Таҳлил: БРИКС кенгайиши АҚШга таҳдидми? Dunyo Yangiliklar

Ривожланиб келаётган беш давлатдан иборат БРИКС гуруҳига янги аъзолар қабул қилинишини Хитой президенти Си Цзиньпин "тарихий" воқеа деб атади. Аммо бу давлатларнинг манфаатлари қанчалик муштарак экани ҳамон аниқ эмас.

БРИКСнинг катталашуви "дунё тараққиёти ва тинчлик учун кучларнинг мустаҳкамланишидир", деди Хитой президенти Жанубий Африканинг тижорий маркази бўлмиш Йоҳаннесбург шаҳрига тўпланган давлат етакчиларига мурожаат қилиб.

Алоқадор мавзулар:

БРИКС давлатлари - Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикаси Ғарб етакчилигига қарши куч сифатида кўрилади.

Олти янги давлат - Аргентина, Миср, Эрон, Эфиопия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари январ ойида ушбу гуруҳга қўшилиш тадоригини кўрмоқда.

Хитой Ғарб ҳукмронлигига қарши ушбу гуруҳни кенгайтиришга жаҳд билан уринмоқда.

Лондондаги СОАС Хитой институти директори Стив Цангнинг айтишича, бир қарашда БРИКС аъзоларининг муштарак жиҳатлари унчалик катта бўлмаса ҳам, Президент Си ўз блокидаги ҳамкасбларига барчаси бир хил келажакни истаётганини кўрсатишга ҳаракат қилди: уларнинг ҳеч бири Ғарб ҳукмронлик қилган дунёда яшашни истамайди.

"Хитойликлар таклиф қилаётган нарса - автократлар ўз мамлакатларида ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари мумкин бўлган муқобил дунё тартиботидир", дейди профессор Цанг.

Улар демократ америкаликлар ва европалик кучлар томонидан қўйилган шартларни қабул қилмасдан, муқобил йўналиш топишлари мумкин", дейди у.

"Ҳамкорлик ўрнатиш"

Мезбон - Жанубий Африка республикаси Президенти Сирил Рамафоса янги аъзоларни эълон қилар экан:

"Биз бошқа мамлакатларнинг БРИКС билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини юксак қадрлаймиз", деди жаноб Рамафоса.

Унинг айтишича, асосий давлатлар аъзолик мезонлари бўйича келишиб олса, келажакда яна кўп давлатлар қўшилади.

Аммо қанча давлатга қўшилишга рухсат бериш ва бу қанча вақтда бўлиши масаласида келишмовчиликлар юзага келди.

Раҳбарларнинг матбуот анжумани беш мамлакатнинг блокка қўшилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалганидан сўнг белгиланган эди, бироқ у сўнгги дақиқада бекор қилинди.

Кейин Бразилия президенти Луис Инасиу Лула де Силва чоршанба куни мамлакатлар раҳбарлари иштирокидаги кечки зиёфатга келмади.

Бунинг аниқ сабаби нима эканини билмаймиз, лекин у ғарблик иттифоқчилар билан алоқаларни сақлаб қолишга жуда эҳтиёткор.

Кейин, чоршанба куни кечқурун журналистларга эрта тонгда матбуот анжумани ўтказиш таклифи тушди, аммо у яна икки соатга қолдирилди. Бу музокаралар охирги дақиқагача давом этганидан далолат беради, чунки кутилмаганда олтинчи давлат қўшилди.

Матбуот анжуманида ҳар бир давлат раҳбари янгиликка индивидуал муносабат билдирди.

Россия президенти Владимир Путин Украинадаги ҳарбий жиноятларда гумонланиб ҳибсга олиниш хавфи туфайли Россиядан видео алоқа орқали қўшилди.

У ўз нутқида яна бир бор Ғарб кучларини танқид олиб, уларнинг «неолиберализми» ривожланаётган мамлакатлардаги анъанавий қадриятларга, ҳеч бир мамлакат ёки блок ҳукмронлик қилмайдиган кўп қутбли дунёнинг пайдо бўлишига таҳдид солаётганини айтди.

Номларни айтмасдан, Президент Путин ким ҳақида гапираётгани аниқ эди: АҚШ.

Учрашувда АҚШ ҳақида жуда кўп гапирилди.

Сешанба куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан блокнинг кенгайиш режалари аҳамиятини камайтирмоқчи бўлди.

Унинг таъкидлашича, Бриксга аъзо мамлакатларнинг ўта муҳим масалалар бўйича қарашлари турличадир. Шунинг учун у ушбу гуруҳ "Қўшма Штатлар ёки бошқа бировга қарши қандайдир геосиёсий рақибга айланиб бориши"га ишонмаслигини айтди.

Ва Салливан тўғри гапирган бўлиши мумкин.

Вашингтондаги Куинси институтининг Глобал Жануб дастури директори Саранг Шидорга кўра, олтита янги аъзонинг ҳеч бири Америкага қарши эмас.

"Менимча, хулоса шуки, бу турли мамлакатлар тўплами, уларнинг ҳеч бири АҚШнинг яқин иттифоқчилари ёки расмий иттифоқчилари эмас, улардан икки ёки учтаси АҚШнинг душмани бўлади. Аммо кенгроқ маънода бу Америкага қарши давлатлар гуруҳи эмас", дейди у Би-би-сига.

"АҚШ барча қоидаларни ўрната олмайди"

Бироқ, Брикснинг кенгайиши ўзгаришни англатади.

"Бу энди АҚШ барча қоидаларни ўрнатиши ёки барча институтларни бошқариши мумкин бўлган дунё эмас. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Лекин муқобилми? Йўқ, мен буни қандайдир муқобилдан кўра кўпроқ бир-бирини тўлдирувчи нарса, дейман", деб қўшимча қилади жаноб Шидор.

Демак, ҳамма бир-бирининг фикрини қадрлайди ва ҳурмат қилади, деб турган гуруҳ учун, эҳтимол, ҳеч ким ютмайди ёки ютқазмайди ҳам. Бу ҳақиқатан ҳам қандайдир олди-берди асосидаги дипломатик учрашув эди.

Путин ҳибсга олинмади ва замонавий технологиялар туфайли Россия ҳали ҳам унда вакиллик қилди.

Хитой аъзоликни кенгайтириш режасини илгари сурди.

Бразилиянинг ягона валютага интилиши жиддий қабул қилинмоқда.

Ҳиндистон Америка билан дўстликни мувозанатлаштирмоқчидек кўринди.

Жанубий Африка ҳам ортиқча муаммоларсиз учрашувни ўтказиб олди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002