Минг сўмлик бензин, интернетсиз ҳаёт ва ёнар булоқ - автомобилда йўлга чиққан ўзбекистонлик фанатлар йўлда нималарни кўришди? Қатар 2022, Футбол

Асал Сапарбаева ва Абдураҳмон Фозилов Қатарда

Сурат манбаси, Yaroslav

Сурат тагсўзи, Асал Сапарбаева ва Абдураҳмон Фозилов Қатарда
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Блогер ва журналистлардан ташкил топган бир гуруҳ ўзбекистонлик футбол фанатлари Самарқанддан Қатарга иккита автомобилда борди. Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Саудия Арабистони ва Бирлашган араб Амирликларини кесиб ўтган мухлислар йўлда қандай саргузаштларни бошидан кечирди?

Ўзбекистон фан клуби раҳбари Абдураҳмон Фозилов бошчилигидаги журналист ва блогерлардан ташкил топган гуруҳ 5 ноябр куни Самарқанддан Қатарга қараб иккита машинада йўлга чиққанди.

15 кун йўлда юрган бу ишқибозлар нима учун айнан автомобилда кетишга қарор қилганини sports.uz сайти раҳбари Азамат Умаров Ўзбекистонни дунёга танитиш дея изоҳлайди.

Samarqand

Сурат манбаси, Abdurahmon Fozilov

"Самалётда учиб боришимиз осон ҳамда нарх томонлама арзон. Лекин бизга бундан кўра бошқа нарсалар муҳим эди. Агар видеоларни кўрган бўлсангиз, йўлимизда учраган барча давлатларда Ўзбекистон байроғи тушурилган автомобилларга қизиқиш жуда юқори бўлди. Айниқса, Қатар давлатида потенциал сайёҳлар жуда кўп. Жаҳон Чемпионати учун 1,5 миллион одам келган. Шулардан туризм қилишга салоҳияти борларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўлди", дейди Азамат Умаров.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мухлислар Ўзбекистонда 3 кун юришга тўғри келган. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда Бухорода йўллар халқаро талабларга мослаб бетон билан пишиқ қилиб солиняпти.

Бироқ Қорақалпоғистоннинг Қўнғиротидан Қозоғистон чегарасигача йўллар абгорлигидан 100 чақирим масофани 6 соатда босиб ўтишга тўғри келган.

Qoraqalpoq yo'llari

Сурат манбаси, Abdurahmon Fozilov

"Биз бунчалик бўлади, деб ўйламаган эдик. Қўнғиротдан Қозоғистон чегарасигача бўлган йўл аҳволи ёмон. Тўғрисини айтсам, узоққа қатнайдиган юк ташувчилар ва қатновчи ҳайдовчиларга ачиниб кетдим. Бу йўлни тўғриси мен нима дейишга ҳам хайронман. Бизга йўл керак. Агар мана шу йўл битса Европадан кўп одам келади. Менимча, туризмнинг ривожланмаслигига сабаблар бири шу йўл бўлса керак деб ўйлайман", дейди Instagram даги @iwash_tashkent канали муаллифи Отабек Жўраев.

Ишқибозларнинг айтишича, бу йўл айни дамда таъмирланмоқда.

Аслида улар Эронга Туркманистон орқали ўтишни режа қилишади, бироқ Туркманистондан визани кутилган вақтга олишолмаганлиги учун Қозоғистон ва Озарбайжон орқали кетишга тўғри келади.

Қўшни Қозоғистон блогерларни ўзининг ички тартиб-қоидалари билан кутиб олган.

Ишқибозлар Қозоғистонга ўтгач автомобилларга ёпиштирилган қора плёнкани сидириб олишига тўғри келган.

Qozog'iston

Сурат манбаси, Azamat Umarov

"Ҳар бир давлатнинг ўз қонуни бор. Қозоғистонда плёнка мумкин эмас, пулга ҳам", дейди футбол ишқибози Абдураҳмон Фозилов.

Азамат Умаровнинг айтишича, қозоғистонликлар Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган автомобилларга катта қизиқиш билдирган, меҳмон қилишган.

