Youtube'да қандай қилиб 50 миллион доллар ишлаш мумкин? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Том Геркен
- Role, Би-би-си технология мухбири
Интернет дунёсида "MrBeast" номи билан танилган Жимми Доналдсон дунёдаги энг катта ютубердир ва бу машҳурлик катта даромад ҳам келтиради.
25 ёшли йигит видео олишни ташлаб, ҳозирда ўзининг MrBeast Burger фаст-фуд ресторанлар тармоғини юритмоқда. У шу ҳафта тармоқ ортидаги бир компанияни судга берди. Чунки улар MrBeast Burger номи билан тақдим қилаётган таомлар сифати пастлиги хўрандалар норозилигига сабаб бўлган.
Аммо у YouTube орқали танилган. 2022 йил ноябрь ойида Forbes у рекламалар ва ҳомийлик битимлари орқали платформадан йилига 54 миллион доллар ишлаб топганини тахмин қилганди. Ўшандан бери унинг асосий каналида обуначилар сони 60 миллионга ошиб 172 миллион обуначига етди.
Унинг ўн миллионлаб обуначига эга яна бир қанча каналлари бор, улардан бири хайрия учун, бири эса видео ўйинлар учун.
У аслида қанча пулни чўнтагига солаётгани аниқ эмас. Доналдсон ўзининг жуда қиммат видеоларига ёнидан сарфлайди, уларнинг баъзиларини ишлаб чиқариш миллионлаб долларга тушади. Июнь ойидаги подкастда у "ўзи топган ҳар бир цент"ни қайта инвестициялашини айтди.
Унинг энг кўп, 472 миллион марта кўрилган видеосида Netflix'нинг «Калмар ўйини» сериали реал ҳаётда қайта яратилган бўлиб, 456 000 долларлик мукофот жамғармасини ўз ичига олган.
Буни 2017 йил билан солиштиринг, унинг энг катта видеоларидан бирида у 17 соат давомида 100 000 марта "Логан Пол" деб айтгани ва пицца етказиб берувчиларига юзлаб долларлар бергани тасвирланган. Уларнинг ҳар бири 20 миллиондан 40 миллионгача кўрилган.
Видеоларидан ташқари, Доналдсон ўзининг хайрия ишлари ва кўплаб бизнес лойиҳалари билан машҳур. Унинг лицензияланган хайрия ташкилоти ҳам бор бўлиб, бу ташкилот АҚШ бўйлаб одамларга озиқ-овқат тарқатиш учун озиқ-овқат банки вазифасини бажаради, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ўнлаб миллион доллар тўплашга ёрдам берди.
MrBeast Burger'га қўшимча равишда у Буюк Британияда доимий сотилаётган Feastables деб номланган бир қатор газаклар ишлаб чиқаради.

Сурат манбаси, Getty Images
MrBeast'нинг бренд шартномалари
Ютуберлар асосий даромадни рекламалардан топади, аммо бу MrBeast'нинг ҳамма харажатларини ҳам қопламаслиги мумкин.
Масалан, Доналдсон ўтган ой Twitter обуначиларига тайёрлаш учун 3 миллион доллар сарфланган видеоси бир неча кундан кейин ҳам рекламалардан 167 минг доллар келтирганини айтди. Видео умуман ўз харажатини қопламаслиги ҳам мумкин.
Ана шу ерда ҳомийлик шартномалари керак бўлади. Айрим контент яратувчилар учун ана шундай шартномалар уларнинг даромадларида рекламалардан каттароқ улушга эга.
705 000 обуначига эга канали бор Люси Эдуардс Би-би-сига даромадининг асосий қисми бренд ҳамкорликларидан келишини айтди.
"Ҳозир шампун бренди Pantene'нинг юзиман," дейди у.
"Шунингдек, ҳар ойда тўрт-беш марта бир марталик реклама акциялари уюштираман. TikTok ва YouTube рекламаларидан даромад камроқ.
У Доналдсонникидан кўра қисқароқ контент тайёрлайди. Унинг энг кўп кўрилган видеоларидан бири атиги 2.5 дақиқа давом этади ва икки миллион марта кўрилган.
Унинг айтишича MrBeast каби ютуберлар видеолари узунроқ бўлгани учун кўпроқ даромад олиши ҳам мумкин. Уларнинг ўртача давомийлиги 10-20 дақиқа.
"Агар сиз узун контентлар тайёрласангиз, видеонинг боши, ўртаси ва охирида рекламалар берсангиз, етти дақиқадан ортиқ давом этадиган видеолар учун каттагина пул ишлаб оласиз", дейди у.
"Аммо деярли барча брендлар қисқа контент истайди, шунинг учун ана шу икки нарсани мувозанатлашингизга тўғри келади."
'У видеони юклаган заҳоти одамлар кўра бошлайди'
Доналдсоннинг видеоларини категорияларга таснифлаш қийин.
Уларда турли чэлленжлар, дейлик, антарктикада тирик қолиш ёки пул мукофотлари қўйилган ўйинлар, масалан, 1 миллион долларлик бекинмачоқ ўйини бўлиши мумкин.
Аммо унинг энг охирги видеосида поезд рельсдан чиқиб кетиб, катта ўрага тушади. Буни бирор форматга жойлаб бўлмайди.
Ўзи ҳам ютубер бўлган ва 470 минг обуначиси бор Стивен Бриджеснинг Би-би-сига айтишича, Доналдсоннинг ижодкорлиги унинг мувафақияти сиридир. "Менимча, MrBeast'нинг муҳим фазилати у ҳар бир видеони имкон қадар яхши тайёрлашга ҳаракат қилади."
"У видеони юклаган заҳоти одамлар кўра бошлайди. Улар MrBeast'нинг видеосини босгани ҳамоноқ уни кўнгилочар қилиш учун қанчалик куч сарфланганини билишади."
Бриджеснинг ўзи охирги йилларда YouTube'да ўзини қайта кашф қилди, фокусдан тортиб, карта санашгача бўлган нарсалар ҳақида видеолар қўя бошлади. Унинг энг кўп кўрилган видеоси Лондонда туристларни чув тушириш учун кенг қўлланадиган ҳийлалар ҳақидадир. У 4.6 миллион марта кўрилди.
"YouTube'да 10 йил карьера қилиш ҳақиқатда мураккаб", дейди у.
"MrBeast муҳим бир нарсага доим эътибор қаратади - аудиторияни биринчи ўринга қўйиш ва "Уларга ёқиши мумкин бўлган нимани бера оламан?" деб ўйлаш".
Доналдсоннинг YouTube'даги муваффақиятларидан бири унинг кўпчиликка ёқадиган хулқидир - у ҳатто платформада PewDiePie'дан ўзиб кетганда ҳам рақиби уни табриклаб, шунга муносиб эканини айтди.
Доналдсоннинг канали гарчи YouTube'да битта шахсга тегишли энг йирик канал бўлса ҳам, умуман каналлар орасида энг каттаси эмас.
Ҳиндистондаги мусиқа ва видео компанияси T-Series'га қарашли канал обуначилари сони 246 миллионга етган.
Аммо 172 миллионни ҳисобга олсак, бир кун Доналдсон PewDiePie'дан кейин T-Series'ни ҳам доғда қолдирмайди деб пул тикиш учун анча жасур бўлиш керак.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














