You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Қурол, пул ва дипломатия... Исроил ва Ҳамас можароси аллақачон Украина урушига таъсир қилишни бошладими? Isroil Hamas Dunyo Yangiliklar
- Author, Олег Черниш
- Role, Би-би-си Украина хизмати
Исроил-Ҳамас низоси Россия-Украина урушини буткул ўзгартирадими ё ҳарбий ёрдам энди кимга берилади?
Алоқадор мавзулар:
- Нега Би-би-си Ҳамас қуроллиларини "террорист" деб атамайди?
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
- Янгиликлар. Бугуннинг саволи: Ҳамас шунчалик кучайдими ёки Исроил нега ғафлатда қолди?
- Эрон Исроилга уюштирилган ҳужумга ёрдам берганми?
Исроил ва Ҳамас ўртасида ҳафталаб давом этаётган қуролли тўқнашув дунё эътиборини Россиянинг Украинага қарши тажовузидан чалғитди. Аммо Киев учун асосий хавф шундаки, Яқин Шарқдаги уруш унинг Ғарбдаги иттифоқчилари ресурсларини эгаллаб олиши мумкин.
"Исроил экзистенциал таҳдидга дуч келмоқда. Украинага бериладиган ҳар қандай маблағ зудлик билан Исроилга йўналтирилиши керак", деди 9 октябрь куни Миссури штатидан сенатор, республикачи Жош Гоули.
Оқ уй аввалроқ бу сиёсатчини "Россия дезинформацияси" тарқатувчиси деб атаган бўлса-да, Исроилдаги можаро туфайли Ғарбнинг Киевга ёрдамини камайтириш ғояси асоссиз эмас. Аммо ҳозир Жо Байден маъмурияти ва Пентагон буни очиқча инкор этмоқда.
"Биз Қўшма Штатлар бир вақтда Украинанинг эркин халқини ва Исроил давлатини қўллаб-қувватлай олмайди, деган фикрни қатъий рад этамиз", деди АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича вакили Жейк Салливан.
"Бизда бунинг учун ресурс ҳам, воситалар ҳам, имкониятлар ҳам бор", дея қўшимча қилди у.
11 октябрь куни тушдан кейин Қўшма Штатлар Украинага яна 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Ўша куниёқ Исроилга Америка ҳарбий ёрдами, хусусан, Оқ уй Ҳамас ҳужумидан кейин Исроил ҳукумати сўровига биноан беришга ваъда қилган ўқ-дорилар билан самолёт етиб борди.
Аммо савол очиқ қолмоқда: агар Исроилдаги ҳозирги қарама-қаршилик Украинадаги уруш каби чўзилса нима бўлади?
Ҳеч қачон етарли бўлмаган қуроллар
Исроилнинг қудратли ҳарбий-саноат мажмуаси ҳақидаги баёнотлар ҳақиқат эмас, асосан уйдирма ва стереотип, дейди Defense Express Иван Киричевский.
Унинг таъкидлашича, масалан, Исроилнинг фахри бўлган фаол ҳимоя тизимига эга Merkava танклари ҳақиқий жанговар ҳаракатларда ёмон ишлаган.
Исроил ҳарбий-саноат мажмуасининг яна бир ғурури - "Темир гумбаз" ҳаво мудофаа тизимига келсак, у америкалик пудратчилар билан ҳамкорлик маҳсулидир. Демак, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими узоқ ишлаши учун Исроил АҚШдан ракеталар ва қўшимча компонентлар олиб туриши керак, дейди эксперт.
155 мм калибрли ўқ-дорилар билан боғлиқ савол ҳам очиқ қолмоқда. Украинадаги уруш пайтида айнан шу "наточа" калибр энг кўп талаб қилинди ва украиналик ҳарбийлар томонидан юқори суръатда фойдаланилди. Америка ва Европа заводлари уни ишлаб чиқаришга зўрға улгурмоқда.
Исроил артиллерияси ҳам 155 мм калибрли ўқ-дориларга таянади. Аммо ҳозирча, Яқин Шарқдаги қарама-қаршилик фаол бўлмаган шароитда ундан минимал даражада фойдаланилмоқда.
Исроил ҳозирги босқичда Ғазо секторига ҳаво ҳужумларига устувор аҳамият беряпти.
"Ҳозирча исроилликлар Ғазо секторига Украинага таниш бўлган JDAM авиабомбаларини ташлашга аҳамият бераётганини кўряпмиз", дейди Киричевский.
JDAM (Joint Direct Attack Munition) - бу парвоз масофаси ва аниқлигини оширадиган жиҳозларга (қанотлар тўплами ва GPS йўналтирилувчи тизими бўлган) эга ҳавода бошқариладиган оғир бомбалардир.
Бу ҳам Америкада ишлаб чиқилган. Баҳордан бери у Украина қуролли кучлари томонидан қўлланмоқда.
Мутахассис қайд этишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий учоғи Америка F-16 қирувчисидир. Ғарб Киевга беришга ваъда қилган учоқлар айнан ана шу: украиналик учувчиларни ҳозирда уни бошқаришга ўқитишмоқда.
Шу билан бирга, Киричевский Исроилдаги уруш ушбу учоқларнинг Украинага берилишини секинлаштирмаса керак деб ҳисоблайди, чунки Европада ва АҚШда улар жуда кўп. Аммо уларнинг компонентлар билан боғлиқ муаммо бўлиши мумкин.
"Агар можаро узоқ давом этса, учоқларни таъмирлаш ва тиклаш масаласи чиқади. Юксак технологияли ҳарбий-саноат мажмуаси ҳақидаги барча баёнотларга қарамай, исроилликлар ҳамон учоқ ясашни билишмайди, улар буни қандай қилишни унутиб қўйишган гўё", дейди мутахассис.
Defense Express эксперти, шунингдек, Исроилда армияга чақирилган 300 минг заҳирадаги аскар учун ўқ-дори етишмаслиги мумкинлигига эътибор қаратади. Бу ерда иттифоқчилар ёрдами керак бўлиши мумкин.
"Бундай ҳарбийлашган мамлакат бошқа давлатлардан қурол-яроғ сўрашга мажбур бўлиши сабаби шуки, сўнгги йилларда Исроил армияси фақат "ёмон қуролланган жангари гуруҳлар" билан жанг қилган", дейди Украинанинг Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Игор Семиволос Би-би-сига.
Агар можаро чўзилса ва ундан ҳам кўпроқ низога бошқалар, дейлик, Эрон аралашса, Исроилнинг ёрдамга бўлган эҳтиёжи кескин ортади. "Аммо ҳозирча мен Эроннинг тўғридан-тўғри можарога кириш эҳтимолини 50% дан камроқ деб ҳисоблайман", дейди эксперт.
Воқеалар бундай ривожланишига йўл қўймаслик учун Қўшма Штатлар Ўрта ер денгизидаги авиаташувчи гуруҳини Исроил қирғоқларига яқинроқ жойга кўчиришга қарор қилди, деб ҳисоблайди у.
Пул етарлими?
Қўшма Штатлар Украинага бераётган ва Исроилга юбориши мумкин бўлган қурол-аслаҳа турлари бир-бирига ўхшаш, аммо "тор доирада", дейди Украинанинг Вашингтондаги собиқ элчиси Валерий Чалий.
Аммо, унинг айтишича, Исроил можароси Американинг Киевга ҳарбий ёрдам пакетларини шакллантиришга таъсир қилиши мумкин.
"Таъсир, эҳтимол, вақт ўтиши билан сезилади. Мен узоқ муддатда қўллаб-қувватлаш ҳажмига катта таъсир кўрсатишини башорат қилмайман, аммо қисқа муддатда, албатта, шундай бўлади, - дейди Чалий Би-би-си Украина хизматига. - Бу қарор қабул қилиш жараёни ва айрим қуролларни тақсимлаш билан боғлиқ."
Унинг тан олишича, ҳозирги вазият АҚШда Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича молиявий қарорлар қабул қилиш жараёнига "қисман таъсир қилади".
Пентагон 9 октябрь куни Конгрессни икки давлатга бир вақтда зарур ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча маблағ ажратишга чақирди.
Бироқ, бу секин жараён, чунки спикер Кевин Маккарти 3 октябрда ишдан кетганидан буён Вакиллар палатаси иши тўхтаб қолган.
"Айниқса, ўқ-дорилар масаласида ва бир вақтда ҳам исроилликларни, ҳам украиналикларни қўллаб-қувватлаш бўйича Конгрессдан имкониятларимизни ошириш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ўқ-дорилар учун қўшимча маблағ ажратилиши муҳим", деди АҚШ армияси котиби Кристин Вормут.
30 сентябрь куни Конгресс сўнгги дақиқада маъқуллаган муваққат бюджетга Украинага ҳарбий ёрдам киритилмаган.
Аммо Washington Post газетасига кўра, Байден маъмурияти Украина ва Исроилга ёрдам учун Конгрессга битта сўров киритиши мумкин.
Бу "ҳийла" гўёки Киевни керакли ёрдам билан таъминлаш имкониятини оширади, чунки бу Украинага ёрдамни кўпайтиришни истамайдиган, аммо Исроилга ёрдам юбориш тарафдори бўлган ўта ўнг трампчи республикачиларни чигал вазиятга солиб қўяди.
Бироқ Республикачилар партияси аъзолари аллақачон молиявий сўровларнинг бундай комбинациясига қарши гапирган эди.
Америка матбуоти хабарларига кўра, келгуси йил Украина учун молиявий ёрдам пакети 50 дан 100 миллиард долларгача бўлиши мумкин.
"Муштарак қараш"
"Биз Қўшма Штатлар ва бошқа барча давлатларнинг Исроилга ёрдам беришга тайёрлигини қўллаб-қувватлаймиз ", деб таъкидлайди Украинанинг Вашингтондаги элчиси Оксана Маркарова Би-би-си Украина хизматига берган интервьюсида. "Бошқа томондан, Яқин Шарқдаги воқеалар Украина нафақат Россия агрессиясини, балки бошқа тажовузкорларни ҳам тўхтатиш учун Россияни мағлуб этиши зарурлигини кўрсатмоқда".
"Қўшма Штатларнинг сўнгги кунлардаги хатти-ҳаракатлари қарашларимиз муштарак эканлигини тасдиқлайди", дея қўшимча қилди у.
Буни Америка маъмурияти ва Конгресс аъзоларининг катта қисми Исроил ва Украинага бир вақтда ёрдам беришни очиқ қўллаб-қувватлагани тасдиқлайди.
Иккинчидан, 11 октябрь куни Рамштейн форматида бўлиб ўтган учрашувда Украинага ҳарбий учоқлар, артиллерия, зирҳли техника ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича янги келишувларга эришилди.
Ўша куни Киевга яна 200 миллион долларлик АҚШнинг 48-ҳарбий ёрдам пакети берилиши ҳам эълон қилинди.
Элчи Маркарованинг ишонишича, режалаштирилган қурол-яроғ илгари эълон қилинган пакетлар доирасида Украинага етказиб бериш давом этаётгани, шунингдек, ишлаб чиқаришни тезлаштириш "стратегик дўстимиз АҚШнинг қўллаб-қувватловга содиқлигини тасдиқлайди."
Бундан ташқари, Вакиллар палатаси янги спикерни сайлайди ва Конгресс 2024 молия йили учун бюджет ва кейинги қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилар экан, бу ёрдам Украинага асқатади.
Россия фойдасига
Россия Украинага қарши урушда Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашишидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Президент Володимир Зеленский ҳатто Ҳамас жангариларининг Ғазо сектори яқинидаги Исроил аҳоли пунктларига тажовузкор ҳужуми ортида Россия Федерацияси турганини даъво қилмоқда.
"Россия у ёки бу тарзда Ҳамаснинг Исроилда олиб бораётган амалиётларини қўллаб-қувватлайди. Бу бизнинг разведка хизматларимизга аён, - деди президент France 2 телеканалига берган интервьюсида. - Бизда Россия маълум террорчилик амалиётларига ёрдам бераётганини тасдиқлайдиган барча далиллар мавжуд. Бу унинг биринчи марта қилаётгани эмас. Россия буни Сурияда қилган, Украинада қилган".
Шу билан бирга, Россиянинг уруш тарафдори бўлган Telegram каналлари ва блогерлари Ғарб Украинага берган қуроллар билан Ҳамас жанг қилаётгани ҳақидаги маълумотларни тарқата бошлади.
Бу ҳақда Россия Федерациясининг собиқ президенти, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram каналида ҳам ёзди.
Руслар бу даъволар учун ишончли далиллар келтирганича йўқ. Исроил расмийлари ҳам бу маълумотларни рад этмоқда.
Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси эса Украинадаги жангларда ўлжа олинган, АҚШ ва Европа давлатларида ишлаб чиқарилган техникаларни Россия аллақачон Ҳамасга топширганини маълум қилди.
"Кейинги қадам, руслар режасига кўра, Украина ҳарбийларини Ғарб қуролларини террорчиларга сотганликда айблаш бўлиши керак", дейилади бошқарма баёнотида.
Собиқ элчи Валерий Чалийнинг айтишича, бу русларнинг Ғарб аудиторияси учун мўлжалланган ахборот психологик операциясидир. Украина бунга дипломатик усуллар билан қарши туриши керак, дея қўшимча қилади у.
"Бу русларнинг махсус операцияси ва у давом эттирилаверади", деб ишонади Чалий.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002