Икки баравар озган Саакашвили: Мен Ғарбни Путин ҳақида огоҳлантиргандим - Янгиликлар

Сурат манбаси, RUSTAVI-2/AFP VIA GETTY IMAGES
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Британиянинг нуфузли The Times газетасига мактуб йўллаб, Владимир Путин Украинани ўз қўлига олиш ниятида эканини қарийб йигирма йил аввал унга очиқ билдирганини айтди.
Хатда таъкидланишича, Ғарб Путиннинг агрессив ҳудудий амбицияларига эътибор бермаган, гарчи бу ҳақда у бир неча бор огоҳлантирилган, жумладан Саакашвилининг ўзи томонидан ҳам.
Алоқадор мавзулар:
Грузиянинг ҳозирда Грузия эмас, Украина фуқаролигига эга собиқ президенти ўтган йилнинг май ойидан бери Тбилисидаги Вивамеди клиникасида қоляпти. У 2021 йилнинг октябрь ойида Грузияга қайтганидан кўп ўтмай ҳибсга олинган.
Грузияда Саакашвили бир неча жиноий ишда айбланмоқда. Улардан иккитасида, ҳатто Грузияга қайтишдан олдин у сиртдан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Саакашвили ўзини "Путиннинг асири" деб атайди ва унга қўйилган барча айбловларни сиёсий таъқиб деб билади.
Михаил Саакашвили The Times газетасига йўллаган мактубида Путин билан 2004-йилда Кремлда биринчи марта учрашганида у ўзга давлатлар ерларини тортиб олиш режаларини яширмаганини айтди.
"У ҳозир қилаётган ҳар бир иши ҳақида биринчи учрашувимиздаёқ менга озми-кўпми аниқ тушунча берган", деб ёзди у.

Сурат манбаси, Reuters
Саакашвилининг мактуби касалхонадан яширинча олиб чиқилган, деб ёзади The Times.
Шрёдер билан учрашув
Саакашвилининг ёзишича, Путин билан биринчи учрашувидан сўнг дарҳол Берлинга борган ва у ерда ўша пайтдаги Германия канцлери Герхард Шрёдерга ўз хавотирлари ҳақида гапирган.
Бироқ, дея эслатади газета, Шрёдер Россия президенти билан яқин шахсий муносабатларда бўлган (ҳали ҳам яқин алоқаларда), ва бунда у бир неча бор айбланган.
Ўша пайтдаги Германия раҳбари Болтиқ денгизи остидан "Шимолий оқим" газ қувурлари қурилишига туртки берган асосий ҳаракатлантирувчи кучлардан бири эди.
2022-йилнинг майигача Шрёдер Россиянинг "Роснефть" нефть компанияси директорлар кенгаши аъзоси, шунингдек, бошқа Россия энергетика гиганти "Газпром"нинг кузатув кенгаши аъзоси бўлган.
Урушнинг дастлабки кунларида Шрёдер Россиянинг Украинага ҳужумини қоралади, бироқ Москва билан алоқаларини тўхтатмади.
"Шунинг учун, бунинг ажабланарли жойи йўқ, - деб ёзган Грузиянинг собиқ президенти, "Шрёдер мени дарҳол Путинга қоралади."
2008 йилда Россия Грузияга бостириб кирди, бунинг ортидан Саакашвили Путин Россиясидан келаётган хавф ҳақида муваффақиятсиз гапиришда давом этди, деб ёзади нашр.

Сурат манбаси, Getty Images
"Мен Ғарбни Путин ҳақида огоҳлантирганимда, мени мувозанатсиз ва ғазабланган псих сифатида эътиборсиз қолдиришди", - дейди Грузия собиқ президенти.
Таймсга кўра, Саакашвили Ғарбни Грузия билан урушдан сўнг огоҳлантирган ягона лидер эмас, аммо Ғарбнинг раҳбарлари шунчаки рус элитасидаги экспансионистик кайфиятларга эътибор бермасликка уринишган ва энергияга бой Россия билан аввалги муносабатларига тезроқ қайтишга ҳаракат қилганлар.
Мақолада, шунингдек, қамоқдаги Саакашвили ҳукмрон "Грузия орзуси" партиясини Москва орбитасига қайтганликда айблади.
Собиқ президентнинг таъкидлашича, "Грузия орзуси"га асос солган ва Грузия ҳукуматида катта таъсирга эга бўлган нуфузли тадбиркор Бидзина Иванишвилининг "Путиндан қарзи бор".
Саакашвили ўз мактубида бу даъвога далил келтирмайди, деб таъкидлайди Таймс.
Нашр, шунингдек, узоқ вақтдан бери очлик эълон қилган Грузия собиқ президентининг соғлиғи ҳақида гапириб, у қамоқда ўтирганида россиялик агентлар томонидан заҳарланганини даъво қилганини ёзади.
Саакашвилининг онаси Гиули Аласаниянинг айтишича, ўғли юришга қийналади, овқатдан кейин ўзини ёмон ҳис қилади ва тез-тез ҳушидан кетади. "Энди унинг ҳаёти Украинадаги вазиятга боғлиқ", дейди у.
Нашрнинг ёзишича, собиқ президентнинг вазни ҳозирда 60 кг, яъни аввалгидан икки баробар оз.
"Шубҳасиз, менинг ишим каттароқ гибрид урушнинг бир қисмидир", дейди Саакашвили Таймс газетасига йўллаган мактубида.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












