол Борис Романов. Унга қарши Россияда армия ҳақида сохта хабар тарқатганлик айблови билан жиноят иши очилган. У Би-би-сига август ойида оиласи билан Бишкекка жўнаб кетганини, 2023 йил мартида эса сафар ҳужжатларини олгач, Германияга кетганини айтди.

Чегара назоратидан ўтишда ҳеч қандай муаммо бўлмаган - унинг айтишича, чегара базаларига кириш имконига эга бўлган Қирғизистондаги маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари унга исмининг ёнида қидирувга берилгани ҳақида белги йўқлигини айтишган. Россиядан қочган Романов Россияда федерал қидирувга берилган, кейин эса давлатлараро қидирувга берилиши керак эди, аммо шундай қилинганми ёки йўқ, номаълум.

Ўшанда Қирғизистондаги давлатлараро қидирув маълумотлар базалари КХШТга аъзо бошқа давлатлар билан солиштирганда узоқ вақт давомида янгиланмаган бўлиши мумкин. Яъни давлатлараро қидирувга берилганидан кейин ҳам одам бир мунча вақт бу давлатда ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин эди, деган эди Давид Истеев Би-би-сига ўтган йили. У ЛГБТ вакилларига Шимолий Кавказни тарк этишда кўп йиллардан бери ёрдам бериб келаётган СК SOS (Россияда "хорижий агент" сифатида тан олинган) инқироз гуруҳи раҳбари.

"Қирғизистон нисбатан хавфсиз давлат ҳисобланган"

Анархист Лев Скорякин 2023 йил баҳорида Бишкекда яшаган ва гуманитар визани олишга ҳужжатлар тўплаган. Май ойи охирига келиб у ариза топширди ва Германия консуллигидан аризаси бўйича қарор кута бошлади. Июнь ойи бошида эса Скорякин Қирғизистонга келганидан бери қўрққан воқеа содир бўлди - у Россия талабига биноан маҳаллий хавфсизлик кучлари томонидан Бишкекда ҳибсга олинди.

Бишкек суди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сўровига кўра, Скорякинни Россияга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор чиқарилгунга қадар уни маҳаллий тергов изоляторига ҳибс қилди. Россияга экстрадиция қилинмаслик учун Скорякин Қирғизистондан сиёсий бошпана сўради.

"Бишкекдаги тергов изоляторида мен бир адвокатдан (Қирғизистонда Скорякинга ҳуқуқий ёрдамни маҳаллий "Адолат» юридик клиникаси жамғармаси кўрсатилган) ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, InTransit ёрдам бермоқчилиги ҳақида эшитдим. Улар немислар билан менга инсонпарварлик визасини бериш бўйича музокаралар олиб борган", деб эслайди Скорякин.

Скорякин ҳибсга олинганидан кейин InTransit ҳуқуқ ҳимоячилари Германия консуллигига вазият ҳақида хабар берди ва улар "жуда тез муносабат билдириб, унинг аризасини тезкор тартибда кўриб чиқди", дейди ташкилот координатори.

Ўшанда Қирғизистон КХШТнинг бошқа мамлакатларига нисбатан хавфсиз, Қозоғистон эса энг хавфли деб ҳисобланган, дейди улар InTransit.

Айнан Қозоғистондан 2022 йил охирида сафарбарликдан қочган Федерал Қўриқлаш Хизмати майори Михаил Жилин Россияга депортация қилинди, кейин у олти ярим йилга қамалди. Кейин, 2023 йил февраль ойида Россияда терроризмни оқлашда айбланаётган 19 ёшли ростовлик анархист Денис Козак Қозоғистонда ҳибсга олиниб, маҳаллий тергов изоляторига жўнатилди. Бир йил қамоққа олингандан сўнг фаол Германияга кетишга муваффақ бўлди.

"Ўша пайтда Қирғизистонда бундай воқеа бўлмаган. Шунинг учун одамлар у ерда ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишарди ва гуманитар визалар учун хотиржам ҳужжат йиғарди", дейди InTransit координатори.

