Ғазо қурбонлари: “Оилавий суратимдаги аксар болалар ўлган” Янгиликлар

    • Author, Стефани Ҳегарти
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Исроилнинг ҳаво зарбаси оқибатида Ғазонинг аҳоли зич яшайдиган кўчаларида бутун бошли оилалар ўлиб кетмоқда. Британияда яшовчи уч фаластинликнинг Би-би-сига айтишича, уларнинг 20дан ортиқ қариндоши битта зарбада ҳалок қилинган. Кўплари ҳамон вайроналар остида ётибди.

Аҳмад Науқ бундан тўрт йил муқаддам, жуманинг қуёшли шомига яқин оиласи билан ушбу селфини олган эди. Бу воқеани у ҳозир айниқса яхши эслайди.

Отаси хонадонидаги зайтун дарахтлари соясида унинг опа ва акалари болалари билан тўпланиб, суҳбат қуриб, бирга овқатланишган эди.

Югуриб чарчаган болалар ҳам бир оз нафас ростлаб, овқатлангани келганларида Аҳмад уларни биргаликда суратга олганди. Ҳозир уларнинг кўпи ўлган, дейди у.

Исроил-Ғазо урушига оид бошқа мақолалар

Улар 22 октябрь куни уйларига ҳаво зарбаси берилганда ўлган. Умумий 21 киши ўлган, шу жумладан, унинг отаси, уч опа-синглиси, икки акаси ва уларнинг 14 нафар боласи.

Ҳамасга бўйсунувчи, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 11 мингдан ортиқ фаластинлик Исроил бомбалашларида ҳалок бўлди. Авиазарбалар Ҳамаснинг 7 октябрь куни Исроилга ҳужуми ва унда, Исроил томони билдиришича, 1200 нафарча одам ўлиб, 200 нафардан ортиғи гаровга олиб кетилгандан кейин бошланди.

Исроилнинг айтишича, унинг мақсади Ғазодаги тинч аҳоли орасига ин қурган Ҳамасни буткул йўқ қилишдир. Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони камроқ бўлишига ҳаракат қилинаётганини ҳам Исроил ҳукумати айтиб келади.

Аҳмаднинг суратида ўлган болалардан 7 нафари кўринади. Айримлари сурат олинган кунда ўша жойда бўлмаган ёки кейин туғилган.

Аксар фаластинликлар каби Аҳмаднинг туғишганлари ҳам уйларини оталари хонадони устига қурган эди. Бу анъана ҳозирги шароитда бутун бошли катта оила бир кунда ўлишини англатади.

Унинг синглиси Ая ўзининг уйига зарар етгач, болаларини олиб, отасиникига борган экан. Унинг бошқа опа-сингиллари - Валаа ва Алаа ҳам болалари билан ўша ерда эди. Уй, сектор марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳарчасида бўлган. Бу ер илгари ҳеч нишонга олинмаган. Шунинг учун улар бу ерни хавфсиз деб ўйлашган.

"Ҳозир жуда даҳшатли вақт, аммо бари яхши бўлади деб ўйлагандим", дейди Аҳмад, ўзининг қанчалик содда бўлганидан ҳайратланиб.

Аҳмад 4 йил олдин Лондонга бир ноҳукумат ташкилотда ишлаш учун кетган ва шундан буён Ғазога қайтмаган эди. У болаларни охирги марта видео алоқа орқали кўрганди. Мукофот пули олган эди. Шунинг учун жиянларини бир меҳмон қилишга ваъда берган эди.

"Уларнинг барчаси соҳилга боришни, шале ижарага олишни, бирга овқатланишни, рақсга тушишни, дам олишни исташларини айтишди", дейди у. Шундай қилиб, у бирини ижара олди ва уларга кечки овқат ва ширинликлар сотиб олди.

Ўша куни болалар телефонда гаплашмоқчи бўлиб, соҳилдан унга қўнғироқ қилишди.

Уларнинг кўплари аллақачон ўлган, Аҳмад эса уларнинг ҳар бирининг исм-шарифини, ёшини эслайди.

