Янгиликлар: Ҳиндистон дориларига нега ишониб бўлмайди? Dunyo, O'zbekiston

Ҳиндистоннинг дори саноати 42 миллиард долларни ташкил қилади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳиндистоннинг дори саноати 42 миллиард долларни ташкил қилади

2019 йил қишида Ҳиндистоннинг Жамму вилоятида бир нечта бола касалликка чалинди. Кўпчилик уларни қандайдир сирли касалликка йўлиққанини айтди.

Йўтал ва шамоллаш қийнаётган болаларга маҳаллий шифокор йўтал сиропи буюрган экан. Болалар аҳволи яхшиланиш ўрнига оғирлашади, қайд қилиб, ҳароратлари кўтарилиб кетади, буйраклари ишламай қолади. Бу касаллик ортидаги сир фош бўлгунга қадар 2 ойликдан 6 ёшгача бўлган 11 бола нобуд бўлади.

Ҳиндистоннинг "Digital Vision" компанияси ишлаб чиқарган учта йўтал сиропи намуналари текширилганда уларнинг таркибидан диэтиленгликоль (ДЭГ) топилади. ДЭГ саноатда қўлланадиган эритма бўлиб, бўёқ, сиёҳ ва автомашина тормози суюқлиги ишлаб чиқаришда ишлатилади. Буйракнинг ишдан чиқиши ана шу заҳарли алкогол оқибатида юз берган.

2022 йил 5 октябрида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Гамбияда 66 боланинг ўлимига алоқадор кўрилган ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган тўрт тур сиропдан огоҳлантириш эълон қилди. Ташкил этилганига 32 йил бўлган фирма Maiden Pharmaceuticals Limited томонидан ишлаб чиқарилган сироплар намуналарининг лаборатория таҳлили унда "номақбул даражада" диэтиленгликоль ва яна бошқа бир заҳарли алкогол - этиленгликоль борлигини тасдиқлади.

Presentational grey line

Мавзуга алоқадор бошқа мақолалар:

Presentational grey line

Бузилган бу дорилар ва фожиавий ўлимлар Ҳиндистоннинг нақ 42 миллиард долларлик саноатига дунё эътиборини қаратди. Бу даромаднинг ярми экспортдан келади.

Ҳиндистонда 3000 тача фирмаларнинг 10000 тача заводлари генериклар (бренд дориларнинг нусхалари бўлиб, арзонроққа сотилади), рецептсиз дорилар, вакциналар ва бошқа таркибий моддаларни ишлаб чиқаради. Гарчи Ҳиндистон ўз дорилари учун фаол кимёвий моддаларнинг 70 фоизини Хитойдан импорт қилса ҳам, уларнинг асосий қисмини ўзида ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Ranbaxy Laboratories'га АҚШда рекорд даражадаги 500 миллион доллар миқдорида жарима солинди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ranbaxy Laboratories'га АҚШда рекорд даражадаги 500 миллион доллар миқдорида жарима солинди

Ҳиндистон Бош Вазири Нарендра Моди Ҳиндистонни "дунё дорихонаси" сифатида ривожлантиришга уринмоқда. Ҳиндистоннинг генерик дорилар ишлаб чиқаришдаги анъанавий тажрибаси унга арзон дорилар етаказиб бериш ва улкан глобал фармацевтика базаси бўлишига ёрдам бермоқда.

АҚШда сотиладиган рецептсиз ва генерик дори воситаларининг қарийб 40% ва Буюк Британияда тарқатиладиган барча дори воситаларининг чорак қисми Ҳиндистондан келади. Ҳиндистон бутун дунё бўйлаб ОИВга қарши курашиш учун антиретровирус дориларнинг учдан икки қисмини етказиб беради. АҚШдан ташқарида Ҳиндистон АҚШнинг соғлиқ ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган энг кўп дори ишлаб чиқарувчи заводларга эга - 800 та.

Фармацевтика саноати қарийб ўн йил давомида ҳар йили 9% дан юқори тезликда ўсмоқда. Бироқ бу шитоб ўсиш жараёнида маҳсулотларнинг сифат муаммолари ва назорат сустлиги борлиги айтилмоқда.

расм

Кўпчилик Ҳиндистон асосан кичик шаҳарлар ва қишлоқларда сотиладиган сохта дори-дармонларга қарши курашиб келган деб ҳисоблайди. Аммо таҳлилчилар фикрича, шифокорлар ва беморлар сифатсиз дори-дармонларни қалбаки дори билан чалкаштириб юборишлари мумкин. Кўпгина штатларда дори воситаларини синовдан ўтказиш бўйича жамоат лабораториялари етарлича молиялаштирилмаган, кадрлар билан таъминланмаган ва яхши жиҳозланмаган. Таҳлилчиларнинг айтишича, назорат ва ижро суст бўлса ҳам ажаб эмас. 2014 йилда Ҳиндистоннинг энг йирик фармацевтика регулятори газетага шундай деган эди: "Агар АҚШ стандартларига амал қилсак, деярли барча дори заводларини ёпишимиз керак бўлади".

1972 йилдан бери таркибида ДЭГ бўлган дорилар билан оммавий заҳарланишнинг бешта алоҳида ҳолати натижасида 70 дан ортиқ одам, асосан болалар ўлган.

2013 йилда етти йиллик терговдан сўнг, етакчи ҳинд дори ишлаб чиқарувчиси Ranbaxy Laboratories'га АҚШда рекорд даражадаги 500 миллион доллар миқдорида жарима солинди, бу дориларни нотўғри ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик ва синовдан ўтказганлик учун генерик дори ишлаб чиқарувчисига солинган энг катта жарима бўлди.

дори

Сурат манбаси, AFP

Ҳиндистоннинг дори дармонлар бўйича собиқ мулозими ва ҳозирда дорилар бўйича эксперт Динеш Таҳур томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, расмий ҳукумат ҳужжатлари кўрсатишича, 2007 ва 2020 йиллар оралиғида Ҳиндистоннинг 28 штатидан учтасида ва учта иттифоқ ҳудудидан намуналари олинган 7500 дан ортиқ дори-дармонлар сифат синовидан ўтмаган.

Ушбу дорилар етарли миқдорда кимёвий таркибий қисмларнинг йўқлиги, беморларнинг қонида эриши сустлиги ёки ифлосланганлиги сабабли текширувдан ўтмаган.

Ҳар бир ўтмаган намуна одатда дорининг бир ишлаб чиқарилган партияси бўлиб, у ўз навбатида юз минглаб капсулалар ва инъекциялардан иборат бўлиши мумкин. "Бундай сифатсиз дори-дармонлардан азият чекадиган беморларнинг умумий сони сўнгги ўн йил ичида юз минглаб, эҳтимол миллионлаб бўлиши мумкин, - дейди жаноб Таҳур. У "Ҳақиқат таблеткаси" китоби ҳаммуаллифидир.

Жаноб Таҳурнинг айтишича, у кўплаб ҳинд фирмалари "сифатли ишлаб чиқариш амалиёти"га ("good manufacturing practices" - GMP) жавоб бермаслигидан хавотирда. Унинг фикрича, ДЭГ фожеалари аввал Ҳиндистоннинг ўзида, ҳозир эса чет элда содир бўлмоқда, чунки баъзи фирмалар "кўпинча бозорга киришдан олдин хом ашёни ҳам, якуний формулани ҳам синаб кўрмайди".

"Сўнгги ўн йил ичида очиқ бозорда "сифати стандартга мос эмас" деб топилган дори воситаларининг миқдорини ҳисобга олсак, кўплаб корхоналар сифат ва жараённи назорат қилиш тартиб-қоидаларига мутлақо эътибор бермаслиги аниқ", дейди жаноб Таҳур.

Гамбия

Сурат манбаси, AFP

Бу ҳаммаси эмас. Жаноб ТаҳурҲиндистон ҳукуматининг дориларни синовдан ўтказувчи кўплаб лабораторияларида асосий жиҳозлар етишмаслигини аниқлади. Унинг таъкидлашича, дорилар намуналарини олиш амалиёти 1875 йилдаги мустамлака қонунидан келиб чиққан бўлиб, унга кўра текширувчилар бозордан оз сонли ихтиёрий намуналар олишни талаб қилади.

Ҳиндистон қарийб ярим асрдан бери сифатсиз дориларни қайтариб олиш қонунини муҳокама қилмоқда. "Унда кўпгина ҳукумат назоратчилари бехабар бўлган тавсиялар бор. Ҳиндистонда дориларни бозордан қайтариб олишгани ҳақида эшитганмисиз?" дейди жаноб Таҳур.

Муаммонинг кўламини тушуниш қийин - кўплаб Ҳиндистон фармацевтика заводлари ҳақиқатан ҳам жаҳон даражасида ишлайди. Шифокорларнинг айтишича, улар асосан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дориларга ишонишади.

Мумбайлик диабетолог доктор Раҳул Бакси менга сўнгги йилларда фақат бир марта дори турига шубҳа қилганини айтади, чунки бир бемор бренд доридан арзонроқ генерикка ўтгандан кейин глюкоза даражаси кескин кўтарилиб кетган экан.

Аммо у сохта ёки паст сифатли дорилар кичик шаҳар ва қишлоқларда сотилиши мумкин деб гумон қилади. "Ҳиндистоннинг чекка қисмларидан келган кўплаб беморларим шаҳар дорихоналарида олти ой давомида рецепт бўйича дори сотиб олишади, чунки улар ўз ҳудудида сотиладиган дориларга ишонишмайди", дейди доктор Бакси.

Гамбиядаги болаларнинг ўлимидан сўнг, Ҳиндистон ўзининг федерал регулятори «ишончли» эканлигини айтди ва ЖССТдан ўша йўтал сиропи билан боғлиқ батафсил маълумот сўради.

АҚШда тиббий маҳсулотларни тартибга солувчи Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (FDA) АҚШнинг дори-дармон компанияларини текшириш ҳолати ва огоҳлантириш хатларини эълон қилади. Идора матбуот котиби менга унинг сиёсати "компаниялар, қаерда бўлишидан қатъи назар, АҚШда беморлар учун юқори сифатли, хавфсиз ва самарали дориларни ишлаб чиқариш бўйича FDAнинг қатъий стандартларига жавоб беришини" таъминлашини айтди.

Фармацевтика саноати етакчиси, аноним қолишини сўраб, менга "баъзи мамлакатлар жуда қаттиқ сифат стандартларига эга бўлса да", Ҳиндистон дори-дармонлари мутлақо хавфсиз эканлигини айтди. "Биз бахтсиз ҳодисаларни хаспўшламоқчи эмасмиз, - деди у, - лекин бу даъволар ноодатий ҳоллардир". Жаноб Таҳур шундай дейди: "Ноодатий ҳол фақат бир марта содир бўлиши керак. Одамларнинг ҳаёти билан ўйнаша олмайсиз".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002