Кейин, 2023 йил июнь ойи бошида Қирғизистонда юзни таниш функциясига эга "Хавфсиз шаҳар" видеокузатув камераси тизими ишлай бошлади, мамлакат россиялик сиёсий фаоллар учун хавфсиз бўлмай қолди. Қирғизистон кўчаларида камералар 2019 йил бошида пайдо бўла бошлаган, бироқ ўша пайтда улар ҳали юзни таниш функциясига эга эмас эди. Уларни ўрнатиш бўйича тендерда Россиянинг «Ростех» давлат корпорациясининг шўъба корхонаси бўлган «Вега» рус концерни ғолиб чиқди.

Янги тизим учун Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари давлатлараро қидирувга қўйган 85 мингдан ортиқ шахс ҳақида маълумот берган ва Қирғизистондаги база янгиланган.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Би-би-сига айтишича, янги тизим норасмий равишда эртароқ, 2023 йилнинг баҳорида ишлай бошлаган. Маҳаллий хавфсизлик кучлари май ойи охирида Бишкекда Россияда Россиянинг Березовск шаҳрида ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига ўт қўйишда айбланган россиялик фаол Алексей Рожковни ҳибсга олишган.

Би-би-си ўтган йил июнида Рожков қандай қилиб Бишкекда ўғирлангани, сўнг аэропортга олиб кетилгани ва у ерда Россия хавфсизлик кучларига топширилгани ҳақида батафсил хабар берган эди. Ҳозир у Россия тергов изоляторида - 22,5 йиллик қамоқ жазоси кутилмоқда. Ўғирлаб кетилгандан сўнг, ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига ўт қўйганлик учун мулкка зарар етказиш айблови терроризм ҳақидаги моддага ўзгартирилди ва яна терроризмни оқлаш ва армия ҳақида сохта хабар тарқатиш айблови ҳам қўшилди.

Скорякин Бишкекда "Хавфсиз шаҳар" тизими расман ишга туширилгандан кейинги дастлабки кунларда қўлга олинган. Ундан ташқари шаҳарда Россияда экстремизмда айбланган россиялик фаол Алена Крилова ҳам ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганидан кейин у ҳам маҳаллий тергов изоляторига юборилган.

Рожковнинг ўғирланиши ва Скорякин ва Крилованинг ҳибсга олинишидан олдин Германия ҳукумати Қирғизистондан инсонпарварлик визаси олиш учун аризаларни умумий тартибда кўриб чиқди ва Қозоғистонга устувор диққат қаратди, чунки у ўша пайтда россиялик фаоллар учун хавфлироқ ҳисобланган. "Аммо биринчи ҳибсга олишлардан кейин улар Қирғизистонга устувор аҳамият бера бошладилар", дейди InTransit.

Скорякин 2023 йил сентябрида Бишкекдаги тергов изоляторидан озод этилганидан кейингина виза олишга муваффақ бўлган. Фаол Крилов ҳам озод қилинган, бироқ шундан сўнг у номаълум шароитда Россияга қайтишга қарор қилган. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Би-би-си билан суҳбатда уни Россияга Россия хавфсизлик кучлари олиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Ўтган йил декабрида Россия суди уни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Скорякин тергов изоляторидан чиққач, Германиянинг эрзац паспортини олиш учун ариза топширган ва унинг тайёр бўлишини кутиб, Бишкекда яшаган. У ҳужжатни Германия консуллигидан икки ойдан кейин, 16 октябрь куни олган.

Тўғри, бундан олдин 12 октябрь куни ҳам ҳибсга олинган эди: ўша куни Владимир Путин Бишкекка етиб келди ва маҳаллий Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Скорякинни "ҳар эҳтимолга қарши" ташриф давомида ҳибсга олишга қарор қилишди. Бир неча соатлик ҳибсдан сўнг у қўйиб юборилди, аммо Скорякиннинг Россия паспорти Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида қолди, хавфсизлик кучлари уни қайтариб беришга ваъда беришди, лекин қайтаришмади.