Унинг 13 ёшли жияни Ислом энг каттаси ва у энг яхши биладигани эди. Ислом туғилганда Аҳмад ўсмир эди ва уйда яшар эди. Болани онаси синглиси ишда бўлганида чақалоққа қараган, шунинг учун Аҳмад уни овқатлантириш ва кийимларини алмаштиришга ёрдам берарди.

Ислом улғайгач, амакимга ўхшайман дерди. Аҳмаднинг айтишича, у мактабда аълочи бўлган, Британияга кетаман деб, инглизчани қунт билан ўрганишга киришган.

Ислом синглиси - 10 ёшли Дима, тўққиз ёшли Тала, беш ёшли Нур ва икки ёшли Насма, шунингдек, амакиваччаси Рағад (13 ёш), Бакр (11 ёш), қизлар Эслам ва Сара (9 ёшда), Муҳаммад ва Басема (8 ёш), Абдулла ва Тамим (6 ёш) билан бирга ўлдирилган.

Ҳужумдан сўнг Аҳмад болаларнинг ҳар бирининг суратларини интернетга жойлаштириб, уларга нима бўлганини дунёга етказди. Улар орасида уч ёшли Умар ҳам бор эди. Кичкина бола тўшакда онаси Шима ва отаси Муҳаммад - Аҳмаднинг укаси билан ётган эди.

Шунда Аҳмадга тирик қолган опаларидан бири қўнғироқ қилди: Умар тирик эди. Муҳаммад ўлган, аммо Шима ва унинг кичкина боласи мўъжизавий тарзда тирик қолган.

"Бу ҳаётимдаги энг бахтли лаҳзалар эди", дейди Аҳмад.

Вайроналар остидан тирик қолган ягона одам 11 ёшли Малак эди. У оғир яраланган, танасининг ярми куйган.

Мен Аҳмад билан учрашганимда, у менга Малакнинг касалхонада ётган суратини кўрсатди - унинг танаси бутунлай бинт билан қопланган. Сочи калта бўлгани учун уни ўғил бола деб ўйладим. Оловда куйган бўлса керак, деди Аҳмад.

Малакнинг отаси ўша вақтда уйда бўлмаган ва тирик қолган. Аммо унинг хотини ва яна икки фарзанди ўлган. Аҳмад ундан ҳол-аҳвол сўраш учун хат ёзганида, у "Тирик мурдаман", деб жавоб берди.

Портлашдан бир ҳафта ўтиб Ғазо билан алоқа деярли бутунлай узилиб қолган, чунки Исроил ҳужумини кучайтирган ва Аҳмад ҳеч ким билан боғлана олмади. Икки кундан кейин сигнал тикланганида, у Малакнинг вафот этганини билди.

Тиббий воситалар тугаётган эди ва 11 ёшли қизни янада фавқулодда бошқа бир беморни олиб келишганда, реанимация бўлимидан чиқаришга тўғри келган. У жуда кучли оғриқ ичида эди.

"Мен ҳар куни юз марта ўлдим", дейди унинг отаси Аҳмадга уч фарзандининг тўнғичи ва охиргиси тамом бўлаётганини кўриб.

Алоқа узилишидан сал аввал Аҳмад амакисининг уйи зарбага учраганини эшитди. У ҳали ҳам яна ким ўлганини билмайди. Сешанба куни у яқин дўстлари Майсара ва Лауранинг уйи ҳужумга учраганини эшитди. Яна бир неча авлод ҳалок бўлди - Лаура тирик қолди, аммо Майсара вайроналар остидан ҳануз топилмади.

Умуман олганда, биз Буюк Британияда Ғазо секторида ҳар бири 20 дан ортиқ оила аъзоларини йўқотган уч киши билан гаплашдик.

Дарвиш ал-Манааманинг Би-би-сига айтишича, унинг оиласидан 44 киши ҳалок бўлган. Улар орасида унинг амакиваччаси Салма ва унинг турмуш ўртоғи, уларнинг тўрт нафар вояга етган фарзанди ва бир ёшга тўлмаган набираси ҳам бор эди.

Дарвиш оиласининг ўлими ҳақида унга WhatsApp орқали юборилган рўйхат орқали хабар топган. Баъзи тафсилотларни айтгач, унинг мусибатдан тили калимага келмай қолди.

Лондондаги архитектор ва академик Яра Шариф ҳам менга уруш бошланганидан бир ҳафта ўтиб холасининг Исроил ҳужуми натижасида вайрон бўлган уйи суратларини юборди.

"Бу жуда чиройли уй эди, - дейди Яра. - Бу ўртасида катта ҳовлиси бўлган гўзал қаср." Аҳмаднинг оиласи билан бўлгани каби бу ерда ҳам ўғиллар ота-онаси уйи тепасига ўз оилалари учун уй қуришган.

Яра унинг 20 нафар қариндоши - холаси ва амакиси, икки амакиваччаси ва уларнинг 10 нафар фарзанди, шунингдек, олти нафар катта оила аъзоси ўлдирилганини Facebook'да билди.

Уларнинг баъзи жасадлари вайроналар остидан топилган ва улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган қурбонлар орасида кўрсатилган эди.

Яра бизга рўйхатнинг скриншотини юборди. Сама 16 ёшда, Умар ва Фаҳми 14 ёшли эгизак, Абдураҳмон 13 ёшда, Фотима 10 ёшда, Убайда етти ёшда, амакиваччалар Алеман ва Фотима беш ёшда, Юсуф тўрт ёшда, Сора ва Анас учда эди.

Яранинг икки амакиваччаси қолган. Улар ОАВга гапирганлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги миш-мишлардан хавотирланиб, исмини ошкор қилмасликни сўрашди.

Опа-сингиллар Ғазонинг турли ҳудудларида бўлиб, дафн маросимлари ёки мотам учун бир-бири билан кўриша олмайди. Умуман олганда, Яранинг амакиваччаси унга айтганидек: "Муҳаммад, онасининг ва икки боланинг жасадлари ҳали ҳам вайроналар остида".

Ғазода экскаваторларни ишлатиш учун ёқилғи етарли эмас, тирикларни қутқариш учун ишлайдиган машиналар зарур.

Жума куни мен Аҳмад ан-Науқ билан ўтириб, янгиликларни томоша қилганимда, ўлганлар рўйхати экран бўйлаб чиқди. Мен ундан рўйхатда оиласи бор-йўқлигини сўрадим. "Уларнинг фақат 12 таси бор", деди у. Қолган тўққизтаси ҳали топилмаганди.

Портлашдан кейин унинг уйида бўлган катта опаси вайроналарни кўздан кечириш учун кетган. Лекин у Аҳмадга чириган жасад ҳидига чидай олмагани учун у ерда узоқ қола олмаслигини айтган.

Аҳмад омон қолган опалари билан хабарлашиб туришга ҳаракат қилмоқда. Кўпинча телефонлар ишламайди ва алоқа узилади.

У портлашдан сўнг ўзини қандай ҳис қилганини тасвирлаш учун инглиз тилида сўз топишга қийналиб, юраги ўрни бўшаб қолгандек ҳис қилаётганини айтди. Йиғлашдан фойда йўқ, дейди у, чунки бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

"Мен ўзимни бир жойда туролмайдигандек ҳис қиляпман. Бир жойда ўтира олмайман. Кечаси ухлай олмайман, - дейди у. - Бу андуҳни тўхтатиш учун ҳеч нарса қила олмайман."

Аҳмаднинг айтишича, унинг отаси у таниган энг меҳрибон одам эди. Фарзандлари учун уй қуриб, уларга яхши таълим-тарбия бериш учун таксичи, қурувчи бўлиб астойдил меҳнат қилган. У янгиликларни яқиндан тинглайди ва бу можаронинг ягона ечими яҳудийлар ва фаластинликлар тинч-тотувликда ёнма-ён яшайдиган ягона давлат яратилишида деб ишонади.

Аммо омон қолган ягона жияни ҳақида ўйлар экан, Аҳмад шундай дейди: бу уруш ўзи севган кўп одамларини олиб кетганидан кейин Умар энди нима деб ўйларкин, нимага ишонаркин?

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002