Ишқибозлар Қозоғистоннинг Ақтауидан Озарбайжонга кемада ўтишни мўлжаллайди. Бироқ кема йўловчиларсиз, фақат автомобилларни олиб ўтишини маълум қилади.

Шундан сўнг Бокуга самолётда учишади, машиналар кемада боради.

Yonar Buloq

Сурат манбаси, Azamat Umarov

"Озарбайжоннинг табиати ёқди. Шаҳарсозлик борасида анча илғор экан. Астарада ёнар булоқни кўрдик. Ичса ҳам бўларкан, ёқса ҳам бўларкан", дейди Азамат Умаров.

Эронда футбол ишқибозларининг илк эътиборпини тортган нарса божхона қўмитаси ходимларининг махсус формада эмаслиги бўлган.

1,5 минг чақирим масофани 3 кун давомида босиб ўтишган бўлса йўлда умуман интернет ишлата олишмаган.

"Эронга санкцияларнинг таъсирини йўлларда кўрдик. Автомобиллари эски, ягиланмаган. Аммо бензин ва дизел арзон экан. Бир литр 95 маркали бензин ўзбек сўмида минг сўм экан. Аммо ёнилғини хорижликларга сотиш мумкин эмас экан", дейди Умаров.

Футбол ишқибозлари бир неча баробар кўпроқ ҳақ тўлаб дизел олишган, аммо нарх шунда ҳам Ўзбекистондагидан анча арзонга тушган.

Эрон божхона хизмати ходимлари ҳужжатларни нотўғри тўлдиргани учун улар БандарАббос портида бироз қолиб кетишига тўғри келган.

Саудия Арабистонида чўлда кетишаётганда эса бир автомобилнинг махсус суюқлиги тугаб қолади. Ярим тунда чўлда бир неча соат қолиб кетишларига тўғри келади.

Футбол фанатлари Бирлашган араб Амирлигида Ўзбекистон консуллиги билан Ўзбекистон байроғи кунини нишонлашга ҳам улгуради.

Abdurahmon Fozilov

Сурат манбаси, Abdurahmon Fozilov

Блогерларни Қатарда автомобилларни олиб кириш ва унда юриш нархларининг ўта қимматлиги ҳайратлантирган.

"Кўпчилик бу Жаҳон чемпионатини танқид қилмоқда. Биласизми, мен биринчи марта Доҳадаман. Биринчи марта футбол бўйича Жаҳон чемпионатига келдим. Мен учун ҳаммаси чиройли ташкиллаштирилгандек, қизиқ ва бой кўриняпти. Чунки мен бунақасини кўрмагандим ва бу мен учун қизиқ. Бу ерда қандайдир салбий ҳолатлар ва жанжалларни кўрмадим", дейди @_littos канали блогери Асал Сапарбаева.

Футбол ишқибозларининг Қатарда Ўзбекистон байроғини кўтариб юришида маъно излаганлар ҳам бўлди.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе урган голини мухлислар олдида нишонлаётганда Ўзбекистон фан клуби раҳбари Абудраҳмон Фозилов томонидан илинган Ўзбекистон байроғи осилиб турганди.

Кейинчалик Мбаппе айнан ўша расмини Instagramдаги каналига жойлади.

"Мбаппе ўзининг саҳифасида гол нишонлаганда Ўзбекистон байроғи турибди. Изоҳларни ўқиб қаранглар, Ўзбекистонни отметка қилганлар, бу қаернинг байроғи деб сўраётганлар ҳам бор. Мбаппенинг Инстаграмдаги рекламаси 100 минг доллар бўлса ҳам, биз 100 минг долларлик текин рекламани қилдик. Бошқа иш қилмасдан индамай қайтиб кетсак ҳам бўлади. Йўқ, жаҳон чемпионатининг охиригача бўлиб Ўзбекистон довруғини янаям кўтарамиз", дейди Instagram даги @iwash_tashkent канали муаллифи Отабек Жўраев.

Ишқибозлар Жаҳон чемпионати тугагандан сўнг яна автомобилларда ортга қайтишни режа қилган. Бироқ бу сафар виза чиққани учун йўналиш Туркманистон орқали бўлади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.