Россия нега концерт залдаги қирғин учун Украинани айблашга бунчалар зўр бермоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Стив Розенберг
- Role, Россия бўйича муҳаррир
Ҳаммаси ишоралардан бошланди. Шаъмалар. Энди эса айблов учун ҳеч қандай тўсиқ қолмаяпти.
Россия ҳукумати ўтган ой Москва яқинидаги "Крокус Сити" концерт залида 145 киши ўлимига сабаб бўлган қирғин ортида Украина ва Ғарб тургани ҳақидаги айбловни зўр бериб такрорлаяпти.
"Исломий давлат" гуруҳи ҳужум учун масъулиятни тезда ўз зиммасига олди. Аммо жангарилар қўлга олинганидан кўп ўтмай, президент Владимир Путин уларнинг Украина билан алоқаси борлигига ишора қилди.
Алоқадор мавзулар:
- Россия: "Крокус Сити Ҳолл"га ҳужумда тожикистонлик ҳар бир меҳнат муҳожири айбдорми?
- Москвадаги ҳужум: Ҳозирча нималарни биламиз ва ИД нега Россияни нишонга олиши мумкин?
- "Islomiy Davlat-Xuroson" qanday tashkilot va nega ular Moskvadagi konsert saroyiga hujum qilishdi?
- Тожик, ўзбек, қирғиз... - Россия босим қилмоқчими ёки Кремль нимани кўзлаяпти?
Дам олиш кунларида Россия давлат телевидениеси Тожикистон фуқаролари бўлган тўрт айбланувчининг сўроқлари акс этган видеони кўрсатди. Эркаклардан бири камерада ҳужумдан кейинги режа "Киев томон кетиш" бўлганини айтди.
Уларнинг сўзларига жуда эҳтиёткор қараш керак, чунки ҳибсга олингандан сўнг судга олиб келинган вақтда уларда қийноқ аломатлари аниқ кўриниб турган эди.
Репортаж берган Россия телевидениеси мухбири бир қатор ғалати даъволар қилди:

Сурат манбаси, .
"Ҳужумдан сўнг Ғарб манбалари ва Россиядаги кўплаб "хорижий агентлар" ўз эътиборини Украина билан алоқадан "Исломий Давлат"га қарата бошлади».
Россияда кўплаб Кремлни танқид қиладиганлар гўёки чет элдан маблағ олгани ёки шунчаки "хорижий таъсир остида" ҳисоблангани учун "хорижий агент" деб аталади.
Ўша вақтда эътибор «ИШИД»га қаратилгани ажабланарли эмас эди.
Чунки ИШИД нафақат ҳужум ортида турганини ўзи даъво қилди, балки отишма акс этган видеони ҳам тарқатди.
Украина эса алоқаси борлигини рад этди. Қолаверса, Америка ҳам, Эрон ҳам Москвани Россия ҳудудига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида аввалроқ огоҳлантирган эди.
Россия давлат телевидениеси ўзининг 13 дақиқалик репортажида ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олгани ҳақида бир сўз айтгани йўқ.
Сўнг журналистнинг асоссиз айблови янгради: "Ғарб оммавий ахборот воситалари жабрланганлардан кўра 140 дан ортиқ ҳимоясиз одам ҳаётига зомин бўлган террорчиларга кўпроқ ҳамдард."
Бу Ғарбни Россия жамоатчилиги кўз ўнгида олабўжи кўрсатишга яққол уриниш эди.
Бу ҳақда нафақат Россия телевидениеси гапирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам айни даъволарни қилди. Вазирлик ўзининг Telegram каналида эълон қилган хабарида таъкидлашича, Ғарбда "Оммавий ахборот воситаларига фожианинг асл кўлами, теракт қурбонлари, ҳалок бўлган болалар сони ҳақида гапирмаслик бўйича қатъий буйруқ бор.
Россия халқига инсонийлик ва ҳамдардлик кўрсатишга йўл қўйилмайди".
