Кутилмаган янгилик: Туркиянинг Байрактари панд едими? Rossiya Ukraina Turkiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Байрактарга нима бўлди? Байрактар дунёни тан олдирган қирувчи дрон бўлади. Марказий Осиёдагилар, ўзбекистонликларнинг ҳам эътиборига тушган. Россия тўғри гапираяптими?
Алоқадор мавзулар:
- Дрон урушлари: Байрактар нега Россия билан олди-берди қилмайди?
- Украина Россия дрон уруши: Байрактар кучлими ё Шаҳид?
- Усмонли дипломатияси. Украинадаги уруш Эрдўғонни қандай кучайтирди ва бу нега унга ёрдам бермайди? Россия уруши ва дунё
- Украина сохта HIMARSлар билан Россия силласини қуритаяптими? - Янгиликлар
Шов-шувли баёнот

Сурат манбаси, official
Россия томони янги баёнот билан чиқди.
Украинада ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаган ўтган бир йилнинг ўзида 100 дан ортиқ Байрактарни яксон этганини иддао қилди.
Бу ҳақда Россия Ҳаво-фазо кучлари Бош қўмондони муовини Андрей Демин баён қилди.
Кўрилишича, унинг бу баёноти Россия Ҳаво Мудофааси кучлари кунида янграган.
У ҳар йили апрель ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади.
Бу йил эса, мазкур сана кеча, 9 апрель кунига тўғри келган.
Россия томонининг айни мазмундаги баёнотига расмий Киевнинг муносабати ҳозирча маълум эмас, Туркияники ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Кечаётган уруш шароитида Россиянинг даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз.
Украина Bayraktar ТВ2 русумидаги қирувчи дронларни Туркиядан 2018-2020 йиллар оралиғида сотиб олган.
Анқара билан келишиб, 2021 йилнинг охирларидан бошлаб бу қирувчи дронни ўзларида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани хабар берилган.
Bayraktar TB2 Сурия, Ливия ва сўнгги Тоғли Қорабоғ урушида ўзини кўрсатган, тилга тушган ҳамда дунёни тан олдиришга муваффақ бўлган.
Байрактар TB2

Сурат манбаси, ...
Украина ихтиёрида Байрактар борлиги ўтган йили катта гап бўлган.
Марказий Осиё давлатлари орасидан Туркиянинг бу қирувчи дронларидан Қирғизистоннинг ихтиёрида бор.
Бундан аввал айрим минтақавий нашрлар Туркманистоннинг ҳам Байрактари борлиги ҳақида ёзишган.
Худди шу хабарлар манзарасида Қозоғистоннинг ҳам Байрактарга қизиқиш билдираётгани маълум бўлганди.
Ўша пайтда бу каби хабарлар катта сондаги ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаган, уларнинг энг кўп диққат-эътиборини тортган мавзулардан бирига айланганди.
Байрактарнинг нархи тахминан 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ўлчами эса, лазер билан бошқариладиган зирҳ тешувчи ракеталарга эга кичик самолётникига тенг экани айтилади.
"Уруш йўналишини ўзгартирувчи" сўзи биринчи марта айнан шу дронга нисбатан қўлланилган.
Россия, Украина ва Байрактар

Сурат манбаси, ...
Ишлаб чиқарувчиларига кўра, Bayraktar ТВ2 "ўз синфида дунёдаги энг яхшисидир".
"Дунёда турли жанг майдонларида ўзини бунчалик яхши кўрсатган бошқа учувчисиз учоқ йўқ".
НАТОнинг аъзоси бўлган Польшанинг ҳам уни сотиб олиши айни мазмундаги даъволарнинг бекорга эмаслигига ҳам далолат қилмай қўймаганди.
Украинадаги уруш бошланганида Туркиянинг бу дронлари Россиянинг олға силжишини тўхтатишда катта роль ўйнаган.
Россия эса, Эроннинг "Шаҳид-136" русумидаги камикадзе дронларидан фойдаланишга ўтган.
Байрактарни ишлаб чиқарувчи ширкат Украинага босқини тўхтамас экан, Россия билан ҳамкорлик қилиш нияти йўқлигини айтган.
Аммо ширкат Украина билан узоқ йиллик алоқаларга эга, раҳбарларининг айтишича, Киев кўплаб мамлакатларга дрон сўраб мурожаат қилган, аммо уларни етказиб беришга фақат Туркия рози бўлган.
Бунга Россиянинг муносабати қандай бўлишига оид саволга эса, ўзларининг "технология компанияси эканликлари ва дронлардан қандай фойдаланишни айнан Украина ҳал қилиши"ни айтиб, жавоб беришганди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














