Янгиликлар: Facebook дунё ва ҳаётимизни аслида қандай ўзгартириб юборди? Yangiliklar

Марк Цукерберг

Сурат манбаси, NIALL KENNEDY

    • Author, Жо Тайди
    • Role, Кибер мухбир

Facebook ижтимоий тармоғига 20 йил тўлди. Бу вақт ичида у дунёни тўрт жиҳатдан ўзгартирди.

Юқоридаги суратга боқинг. Марк Цукерберг ва унинг бир неча дўсти Facebook'ни ишга туширганда у ана шундай кўринишда бўлган эди.

Ўшандан буён дунёнинг энг оммалашган ижтимоий тармоғи ўнлаб марта ранг-рўйини ўзгартирди.

Аммо унинг мақсади ўша-ўша: одамларни онлайн ришталар билан боғлаш ёки рекламадан бир дунё пул ишлаш.

Алоқадор мавзулар:

Платформа 20 ёшга тўлар экан, қуйида Facebook дунёни тўрт жиҳатдан қандай ўзгартиргани ҳақида сўзлаймиз.

1. Facebook ижтимоий медиа ўйинини ўзгартирди

Facebook'дан аввал ҳам MySpace каби ижтимоий тармоқлар бор эди. Аммо Марк Цукербергнинг сайти 2004 йили ишга тушгандаёқ кенгая бошлади ва бу турдаги тармоқ қанчалик тез ўсишини амалда кўрсатди.

iqtibos

Бир йилга бормасдан ундан фойдаланувчилар сони миллионга етди. Тўрт йилда MySpace'ни қувиб ўтди. Одамларни фотоларда "тэг" қилиш имконияти каби инновациялар уни янада оммалаштирди.

Кечаси камерани кўчага олиб чиқиб, ўнлаб фотосуратларда дўстларингизни белгилаш тунги ўсмирлик ҳаётининг муҳим қисми эди. Доимий ўзгариб турадиган лента ҳам илк фойдаланувчиларни ўзига тортарди.

2012 йилга келиб, Facebook фойдаланувчилари сони бир миллиарддан ошиб кетди. 2021 йил охирида кунлик фаол фойдаланувчилар сони биринчи марта қисқарган вақтни истисно қилсак, платформа ўсишда давом этди.

Интернет камроқ ривожланган мамлакатларга кенгайиб, бепул интернет таклиф қилиш орқали компания фойдаланувчилар мунтазам кенгайтирди. 2023 йил охирида Facebook 2.11 миллиард кунлик фойдаланувчига эга эканлигини маълум қилди.

Тан олиш керак, Facebook ёшлар орасида аввалгига қараганда камроқ машҳур. Бироқ, у дунёдаги энг оммавий ижтимоий тармоқ бўлиб қолмоқда ва онлайн ижтимоий муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди.

Баъзилар Facebook ва унинг рақобатчиларини ўзаро алоқани кучайтирувчи восита сифатида кўради. Бошқалар эса уларни ҳалокатга элтувчи восита деб билади.

2. Facebook бизнинг шахсий маълумотларимиз қимматини оширди ... ва уни камроқ шахсий қилиб қўйди.

Телефон

Сурат манбаси, Facebook

Facebook бизнинг нимани ёқтиришларимиз ва ёқтирмасликларимиз ҳақидаги маълумот жуда фойдали эканлигини исботлади.

Шу кунларда Facebook'нинг бош компанияси Meta реклама гиганти бўлиб, у Google билан биргаликда дунё реклама даромадининг асосий улушини олади.

Пайшанба куни Meta 2023 йил охирги чорагида таргетловчи реклама хизматларидан 40 миллиард доллардан (32 миллиард фунт стерлинг) ортиқ даромад олгани ҳақида хабар берди. Тахминан 14 миллиард доллар соф фойда олинган.

Аммо Facebook шахсий маълумотларни йиғиш қандай ҳолатларда хато бўлишини ҳам кўрсатди.

Meta шахсий маълумотларни нотўғри ишлатгани учун бир неча бор жаримага тортилди.

Энг шов-шувли воқеа 2014 йилда Cambridge Analytica можароси бўлиб, бунинг натижасида Facebook катта маълумотлар бузилиши бўйича даъвони ҳал қилиш учун 725 миллион доллар тўлади.

Facebook шунингдек, 2022 йилда шахсий маълумотларни сайтдан олишга рухсат бергани учун Европа Иттифоқига 265 миллион евро миқдорида жарима тўлаган.

Ўтган йили Ирландия Маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси Европа фойдаланувчилари маълумотларини юрисдикциядан ташқарига ўтказгани учун компанияга рекорд даражадаги 1,2 миллиард евро жарима солди. Facebook комиссия қарори устидан шикоят қилган.

3. Facebook интернетни сиёсийлаштирди

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трампнинг гуруҳи 2020 йилги сайлов олдидан Facebook рекламалари учун миллионлаб маблағ сарфлаган.

Нишонга оладиган реклама хизмати орқали орқали Facebook бутун дунё бўйлаб сайловолди ташвиқотининг асосий платформасига айланди.

Мисол учун, "Statista"тадқиқотига кўра, 2020 йилги АҚШ президентлик сайловлари олдидан беш ой ичида амалдаги президент Доналд Трамп жамоаси Facebook рекламаси учун 40 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Facebook, шунингдек, қуйи даражадаги сиёсатни ўзгартиришда ҳам қўл келди, турли фойдаланувчиларга глобал миқёсда ўз куяларини бирлаштириш, кампания қилиш ва режалаштириш имкониятини берди.

Facebook ва Twitter араб баҳори пайтида норозилик намойишларини мувофиқлаштириш ва содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги янгиликларни тарқатишда муҳим роль ўйнаган.

Бироқ Facebook'дан сиёсий мақсадларда фойдаланиш унинг баъзи оқибатлари, масалан, инсон ҳуқуқлари бузилиши сабабли танқид қилинган. 2018 йилда Facebook Мянмадаги роҳинжа халқига қарши "офлайн зўравонликни қўзғатиш"да платформадан фойдаланилгани ҳақида БМТ ҳисоботини тан олди.

4. Facebook Meta учун йўл очди

Марк Цукерберг

Сурат манбаси, Reuters

Facebook'нинг улкан муваффақияти туфайли Марк Цукерберг ижтимоий тармоқ ва технология империясини қурди. У фойдаланувчилар сони жиҳатидан тенгсиз бўлиб қолмоқда.

WhatsApp, Instagram ва Oculus каби истиқболли компаниялар Facebook соябони остида сотиб олинди ва ўрнини мустаҳкамлади. Шу билан компаниялар тармоғи 2021 йилда ўз номини Meta'га ўзгартирди.

Meta ҳозирда уч миллиарддан ортиқ одам ҳар куни камида битта маҳсулотидан фойдаланишини айтади.

Meta ўз рақобатчиларини сотиб ололмаганида, кўпинча ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун улардан нусха кўчиришда айбланган.

Facebook ва Instagram'да йўқолиб бораётган Stories функцияси Snapchat'нинг асосий функциясига ўхшайди; Instagram Reels видео алмашиш иловаси TikTok'ка жавоб бўлган; ва Threads эса Meta'нинг илгари Twitter номи билан танилган Х'га тақлид қилишга уриниши бўлди.

Рақобат кучайиши ва қатъий ўрнатилаётган қоидалар туфайли тактика ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлиб қолди.

2022 йилда Meta GIF ишлаб чиқарувчиси Giphy'ни Британия регуляторлари бозорда ҳукмронлик қилишдан қўрқиб, уни блоклаб қўйганидан сўнг зарарга сотишга мажбур бўлди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002