"Биз сени Россияга топширамиз, фақат йиғлама"

Эрзац паспортини олган Скорякин Россия паспортини олиш учун Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига боришни ўйлади, аммо ўша куни кечқурун департамент ходимларининг ўзлари унинг хостелига келиб, уни машинада олиб кетмоқчи эканликларини айтишди.

"Мен машинага ўтирганимда, улар мени аэропортга олиб боришларини ва у ердан Рожков каби Россияга олиб кетишларини аниқ билардим. Машинага ўтирганимда улардан сўрадим: "Хўш, идорангизга борамизми ёки тўғри аэропортгами?" Улар менга ҳеч нарса демадилар", дейди Скорякин Би-би-сига.

Бир пайт Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг яна бир ходими қўлида Скорякиннинг Россия паспорти билан машинага ўтирди. "Биз сени Россияга топширамиз, йиғлама" деди», деб эслайди Скорякин.

Шундан сўнг у Бишкек аэропортига олиб кетилган ва Россия расмийларига топширилган. Улар дарҳол унинг қўлига кишан солиб, паспорт назоратини четлаб ўтиб, самолётга кузатиб қўйишди. Скорякин Бишкек-Москва йўналиши бўйича оддий йўловчи рейси билан Россияга учиб кетаётган эди, унга фуқаролик кийимида ҳамроҳлик қилаётган хавфсизлик кучлари қирғизистонлик ҳамкасблари каби бир оғиз ҳам гапирмади. Скорякин бутун парвозни қўллари кишанда ўтказган ва бошқа йўловчилар, бу ғалати ҳолатга эътибор бермаган.

Москванинг Домодедово аэропортида Скорякин ФСБнинг бошқа ходимларига топширилган, улар дарҳол уни алоҳида хонага олиб бориб, телефонини қулфдан чиқаришни талаб қилишган. Рад этгач, уни камералар ва деразаларсиз бошқа хонага олиб кетишган. "Эҳтимол, бу хона аслида бошқа мақсадга мўлжалланган эди, лекин менинг вазиятимда у калтаклаш камераси сифатида ишлатилди", деб эслайди у.

Унинг айтишича, ходимлар яна индамай ишлашган: бири Скорякинни урди, қолганлари эса шунчаки томоша қилди. Натижада, анархист қийноқларга чидай олмади ва телефонни қулфдан чиқаришга рози бўлди, аммо хавфсизлик кучлари ундан ҳеч нарса топишга улгурмади - телефон қувватсизланиб қолди, мос қувватлагич эса йўқ эди.

"Кейин тергов бошланди. Улар жиноят иши қўзғатилгунга қадар нима билан шуғулланганим, акция куни ФСБ билан нима содир бўлгани, Россияни қандай тарк этганим ҳақида саволлар беришди. Улар ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақида сўрашди, лекин мен ўзим кетганимни айтганимдан уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Улар мен ҳеч нарса билмайдиган «Ковчег» (Россияда "хорижий агент" сифатида тан олинган) ташкилоти ҳақида сўрашди. Улар мени ким мамлакатдан олиб чиққанини билишни хоҳлашаётганди", деб эслайди Скорякин.

Шундан сўнг, Москва суди уни сиртдан ҳибсга олди. Қамоқхонада Скорякин Рожков сингари унга ҳам жиддийроқ айбловларни кўпайтиришларидан қўрқди, аммо 2023 йил декабрь ойида суд кутилмаганда уни жарима белгилаб озод қилди. Шу йил бошида Скорякин яна Россияни тарк этди, лекин Қирғизистонга эмас, Арманистонга.

У немис ҳужжатларини қайта тиклаши керак эди. "Лев ўзининг эрзац паспортини Бишкекда қолдирган, гуманитар визаси ҳам ўшанда қолиб кетганди. Бундан ташқари, унинг муддати аллақачон ўтган эди, - деб тушунтиради InTransit, - Яъни 2023 йил декабридан 2024 йил мартигача у янги гуманитар виза ва эрзац паспортига ҳужжат тайёрлади."

