You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Навбатдаги шармандаликми: Россия ҳудуди чегарасидан 500 чақирим ичкаридаги аэродромга ҳужум Yangiliklar, Dunyo, Ukraina
- Author, Ярослав Лукив
- Role, BBC News
Россияга бўлаётган ҳаводан ҳужумлар жиддий тус олмоқда. Дронлар чегарадан 500 чақирим узоқликдаги нишонларга йўналтирилган. Бу зарбалар Россия ҳукумати учун шармандалик эканлиги айтилмоқда.
Расмий Москванинг айтишича, Россия жанубидаги Энгельс ҳарбий базасига Украина дронлари ҳужуми 3 кишини ҳалок қилган.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тунда қилинган ҳужумда дронни уриб туширгани айтилмоқда, бироқ қолдиқларининг қулаши қурбонларга сабаб бўлган.
Шу ойнинг бошида Россия Киевни айнан шу аэродромга зарба беришда айблаганди. Бу ерда Украинага қанотли ракеталар билан ҳужумда иштирок этадиган стратегик бомбардимон самолётлар қўним топган.
Ҳарбий база Украина шимолий шарқий чегарасидан 500 чақиримлик масофада жойлашган.
Украина ҳарбийлари ҳужумга расмий муносабат билдирмаган. Бироқ Би-би-сининг Россиядаги муҳаррири Стив Розенбергнинг айтишича, сўнгги янгилик Россия ҳукумати учун шармандалик ҳисобланади.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Москва вақти билан тунги 01:35 да паст баландликда учаётган Украина дронини уриб туширганини айтди.
Хабарда айтилишича, дрон қолдиқлари тушиши натижасида 3 нафар Россия ҳарбий хизматчиси олган жароҳатидан ҳалок бўлган.
Саратов губернатори Роман Бусаргин ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ва Энгельс шаҳридаги тинч аҳоли учун ҳеч қандай хавф йўқлигини таъкидлаган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Энгельс аэродромида портлаш ва ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар овози акс этган видеони жойлаган.
5 декабрда ушбу аэродром ва Рязан минтақасидаги яна бир ҳаво ҳарбий базасига қилинган Украина дрони билан ҳужум натижасида 3 ҳарбий ҳалок бўлган. Расмий Москванинг айтишича, ўшанда икки самолёт енгил зарарланган.
Украина ҳарбийлари зарбалар борасида изоҳ бермаган.
Россия 24 февралда Украинага бостириб кирганидан сўнг Энгельсдаги аэродромдан турли нишонларга давомли равишда қанотли ракеталар отишда фойдаланиб келган.
Кремл Украинани олдин ҳам ўз ерларига ҳужум қилишда айблаганди. Бироқ декабр ойидаги эҳтимолий зарбалар олдингиларига қараганда Россиянинг янада ички ҳудудларига бўлгани билан аҳамиятли.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek