Янгиликлар: Эркак жинси энди аёлга айлана бошлайдими? Iqlim Dunyo Yangiliklar

O'pqon

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Олимлар фикрича, Ер ҳароратининг илиши абадий музликлар остида тўпланиб ётган газларнинг ўз-ўзидан портлашига сабаб бўлган
    • Author, Виктория Гилл ва Элла Ҳэмбли
    • Role, BBC News

Эркак жинси энди аёлга айлана бошлайдими? Иқлим ўзгариши кутилмаган хавотирларни пайдо қилмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Ҳалокатли оқибатлар

Қушлар сайроғи, бойчечаклар, гуллаш ва чивин чақиши - булар ноябрда Англия шимолида кузатиладиган ҳолат эмас аслида.

Аммо булар глобал исишнинг енгилроқ оқибатларидан айримларидир.

Ҳалокатли сув тошқинлари ва қурғоқчиликка сабаб бўлишдан ташқари, ҳароратнинг кўтарилиши Сибирда доимий муз қатламининг ўз-ўзидан эриб кетиши, хантал етишмаслиги ва сайёрамизнинг хиралашишигача сабаб бўлмоқда.

Иқлим ўзгаришининг кўплаб оқибатлари ҳалокатли. Баъзилари эса тушунарсиз.

Портлаётган тундра ва "Ер ёғдуси"

Баъзи россиялик олимлар Сибирдаги эриётган абадий музларда (пермафрост) пайдо бўлаётган улкан кратерларни ҳавонинг исиши сабабли портлаётган ер остидаги газ "чўнтак"лари билан боғламоқда. Абадий музлик деганда икки йилдан ортиқ вақт давомида доимий музлаган ер тушунилади.

Бу Арктика ландшафтида пайдо бўлаётган улкан кратерлар сабабини тушунтириш учун келтирилган битта фараздир.

BBC Future мақоласида таъкидланганидек, ушбу кратерлар сайёрамиз шимолидаги совуқ, деярли инсон яшамайдиган бу ҳудуд кескин ўзгаришларга учраётганини кўрсатадиган "ташвишли аломатдир".

Охирги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Арктика тахмин қилингандан ҳам тезроқ исимоқда - дунёнинг қолган қисмидан тўрт баравар тезроқ.

Oy

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қоронғу қисми "Ер ёғдуси" билан ёришиб турган ярим ой

Нью-Жерсидаги "Катта айиқ" қуёш обсерваторияси олимларининг фикрича, иқлим ўзгариши нафақат Ернинг ёввойи табиатидаги бундай портлашларга сабаб бўлмоқда, балки сайёра "ёғдуси"ни ҳам хиралаштириши мумкин.

Олимлар тунда Ердан қайтаётган қуёш нури Ойда қандай акс этишини ўлчаш орқали "ернинг нурланиши" ёки албедо деб аталадиган жараён, яъни Ернинг нурни ўзига ютмай қайтара олиши даражасини аниқлайдилар.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, океан ҳароратининг кўтарилиши туфайли Тинч океанининг шарқий қисмидаги паст булут қоплами камайиб бормоқда.

Бу булутлар кўзгу каби қуёш нурини космосга қайтаради, улар камайса, акс эттириладиган ёруғлик ҳам камаяди. Шундай қилиб, олимларнинг фикрича, биз аслида кичик мовий сайёрамиздаги порловчи нуқтани йўқотяпмиз.

Жинсини ўзгартирувчи судралувчилар

Биз глобал исишни келтириб чиқараётган бўлсак ҳам, унинг таъсирини бошдан кечираётган ягона тур эмасмиз. У баъзи жонзотларга ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли тарзда таъсир қилади.

Баъзи судралувчиларда наслнинг жинси қисман тухум инкубация қилинадиган ҳарорат билан белгиланади. Австралияда учрайдиган калтакесаклар тухуми қандай ҳароратда инкубация қилинишига қараб, эркак жинслилар урғочисига ўзгаради. Шу сабабли, олимлар дунё исиши билан уларнинг эркаклари сони тобора камайиши ва тур йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолиши мумкинлигидан хавотирда.

Океанда иссиқхона гази - карбонат ангидрид миқдори ортиб бориши балиқларнинг ҳид сезгиси йўқолишига олиб келиши мумкин.

Polaponlar
Сурат тагсўзи, Читтакнинг бир кунлик полапонлари

Иқлим ўзгариши ҳам мавсумий мувозанатни сезиларли даражада бузади. Буюк Британиянинг илмий жиҳатдан энг кўп ўрганилган ўрмонзори Уитам Вудда шу йилнинг апрель ойида кузатилишича, читтаклар тухумлари 1940 йиллардагига қараганда уч ҳафтагача эртароқ очиб чиқа бошлаган.

Иссиқлик ортиши билан бутун баҳорги озиқ-овқат занжири ўзгарди - қушлар ейдиган капалак қуртлари, капалак қуртлари ейдиган эман барглари - буларнинг барчаси аввалги вақтларга нисбатан бир неча ҳафта бурун ўзининг энг юқори чўққисига етмоқда.

Фасллар ўзгарганда, кўплаб қушлар мослашади ёки шунчаки бошқа ўлкаларга учиб кетади. Бу йил Норфолкда асаларихўр жўжалар пайдо бўлди, одатда улар Ўрта ер денгизи жанубида ва Шимолий Африкада топиларди.

Ҳатто овозлар репертуари ҳам ўзгармоқда. Лондон ҳозир мавсумий бўлмаган қушлар қўшиғи янграйдиган жой бўлиб қолди. Бир тадқиқот шуни кўрсатдики, ўрмон қушлари сайраш учун дарахтларга баландроқ кўтарилмоқда, эҳтимол эртароқ чиққан барглар уларнинг сайроғини бўғиб қўймаслиги учун шундай қилишаётгандир.

Озиқ-овқат танқислиги

Xantal

Сурат манбаси, Alamy

Экстремал об-ҳаво ҳам озиқ-овқат етиштиришни қийинлаштиради. Буғдой, маккажўхори ва қаҳва каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари аллақачон бунинг таъсирига тушган. Бу йил зираворларнинг сезиларли танқислиги бор.

Апрель ойида Калифорнияда жойлашган "Huy Fong Foods" компанияси ҳар йили 20 миллион шиша Шрирача қалампир соусини ишлаб чиқаради, у мижозларга қалампирнинг "жиддий танқислиги" ҳақида огоҳлантирувчи хат юборди.

Француз супермаркетларида ёзда Дижон ханталининг тугаши бошланди, бу муаммо дунёдаги хантал уруғларининг аксарияти етиштириладиган Канада прерияларидаги нобоп об-ҳаво билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Иқлим ўзгариши ҳатто углеродсизлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳам тўсқинлик қилмоқда. Август ойида EDF энергетика компанияси Франция дарёларида салқин сув йўқлиги сабабли Франциядаги атом электр станциялари қувватини камайтиришга мажбур бўлди.

Бу муаммога жавоб чораси - 200 та давлат ҳозир БМТнинг иқлим саммитида муҳокама қилаётганидек - сайёрани иситувчи газларни кескин камайтиришдир.

Аммо биз ўз дунёмизни иситиб, аллақачон ўзгартириб бўлдик ва бундан кейин ҳам кўп кутилмаган ва ҳайратланарли оқибатлар бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek