Динни ҳукуматга келтиришни истаётган америкаликлар ким? Yangiliklar, Dunyo, Din

cherkov

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Барбара Плет Ушер
    • Role, BBC News

Сиёсий қудрат ёрдамида эътиқодини тарқатишни кўзлаётган ва буни ўзининг илоҳий миссияси деб билаётган ўнг қанот насронийлар АҚШ бошқарувига динни киритишни истайди. Насроний миллатчилиги нима ва у нега бугун кучаймоқда?

Худога яқинлашиш ва ўзини иблисдан халос қилишни истаган оломон улкан чодир ичида тўпланди.

Айримлар ерга қулаган ва ҳамон чўзилиб ётибди, пастор Исо номи билан қора руҳларни қувар экан, бошқалар бақириб турибди. 20 нафарча обид сув тўлдирилган от охурида чўқинтирилди.

Бу Тенесси штати, Нэшвилл яқинида жойлашган, пастор Грег Локк бошқарадиган Глобал Назар Черковидир. Локк АҚШдаги Пентикостал черкови ақидаларига эргашган нуфузли ва зиддиятли шахсдир.

Худо ва мамлакат АҚШ сиёсатидаги энг эски ва таъсирли оқимлардан биридир. Бу оқим бир кўтарилиб, бир чекиниб турган.

Консерватив насронийлар маданий ва демографик ўзгаришларда ютқазаётганини англаб тургани боис, улар ҳозир анча фаоллашиб қолди. Ковид пандемияси вақтида ҳукуматнинг жамият ҳаётига кенгроқ аралашганига қарши норозиликлар уларни янада кучайтирди.

Видео тагсўзи, Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киришди

"Биз насроний қадриятлари билан яшашни истайдиган насроний халқмиз", дейди Кен Питерс. Бу "Патриот пастор" Худо ҳукуматда бўлиши кераклигини айтиб, ваъз ўқиб келади.

Аммо ахлоқий қадриятлардаги ўзгаришларга қаршилар ўзини ёвузларга қарши жангчи деб атамоқда. Ёвузлар эса сиёсий мухолифлардир, дейди "Public Religion Research Institute" президенти Роберт Жонс.

Муросага имкон қолдирмаслик билан бу ҳаракат демократияга хавф солади, дейди у.

Капитолийдаги исёнда насроний байроғи

Ҳозиргача бу жанговор насронийликнинг кучи аксар америкаликларга билинмасди.

Аммо ўтган йили Капитолийдаги исёнда кўпчилик нималар бўлаётганини кўрди.

Tramp tarafdorlari

Сурат манбаси, Getty Images

Хоч ва насроний байроқларини кўтариб олган, биргаликда ибодат қилаётган исёнчилар диний ва сиёсий ўзлик қандай қилиб қўшилиб кетаётгани амалда кўрсатди. Бу ҳол 2020 йилдаги сайловда Дональд Трампга берилган овозлар ўғирлангани ҳақидаги ишонч билан уйғунлашиб кетганди.

Капитолийда ўша вақтда пасторлар ҳам бор эди ва айримлари ваъз ўқирди.

Кен Питерс улардан бири. У зўравонликни қоралайди, аммо ўзи "патриотик миссия" деб атайдиган ишни барибир ёқлайди.

Унинг айтишича, Худонинг "бу мамлакат учун махсус режаси бор" ва Трампнинг мағлубияти бу режага хавф солади.

Питерснинг Патриот черкови Тенессидаги Ноксвилл шаҳрида жойлашган. Унинг биноси ҳовлисида хоч ўрнатилган, томига АҚШникига ўхшаш байроқ чизилган. Бу черков мамлакатни худога қайтаришни истайдиган ўсиб бораётган диний жамоадир.

Улар муҳожирларга таҳдид сифатида қарайди, Библияга зид деб ҳисобланган турли гендер ўзига хосликлар ва жинсий ориентациялар одатий ҳолга айланиб қолишидан хавотирда.

Питерс черков ва давлат ўртасидаги чегараларни хиралаштириб, минбарда муайян сиёсий номзодларни тарғиб қилади.

"Агар Худо "Роу Уэйдга қарши» суд иши натижасини ўзгартирса, у ҳамма нарсани қила олади", деди у яқинда аборт ҳуқуқлари федерал миқёсда бекор қилинишини Худонинг иродасидир, дея сўзлаган ваъзида.

У ҳукумат бир жинслилар никоҳини тақиқлашини хоҳлайди, чунки эркак ва аёл ўртасидаги никоҳ «Библияда» бор. Унинг айтишича, "насронийлар дадил бўлишлари керак", чунки сўллар ғалаба қозонмоқда. "Мен мамлакатимиз иложи борича насронийликка содиқ қолиши учун уриняпман."

Ўзгаришлардан қўрқув қандай қилиб бу ҳаракатга туртки берди?

Жонснинг айтишича, сўлчиларнинг маданиятни ишғол қилишидан қўрқув насроний миллатчилиги асоси ҳисобланади. Насроний миллатчилари Америка насроний миллат ўлароқ қурилган ва ҳукумат шунга мувофиқ ишлаши керак деб ҳисоблайдилар.

Жонс ўтказган ижтимоий сўровга кўра, америкаликларнинг учдан бири, республикачиларнинг ярми АҚШ европалик насронийлар учун худо "ваъда қилган юртдир" деб ҳисоблайди. "Мен АҚШдаги насроний миллатчилик ҳақида гапирганимда одатда оқ танли насроний миллатчиликни назарда тутаман", дейди у.

Аборт масаласига ҳассос ёндашувчи евангилистлар доим республикачи номзодлар президент бўлиши учун ёрдам бериб келган. 2016 йили ўзининг ахлоқи учун танқидларга қолган Дональд Трамп ҳам насроний ўнгчилар эътиқодини қўллаб қувватлаган эди.

Насроний сиёсий активизм учун вазият ўзгарган, мамлакатда кўпчилик аввалгидек оқ танли насронийлар эмас, дейди Жонс. Афро америкалик президент - Барак Обама сайланганида демографик силжиш қай томон бўлгани маълум бўлиб қолди.

Ken Peter

Айни шу даврда бир жинсли никоҳларга муносабат ҳам ўзгарди - 2008 йилда қаршилар кўп эди, бугун эса ёқловчилар.

Оқ танли насронийлар ортиқ демографик, маданий ва сиёсий томондан ҳукмрон эмаслигини билиб турган бир вақтда, хавф шуки улар яна бош кўтармоқда", дейди Жонс.

Уларнинг аксарияти ўзини "насроний миллатчи" деб атамайди ва буни сўлчиларнинг туҳмати дейди.

Аммо Маржори Тейлор Грин ва Лорен Боберт каби муросасиз руспубликачи ва Трамп тарафдорлари каби ўнг қанот сиёсатчилар бу номни қабул қилади.

"Биз миллатчи партия бўлишимиз керак, биз насроний миллатчилар бўлишимиз лозим", дейди Грин.

Онлайн экстремистлар буни янада кучайтиради.

"Биз насроний толибонмиз, - деб ҳайқиради оқ миллатчи Винсент Жеймс Фокс, аборт масаласида олий суд қарори эълон қилингандан сўнг.

Урушаётган иблислар

Кен Питерснинг насронийларни тажовузкор сиёсий позицияни эгаллашга чорлови миллатчи черковлар кўпайиб бораётганига ҳамоҳанг янграйди.

Унинг дўсти Грег Локк пандемия сабабли черковларни ёпган ҳукуматдан ғазабланган черков жамоаларидан илҳомланган кўринади. Ҳозир унинг ўз студияси бор, у ерда "Иймон, оила ва сиёсат" деб номланган веб-кўрсатувни суратга олади, яқинда ўз медиа компаниясига ҳам асос солди.

Афтидан у баҳсларни атай қўзғайди ва ана шу баҳсларда янада иши юришади.

Хэллоуин кечасида Локк гулхан ёқди ва "сеҳргарлик ва жодугарлик буюмларини", шу жумладан, католик тасбеҳлари ва Гарри Поттер китобларини ўтга ташлади. Кенг тарқалган ваъзлардан бирида у ўз жамоати аъзоларига бир вақтда ҳам насроний бўлиш, ҳам демократларга овоз бериш мумкин эмаслигини айтди ва демократларни "худони инкор қилувчи иблислар" деб атади.

Мен бир неча бор унга бошқа америкаликларни ёвуз деб аташ зўравонликларни қўзғаши мумкинлигини айтганимда, у бу менинг масъулиятим эмас деб айтди. "Мен зўравонликка ундамайман. Мен Библияни ўргатяпман."

Маданият ва фуқаролар урушлари

Аммо бошқа бир пастор Кевин Риггс черковни хавотир билан кузатади.

У консерватив евангилист бўлиб ўсган ва мегачерковнинг пастори бўлишни орзу қилган. Кейин у чет эллик ва шаҳарлик талабалар билан учрашганда, Библияда Худо ижтимоий адолатга буюрганини аниқроқ кўра бошлади. Ҳозир у Нэшвилл жанубидаги Франклин мавзеида жамоат фаоллари билан ишламоқда.

Риггснинг айтишича, у собиқ президент Трампга ёки диндор ўнгчиларга қарши гапиргани учун черковга келмай қўйган дўстлари бор: "Черковда мен [илгари] кўрмаган бўлиниш бор", дейди у.

ibodat

"Евангелист доиралар биз маданият урушидамиз, деб гапираётгани кўп эшитасиз, - деб давом этади у. - «Маданият» сўзини «фуқаролик» билан бемалол алмаштирсангиз бўлади. Бу улар учун мафкура устида совуқ фуқаролар урушидир. Аммо бу зўравонликка айланиб кетиши мумкин. Ўнгчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қурол олишга мойил."

«Бизни шайтон бошқармоқда»

Ҳозирча бу кураш сиёсий майдонда кечяпти.

Консерватив насроний фаоллар мактаб кенгашларида болаларга нима ўргатиш - жинсий таълим, гендер идентлик, ирқчилик тарихи, нимани ўқишга рухсат бериш кераклиги борасидаги баҳсларда тобора таъсирли роль ўйнамоқда.

Улар озчиликни ташкил қилса ҳам, уларнинг истаклари Республикачилар партиясиники билан мос келади, бу эса уларга номутаносиб равишда катта сиёсий таъсир ўтказиш имкониятини беради. Бу яқинда ўтган оралиқ сайловларда сезилди - насроний ўнгчиларнинг хавотирлари сайловлар натижаларини рад этиш, Ковид ҳақидаги фитна назариялари ва трампизм ҳақидаги тушунчалар билан аралашиб кетди.

Бу мамлакат бўйлаб ўтаётган «Американи уйғотиш тури»га (ReAwaken America Tour) ўн минглаб одамларни жалб қилишга ёрдам берди.

Грег Локк асосий маърузачилардан бири, у саҳнада Трамп тарафдорларию ўзини пайғамбар деб эълон қилганлар ва «мўъжизавий» матоҳлар сотувчилар билан ёнма ён бўлди. Тур Пенсилванияга етиб келганида мен Локк мухлисларини учратдим.

Reawakening tour

Крис ва Бобби Фоли менга Локкнинг маросимларидан бирида ғайритабиий туйғуларни бошдан кечирганлари ва унинг Америка консерватив сиёсатини радикал сўлчиларга қарши руҳий урушга айлантирганини олқишлашларини айтишди.

"Улар Инжилни, Исони ва ҳамма нарсани олиб қўйишди, - дейди Бобби. - Демак, энди бизни шайтонлар бошқармоқда. Бизни шайтон бошқармоқда, чунки бу руҳий урушдир".

Аммо улар истаётган сиёсий ўзгаришлар кутиб турадиган бўлди, чунки кўплаб насроний ўнг қанот номзодлар оралиқ сайловларда мағлуб бўлди. Сайловчиларнинг аксариси Трампнинг 2020 йилги сайловлар сохталаштирилганлиги ҳақидаги даъвосини қўллаб-қувватлаганларни рад этишди.

ДеСантис янги раҳнамо бўладими?

Насроний миллатчиларини ўзига тортаётганлардан бири Флорида штатининг ўнг қанот губернатори Рон ДеСантисдир.

ДеСантис бу ёндашувни келгусида эҳтимолий президентлик сайловларида кўриб чиқаётганга ўхшайди.

У сиёсий нутқларида Библия оятларига кўп мурожаат қилади, ҳатто Худо ўз жангчисини қандай яратганига ишора қилувчи видеони ҳам чиқарди.

Флоридада эса у консерватив насронийларни илҳомлантирадиган маданий урушлар ва ирқий муаммолар бўйича қонунчилик тажрибасига эга.

Агар у президентликка номзодини қўйса, миллий миқёсда шунга ўхшаш сиёсат олиб бориши мумкин, дейди Жонс, ва агар шундай бўлса, Трампдан кўра кўпроқ таъсирга эга бўлади, чунки "у ҳукумат ва бюрократия қандай ишлашини тушунадиган сиёсатчидир".

Насроний миллатчилар аксар бошқа насронийлардан ажралиб қолган ва ўзгараётган қадриятларга қарши курашда сиёсатдан фойдаланишга қарор қилган қатламдир. Аммо ҳозир республикачилар учун бўлгани каби улар учун ҳам мавҳумлик давридир.

Оралиқ сайловлардаги мағлубиятдан сўнг Трампни қаттиқ қўллаб-қувватлаган баъзи евангелист етакчилар ундан узоқлаша бошлади. Кўп нарса унинг келгуси президентликка номзоди натижаси қандай бўлишига боғлиқ.

Насроний ўнгчилар миллий миқёсда ғалаба қозонадими ёки йўқ, бундан қатъи назар, улар мамлакатдаги бўлинишларни чуқурлаштирадиган куч бўлиб қолиши мумкин.

"Умид қиламанки, бу фуқаролар уруши билан тугамайди", дейди Кен Питерс. Унинг черкови либералроқ штатлардан келган муҳожирларни ўзига жалб қилмоқда. "Умид қиламанки, ўзимизга хос аҳил яшаш йўлини топамиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek