Ислом ва Ер: Табиатни асраш мусулмон учун бурчми? Yangiliklar Иқлим ўзгариши

Сурат манбаси, Amirah Iqbal
- Author, Таня Сангҳа
- Role, Би-би-си
Динингиз иқлим ўзгариши ҳақидаги фикрларингизга қанчалик таъсир қилади?
Атроф-муҳитга зарарни камайтириш учун ҳар ким масъуллигини кўпчилик тан олади. Аммо баъзилар учун бу масала шу билангина чекланмайди.
Иймон ва диний амалларни қандай бажариш ҳар кимнинг шахсий иши, аммо айримлар сайёрани сақлашга ҳаракат қилиш ўзларининг диний бурчлари эканини айтишади.
Жаҳон етакчилари БМТ иқлим конференцияси - COP28 учун Дубайга йиғилар экан, Би-би-си Осиё тармоғи мусулмон, ҳинду ва сикҳ фаоллар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътиқодлари ҳозирги фаолиятларига қанчалик туртки бериши ҳақида сўради.
'Худо инсонларни Ерда етакчи бўлишга буюрган'
Амира Иқболга кўра, ҳар бир мусулмоннинг ибодати табиат билан боғланган.
"Доим Қуёш циклини кузатасиз," дейди у, Қуёшнинг жойлашувига қараб, ўқиладиган беш вақт намозни назарда тутиб.
"Бу нарса менга ибодатларим Қуёш ва табиат билан узвий боғлиқлигини эслатади."
25 ёшли Амира исломий экологик хайрия ташкилоти - Ислом экология ва атроф-муҳит илмлари жамғармасида кўнгилли бўлиб, "Икки миллиард кучли" кампанияси иштирокчиси ҳамдир.

Унинг мақсади бутун дунёдаги мусулмонларга иқлим ўзгариши борасидаги адолатсизлик ҳақидаги мунозараларда иштирок этишларига ёрдам беришдир. Ўзининг айтишича, унинг аксар ишлари Қуръон таълимотидан илҳомланган.
"Мен Қуръонни ўқиб, табиат ҳақидаги барча оятлар тагига чизиб чиқмоқчи эдим", дейди у.
"Улар шу қадар кўп эдики, тўхта, бунақада ҳамма оятнинг тагига чизиб чиқасан-ку, деб ўйладим."
Худо одамларни ер юзига етакчи қилиб қўйганини эслатади. Биз эса табиий ресурслардан фойдаланишда масъулиятли бўлишга ҳаракат қилишимиз керак".
Амиранинг айтишича, сайёрани "топганимиздан ҳам яхшироқ жойга айлантириб" қолдириш жуда муҳим.
"Менинг диним атроф-муҳитни муҳофаза қилади"

Сурат манбаси, Avnish Thakrar
Авниш Тҳакрарнинг фикрича, ўзининг ҳинду эътиқодини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масъулияти билан "боғлаш жуда осон иш" бўлган.
Унинг айтишича, ҳиндуизмнинг иккита асосий принципи бор: Дҳарма - ўз ҳаракатларимиз орқали барча тирик мавжудотлар учун тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш ва Аҳимса - зарарни имкон қадар камайтириш.
"Агар биз Дҳарма ва Аҳимса билан уйғунликда яшасак, атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш биз учун табиийдир", дейди у.
Ушбу таълимотлар Авнишнинг ҳаётига таъсир қилди. У вегетарианлар диетасига риоя қилади, электромобил ҳайдайди ва уйида қуёш панеллари ўрнатилган.
Ҳинду иқлим ҳаракати гуруҳининг миллий координатори сифатида у ҳиндларнинг иқлим ўзгаришига қарашлари бўйича семинарлар ўтказади.
"Ҳиндулар ҳайвонлар, дарёлар, океанлар ва тоғларнинг сақланиши ҳақида қайғуриши керак", дейди у.
"Биз ҳамма нарса гуллаб-яшнашини, бахтли ва уйғун бўлишини хоҳлаймиз."
"Биз барча тирик мавжудотларга ҳурмат кўрсатишимиз керак"

Сурат манбаси, Amandeep Mann
Амандип Каур Манн диний қадриятларни замонамизнинг долзарб масалалари билан қайта боғлаш муҳим деб ҳисоблайди.
У сикхизм эътиқодидан руҳланган, атроф-муҳитни муҳофазаси ташкилоти Eco Sikh UK'нинг ҳаммуассиси ҳисобланади.
Унинг веб-сайтида сикхизмнинг биринчи гуруси Гуру Нанак Дев Жидан иқтибос келтирилади: "Ҳаво бизнинг гурумиз, сув бизнинг отамиз, ер бизнинг онамиз".
Амандип бу сўзлардан кўп нарсани тушунади.
"Сикҳ эътиқодининг энг муҳим таълимотларидан бири бу - Гуру Нанак Дев Жининг бирлик ҳақидаги таълимотидир. Аслини олганда, бу илоҳийлик, куч-қудрат, ижод ҳар бир тирик мавжудотда эканлигини англатади", дейди у.
"Биз барча тирик мавжудотларга ҳурмат кўрсатишимиз керак. Биз табиатни муҳофаза қилишимиз керак, чунки у бизга жуда кўп нарса беради."
Амандип дарахт экиш ва ахлат йиғиш каби тадбирларни тарғиб қилиш орқали одамларни янада табиатга яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Сева, яъни фидоийлик, сикх эътиқодида катта роль ўйнайди.
"Биз шу тарзда сева қилиш учун йиғилганимизда, бу бизга жуда ёқимли бўлади", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















