Туркия ва Греция чегарасида 92 яланғоч эркак топилишида ким айбдор? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Twitter
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлиги Греция ва Туркия чегарасида 100 га яқин эркаклар яланғоч топилганидан "чуқур хавотирда" эканини билдирди.
Икки давлат 92 муҳожирнинг тақдири учун бир-бирини айблаган.
Греция айбни Туркияга тўнкади ва унинг "хулқ-атвори" "цивилизация учун шармандалик" эканлигини айтди.
Туркия қўшнисининг даъволарини "сохта хабар" деб баҳолади ва уни "шафқатсизлик"да айблади.
Иккала томон бир-бирини айблар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлиги тергов ўтказишга чақирди ва «ҳайратланарли хабарлар ва тасвирлардан қаттиқ қайғурган»ини айтди.
Греция полицияси жума куни Туркия билан шимолий чегараси яқинида яланғоч ҳолда топилган, баъзилари жароҳатланган 92 кишини қутқарганини айтган.
Уларнинг сўзларига кўра, улар ва Европа Иттифоқининг Фронтекс чегара агентлиги расмийлари томонидан олиб борилган терговда муҳожирлар Туркиядан елим қайиқларда Эврос дарёси орқали Греция ҳудудига ўтганига оид далиллар топилган.
"Чегарачилар... 92 нафар кийимсиз ноқонуний муҳожирларни аниқладилар, уларнинг баъзиларининг танасида жароҳатлар бор", — дейилади хабарда.
Греция расмийларининг айтишича, эркакларга зудлик билан кийим-кечак, озиқ-овқат ва биринчи ёрдам кўрсатилган.
Эркаклар қай ҳолда ва нима учун кийимларини йўқотгани аниқ эмас.

Фронтекс бу одамлар асосан Афғонистон ва Суриядан эканлиги ва ташкилотнинг фундаментал ҳуқуқлар бўйича ходими ҳуқуқлар бузилиши эҳтимоли ҳақида хабардор қилинганини айтди.
Греция фуқаролар муҳофазаси вазири Такис Теодорикакос Туркияни "ноқонуний иммиграцияга воситачилик қилиш»да айблади. Миграция қўшнилар ўртасида кўпдан бери зиддиятга сабаб бўладиган масаладир.
Греция телевидениесида гапирар экан у, кўплаб муҳожирлар Фронтексга "уларни учта турк ҳарбий машинаси» икки давлат ўртасидаги чегара вазифасини ўтайдиган дарёга ўтказганини айтганини даъво қилди. Би-Би-Cи бу даъвони мустақил равишда тасдиқлай олмади.
"Туркия ҳукумати томонидан амалий изоҳ кутамиз", деди жаноб Теодорикакос.
Бир кун аввал Греция миграция вазири Нотис Митарачи Твиттерда Туркиянинг муҳожирларга муносабати "цивилизация учун шармандалик" эканини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Афина Анқарадан воқеани текшириш ва, "... Европа Иттифоқи билан чегарасини ҳимоя қилиш"ни кутади.
Можаро Туркия ҳукуматининг энг юқори даражасига етди, президент номидан ёзилган твитлар содир бўлган воқеа учун Туркия жавобгар эканлигини инкор этиб, бу "ғайриинсоний" ҳолат учун Грецияни айблади.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг матбуот котиби Фаҳреттин Алтун ижтимоий мулоқот сайтида "грекларнинг сохта хабарлар машинаси яна ишга тушди" деб ёзди.
У бу иддаоларни "бефойда ва кулгили" дея таърифлаб, Грецияни қочқинларнинг суратларини эълон қилиш орқали уларга ҳурматсизлик қилишда айблади.
Бунга жавобан БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги "ҳайратланарли хабарлар ва тасвирлардан қаттиқ хавотирда" экани, бироқ ҳозирча гуруҳ билан тўғридан-тўғри гаплаша олмаганини айтди. Ташкилот бу яқин кунларда содир бўлишига умид қиляпти.