Бу параллель реаллик. Би-би-си бундай буйруқни олмаган. Халқаро оммавий ахборот воситалари Крокус Ситидаги оммавий қирғин ва ёнғиннинг ҳалокатли оқибатларини кенг ёритди.
Ҳамдардлик масаласига келсак, кўплаб Ғарб дипломатлари Россия Ташқи ишлар вазирлигига ҳамдардлик китобига имзо чекиш учун ташриф буюришди ва кейинроқ Крокус Сити яқинида қурбонлар учун гул қўйишди.
Бу Россия расмийларини Украина ва Ғарбни айблашдан тўхтата олмади.
ФСБ раҳбари Александр Бортников Россия телевидениесига шундай деди:
"Биз бу ҳаракатни исломий радикаллар Ғарб разведка хизматлари кўмагида тайёрлаган деб ҳисоблаймиз. Бунда Украина разведка хизматлари бевосита иштирок этган".
Ўтган ҳафта президент Путин "Россия ислом фундаменталистлари террор ҳужумига нишон бўлиши мумкин эмас, чунки бизда конфессиялараро тотувлик, динлараро ва миллатлараро бирдамликнинг ўзига хос намунаси бор", деди.
Ваҳоланки, ўтган ой ФСБнинг ўзи ИШИДнинг Москвадаги ибодатхонага ҳужум уюштириш режасини йўққа чиқарганини маълум қилган эди.
Хўш, нега Россия раҳбарияти «Крокус-Сити»даги катта қурбонлар учун Украина ва Ғарбни айблашга бу қадар зўр беряпти?
Бу ерда баъзи эҳтимолий сабабларга тўхталамиз:
Душманни ўзгартирма!

Сурат манбаси, Getty Images
Кремль Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан, руслар ўзларининг асосий рақиблари Украина ва "коллектив Ғарб" эканлигига чин дилдан ишонишди.
Бу маҳаллий амалдорлар ўзгартиришни истамайдиган ишончдир. Зеро, агар Россия жамоатчилиги радикал ислом ўз хавфсизлигига Украина ҳукумати ёки Ғарб етакчиларидан кўра кўпроқ таҳдид солаётганига ишонса, нега Москва айнан шу таҳдидга эътибор бермай, Украинага қарши урушаётганини тушуна олмай қолиши мумкин.
Эътиборни чалғитиш
Ўтган ой президент Путин АҚШ элчихонасининг экстремистик ҳужум «муқаррар» эканлиги ҳақидаги огоҳлантиришини очиқчасига рад этган эди.
У террордан огоҳлантиришни "очиқ шантаж... жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш уриниши" деб атади. Шундан бир неча кун ўтиб, Крокус Сити концерт залига ҳужум содир бўлди.
Кейинроқ АҚШ расмийлари Россия расмийларига берилган разведка маълумотлари "аниқ, ўз вақтида ва ишончли" бўлганини айтишди. Киев ва Ғарбни тўхтовсиз айблаш АҚШ ўшанда Россияга қандай маълумотлар узатгани ва Россия расмийлари бунга қандай қарагани ҳақидаги саволдан эътиборни чалғитишга уриниш бўлиши мумкин.
Эскалация учун баҳона
Ҳужумга Киев ва Ғарбнинг алоқадорлиги ҳақидаги даъво Москвага Украинадаги урушнинг келажакда авж олдириш учун баҳона беради.
Аммо баъзи шарҳловчилар Россия расмийларини душманни хато аниқлаш сиёсий тизим учун ҳалокатли бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Лондон Университет коллежининг фахрий илмий ходими, сиёсатшунос Владимир Пастухов "Бу турдаги тизимлар одатда шундай ўлади", дейди.
"Улар кимни асосий душман деб кўришни истасалар ўшанга эътибор беришади ва бошқа жойда ҳақиқий душман пайт пойлайди. Бу орада [Россия ҳукумати] Украина, Ғарб ва либералларга эътибор қаратмоқда. Орқа эшик эса очиқ қолган. Ҳақиқий душман ўша томондан кириб келиши мумкин."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