Арманистонда янги ҳужжатларни кутаётганда, уруш туфайли Россияни тарк этган рус муҳожирларига ёрдам берадиган «Ковчег» лойиҳаси уни бошпана билан таъминлади. Россия хавфсизлик кучлари Домодедовода сўроқ пайтида Скорякиндан «Ковчег» ҳақида ҳам сўрашган эди.

«Ковчег» асосчиси Анастасия Буракованинг Би-би-сига айтишича, лойиҳада Арманистонда бошпана бор эди ва Скорякин вақтинча шу ерда яшаган. Аммо шу йилнинг февралидан бошлаб бошпана форматидан воз кечишга тўғри келган. "Пул йўқ", деб тушунтирди у ва «Ковчег» ҳали ҳам "Россияни тарк этган таъқиб остидагиларга уй-жой билан ёрдам беради" деб қўшимча қилди.

2024 йил март ойида Скорякин ниҳоят Берлинга етиб олди.

2023 йил октябрь ойида Скорякин Россия тергов изоляторида топилгач, Би-би-си Қирғизистон Бош прокуратураси ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига унинг Бишкекда ҳибсга олиниши юзасидан сўров юборган. Мамлакат Бош прокуратураси Би-би-сига Скорякинни Россияга экстрадиция қилишни рад этишга қарор қилганини ва 2023 йил сентябрида тергов изоляторидан чиққанидан сўнг унинг қаердалиги номаълумлигини айтди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Би-би-си сўровини жавобсиз қолдирди.

Ушбу материални тайёрлаш жараёнида Би-би-си Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига Скорякиннинг Россияга қонуний тартиб доирасида юборилганига ойдинлик киритишни сўраб яна сўров юборди. Қирғизистон давлати ўзидан сиёсий бошпана сўраган шахсни Россияга экстрадиция қилди, бу халқаро келишувлар билан бевосита тақиқланган. Материал эълон қилинган вақтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сўровга жавоб бермади.

Қочқинлар

КХШТга аъзо давлатларга қочган сиёсий фаоллар секин-аста Европа ҳужжатларини олиб, жўнаб кетишмоқда. Аммо бу мамлакатларда россиялик дезертирлар билан боғлиқ вазият деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Украинадаги урушда қатнашишни истамаган ҳарбий хизматчиларнинг Россияни тарк этишига ёрдам берувчи "Идите лесом" лойиҳаси раҳбари Григорий Свердлиннинг айтишича, ҳозирда Россиядан КХШТ давлатларига қочган 400 дан ортиқ россиялик дезертирлар бор.

"Уларнинг ярми сафарбар қилинган, 40 фоизи шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, 10 фоизи бошқалар (офицерлар, муддатли ҳарбий хизматчилар…)", дейди Свердлин Би-би-сига.

Дезертирлар Европа гуманитар визаларига мос келмайди ва улар учун махсус виза тури мавжуд эмас. Бу россиялик дезертирларни қонуний қабул қилиш билан боғлиқ маълум хавотири бор европалик сиёсатчиларга боғлиқ.

"Биринчидан, уларни қандай текширишни билишмайди. Ҳар турдаги дезертирлар бор, Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашганлар бор, Украинага етиб бормасдан қўшиндан қочганлар бор. Буларнинг барчаси халқаро вазият нуқтаи назаридан ва Украина томони муносабати нуқтаи назаридан қаралса, қийин масала. Европа ҳукуматлари рус жосуслари ва агентларидан қўрқади, қурол ишлатишни биладиган кўплаб одамларни Европага киритишни исташмайди", деб тушунтиради InTransit.

Ҳуқуқ ҳимоячилари яқин келажакда бу масалада ўзгаришлар бўла бошлайди, деб умид қилмоқда: "Афсуски, бу Германияда эмас. Францияда бироз кўпроқ сиёсий ирода бор деган фикр бор».

Ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум бўлган, Олмонияга кетишга муваффақ бўлган ягона россиялик дезертир асли украиналик бўлгани учун Украинадаги урушга боришдан бош тортган Россия армияси собиқ артиллериячиси эди. Россияни тарк этиб, КХШТ давлатларидан бирига бориб, у IT мутахассислигини ўзлаштирди, сўнг Германияда ишлаш визаси билан кетди.

Бу InTransit, Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси ва миграция бўйича адвокат биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга ошди, деди ҳуқуқ ҳимоячилари Би-би-сига. У Би-би-си билан гаплашишни истамади, бироқ ўтган йил сентябрида у «Василий» номи билан "Deutsche Welle" (Россияда нашр "хорижий агент" сифатида тан олинган) билан аноним тарзда гаплашган.

"Ўғирлашлар бошланди"

Немис эрзац паспортлари ва француз лессе-пасселарини олгандан кейинги қадам сафарни ташкил этишдир. Европа ҳужжатларига қарамасдан, бу одамлар давлатлараро қидирувда ва КХШТ қидирувида тураверади. Демак, чегарачилар уларни ҳибсга олишга мажбур.

Бунга йўл қўймаслик учун маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари маҳаллий бўлимлар билан келишиб, одамларни олиб ўтиши мумкин. Ушбу уч мамлакатнинг ҳар бири билан бу келишувлар ҳар бир аниқ шахс учун индивидуал асосда эришилади. Ҳуқуқ фаоллари Би-би-сидан фаоллар хавфсизлиги учун уларни аниқ кўрсатмасликни сўради.

Бишкекдаги ҳибслар, Рожков ва Скорякинлар Россияга депортация қилинганидан сўнг, аввалига паспортсиз россияликларни Қирғизистонга эвакуация қилган Rapid Response Unit одамларни у ерга олиб боришни тўхтатди ва у ердаги бошпаналарини ёпди. Ҳозир ташкилот одамларни Арманистонга олиб бормоқда. "Бизнинг у ерда бошпана йўқ, шунинг учун чипта сотиб олиб берамиз ва яшаши учун моддий кўмак берамиз", деб тушунтирди Би-би-сининг ташкилотдаги манбаси.

Би-би-си суҳбатлашган бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам Арманистон Россия фаоллари учун Қирғизистон ёки Қозоғистондан кўра хавфсизроқ эканлигини айтмоқда. «Вывожук"даги эвакуация бўлими координатори айтишича, ҳозир улар Россиядан фақат Арманистонга одамларни эвакуация қилмоқда. "Арманистон ҳали ҳам Қозоғистондан бир оз хавфсизроқ кўринади, у ердан ҳали ҳеч ким депортация қилинмаган, - дейди Свердлин.

Бироқ, Арманистонда аллақачон Россия армиясидан қочганларни ўғирлаш билан боғлиқ икки ҳолат қайд этилди. Улардан бири ўтган йил охирида содир бўлган: ўшанда Свердлин хабар берганидек, Россия армиясидан қочган ҳарбий хизматчи Дмитрий Сетраков ўғирлаб кетилганидан кейин Гюмридаги Россия ҳарбий базаси ҳудудида ушлаб турилган. Шундан сўнг уни Россияга олиб кетишди. Апрель ойи бошида Арманистонда яна бир россиялик дезертир ғойиб бўлди, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, у ҳам Гюмридаги ҳарбий базада сақланаётган бўлиши мумкин.

InTransit бу ҳолатга хавотир билан қарайди: "Иккала ҳолатда ҳам дезертирлар ўғирлаб кетилган. Аммо одам ўғирлаш содир бўла бошлаганда бугун улар дезертир бўлса, эртага эса сиёсий бўлади. Фикримизча, Арманистон ва бошқа ҳар қандай давлат ҳукумати Россиянинг урушига рози бўлмагани учун мамлакатни тарк этганларнинг ўғирланиши олдини олиши керак".

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek