Бошқирдистонда бир фаолга чиқарилган суд ҳукми полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди. Нима маълум? Yangiliklar

Бошқирд фаоли

Сурат манбаси, SOTA/AFP VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Алсинов бошқирд тили ва табиати борасида қайғурган фаол саналади.

Бошқирдистонлик машҳур фаол Фаил Алсинов устидан суд ҳукми эълон қилинган куни Бошқирдистоннинг Баймак суди биносига бир неча минг киши келган.

У жамиятда нафрат уйғотгани учун тўрт йилга ҳукм қилинди. Бироқ Алсинов ўтирган маҳбус ташувчи машина бир неча соат давомида суд биносидан чиқа олмади - намойишчилар йўлни тўсиб қўйишди, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан тўқнашувлар бошланди.

2020 йилда Қуштау Шихонда (қадимий ноёб тепаликлардан бири) завод қуришга қарши чиққан Алсинов ўтган йили олтин қазиб олишга қарши митингдаги нутқи учун судланган эди.

Алоқадор мавзулар:

"Мени қўллаб-қувватлашга келган барчага катта раҳмат. Мен буни унутмайман. Мен айбимни тан олмайман. Мен ҳамиша адолат учун, халқим, республика учун курашганман. Яна кўришамиз. Буни кутмагандим, албатта. Тўрт йилга [умумий режимли] колонияга ҳукм қилишди. Апелляция берамиз", дейди у RusNews нашри чоп этган ёзувда.

Алсинов иши бўйича аввалги суд мажлисларида Баймакдаги суд биноси олдида юзлаб одамлар тўпланган, бироқ чоршанба куни янада кўпроқ одам тўпланди. Улар тарқалишдан бош тортишди ва "Уят!" деб қичқиришди.

namoyish

Сурат манбаси, T.ME/ALSYNOVBASHKORT

Полиция ходимлари қалқон ва елим тўқмоқлар билан оломонни Алсиновни олиб кетадиган машина ўтадиган дарвозадан узоқлаштириб, одамларни ҳибсга ола бошлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда намойишчилар бунга жавобан хавфсизлик кучларига қор тўпларини улоқтирганини кўриш мумкин.

ОАВ хабарларига кўра, намойишчилар билан тўқнашувлар чоғида хавфсизлик кучлари оломон ичига тутун ва кўздан ёш оқизувчи газ бўлган бир неча бомба отган. Шунингдек, бир қанча одам жароҳат олган ва суд биносига тез ёрдам машинаси келди.

Шу билан бирга, ҳудудда WhatsApp иловаси ишламай қолди ва Алсинов тарафдорларининг "Куштау Байрам" Telegram канали ва намойишларни ёритган RusNews нашри ишламай қолди. "ВКонтакте" бошқирд фаолларининг "Ирандик Сабантуй" гуруҳини блоклади.

iqtibos

Бир неча соат ўтгач, Алсиновнинг отаси хавфсизлик кучлари билан музокараларга қўшилгач, намойишчилар тарқала бошлади. Маҳаллий вақт билан соат 17:00 атрофида (Москва вақти билан 15:00) қолган тарафдорларнинг қарсаклари остида фаол ўтирган машина суд биносини тарк этди.Айрим хабарларга кўра, намойишчилар тарқала бошласа, бир қанча ҳибсга олинганлар қўйиб юборилиши ваъда қилинган. Акция давомида қўлга олинганларнинг умумий сони номаълум, баъзи манбаларга кўра, 20 га яқин бўлиши мумкин.

Тергов қўмитасининг Бошқирдистон бўйича бўлими суд яқинидаги тўқнашувлардан сўнг оммавий тартибсизликлар моддаси бўйича жиноят иш очилганини маълум қилди.

"Зўравонлик, жумладан, қурол сифатида қўллаш мумкин бўлган буюмлардан фойдаланиш билан кечган тартибсизликлар давомида бир неча киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам тан жароҳати олди", дейилади департамент хабарида.

Алсинов иши

Қурилма

Сурат манбаси, Getty Images

Алсиновга қарши иш ўтган йил август ойида очилган, Бошқирдистон раҳбари Радий Хабировнинг ўзи унинг устидан шикоят ёзган.

2023 йил апрель ойида Алсинов Уралда ноқонуний олтин қазиб олишга қарши қишлоқ йиғинида иштирок этди. Чунки бу ерни конга айлантириш қишлоқ хўжалиги ерлари вайрон бўлишига ва сув ифлосланишига олиб келади.

Тергов талқинига кўра, йиғилишда у "бошқирд тилида нутқ сўзлаган, унда турли гуруҳга мансуб одамлар қораланган ... - "Кавказ аҳолиси", "Марказий Осиё", «арманлар», деб ёзган "Идел.Реалии".

Митингда сўзга чиққан Алсинов, бошқирдлар Украинада жанг қилаётган бир пайтда, Бошқирдистонда уларнинг ерлари тортиб олинаётганини айтди.

Бошқирдистонда олтин қазиб, табиатни бузаётганлар ўз ватанларига қайтиб кетади, олтин қазиб олиш оқибатларини эса маҳаллий аҳоли кўраверади, деди у.

"Арманлар ўз ватанларига, "қора халқ" ўз ватанларига, руслар Рязанга, татарлар Татаристонга кетади." "Биз кўча олмаймиз, бошқа уйимиз йўқ, бизнинг уйимиз шу ер!" - деган Алсинов («Идел.Реалии» таржимасидан иқтибос).

Алсинов "қора халқ" иборасини қўллашда ҳам айбланмоқда.

Шу билан бирга, расмийлар Алсиновни "нафрат уйғотишда" айбламоқда. Губернатор Хабиров прокуратурага йўллаган мактубида фаол "бошқирд халқини арман, рус ва татар халқларига қарши қўйиб, [...] миллатига кўра мулк ҳуқуқига чекловлар ўрнатишга чақиргани"ни таъкидлаган.

Хабировнинг шикоятидан сўнг ўтказилган экспертиза хулосасида Алсинов ўз нутқида "арманлар"ни салбий баҳолагани айтилади. Иш қўзғатилганидан кейин яна бир экспертиза ўтказилди, унга кўра фаол икки халққа салбий баҳо берган: "Арманлар", "Кавказ ёки Марказий Осиё халқлари".

Унинг ўзи нимани назарда тутганини шундай изоҳлайди: "Масалан, арманлар ўз ватанига кетади дедим, татарларни ҳам, русларни ҳам гапирдим, лекин уларнинг Бошқирдистонда яшаш ва ишлашга ҳақи йўқ демадим... Мен бу халқларни айблаганим йўқ, улар ҳақида камситувчи сўзлар айтмадим".

Алсиновнинг адвокати Илнур Суюндюков Би-би-си билан суҳбатда у ўз нутқида арманларни қишлоқда иш бошлаётган компаниянинг бенефициарлари сифатида тилга олганини айтди.

Қўштау учун қасос?

Фаолнинг тарафдорлари унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши " Қўштау учун қасос", деб ҳисоблайди, деб ёзади Идель.Риалии.

Алсинов ҳақиқатан ҳам Қўштау тоғида сода ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаршилардан бири эди.

2019-2020 йилларда "Башкир сода компанияси", ҳокимият органлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида Қўштау масаласида жанжал келиб чиққан. Тоғ этагида чодирлар тикилиб, кейин улар полиция томонидан вайрон қилинган, бир неча ўнлаб фаол ҳибсга олинган.

Хабиров дастлаб ўтказилган митинглар учун одамларга пул тўлашган деб айтди, аммо охир-оқибат тоғдаги ишлар тўхтади. Куштау алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомини олди.

Адвокат Илнур Суюндюков Би-би-си билан суҳбатда Алсинов "республикада жуда таниқли шахс" эканлигини таъкидлади.

2020 йилгача Алсинов кейинчалик тақиқланган Бошқирд ташкилотининг ҳамраиси ҳам эди."У миллий тил, бошқирд тилини ҳимоя қилиш учун турли тадбирлар уюштирди. У турли конларнинг пайдо бўлишига фаол қаршилик кўрсатди. Маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилди. Очиғи, у Бошқирдистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтган деярли барча экологик норозилик намойишларида қатнашган бўлса керак", дея қўшимча қилади адвокат.

Алсинов ҳокимият таъқибига учраган биринчи бошқирд фаоли ва Қуштау ҳимоячиси эмас. 2023 йил декабрида Уфа суди сафарбар этилганларга Украина билан урушда қатнашмаслик чақириғи билан видеомурожаат қилган фаол Рамила Саитовани беш йилга озодликдан маҳрум қилди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002