Эрдўғон: Путин Украина урушини имкони борича тез тугатмоқчи Ukraina Dunyo Yangiliklar

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон айтишича, Самарқандда Россия Президенти Владимир Путин билан Украина уруши масаласини муҳокама этганлар, Путин урушни имкони борича тезроқ тугатишни хоҳлашини айтган.

Президент Эрдўғон бу ҳақда АҚШнинг PBS телеканалига берган интервьюсида айтди.

Владимир Путинни "қадрли дўстим" деб атаган Президент Эрдўғон сўзларига кўра, Россия раҳбари урушга тезроқ якун ясашга интилаяпти.

Алоқадор мавзулар:

"Мен Ўзбекистонда Президент Путин билан учрашдим ва ўртамизда муфассал муҳокама бўлиб ўтди. У менга буни имкони борича тезроқ тугатишга тайёрлигини намойиш этди. Бу меннинг таассуротим, чунки вазият анча муаммоли ривожланишда давом этаяпти", - деди Президент Эрдўғон.

PBS мухбири жаноб Эрдўғонга, Россия бостириб кирганидан кейин босиб олган Украина ҳудудларини Россияда қолдиришга рухсат бериб бўладими, деган саволни берган.

"Йўқ, шубҳасиз йўқ", деб жавоб қайтарди Туркия президенти.

"Биз ўзаро битим ҳақида гапирганда шуни назарда тутамиз. Агар Украинада тинчлик ўрнатиладиган бўлса, албаттаки, ишғол қилинган ерларнинг қайтарилиши жуда муҳим бўлади. Бу - кутилаётган нарса. Бу - исталаётган нарса. Жаноб Путин муайян қадамларни ташлади. Биз муайян қадамларни ташладик. Босиб олинган ерлар Украинага қайтарилиши керак", деди Президент Эрдўғон.

Туркия раҳбари муайян қадамлар нимани англатишини очиқламади.

"Россиянинг Қримни ўзида олиб қолишига рухсат бериш керакми?", - сўради PBS мухбири.

"2014 йилдан буён биз қадрли дўстим Путин билан бу ҳақда гаплашиб келамиз, биз ундан талаб қилиб келамиз. Биз Қримни қонуний эгаларига қайтаришни сўраганмиз. Айни вақтда у ерда яшаётган инсонлар бизларнинг аждодларимиз ҳам. Агар сиз олдинга қадам ташлаганингизда, Қрим Татарларига ҳам, Украинларга ҳам енгиллик берган бўлардингиз. Мана шу гапларни биз айтиб келаяпмиз. Бироқ ўшандан буён, афсуски, олдинга бирор қадам ташланмади", - деб жавоб берди Туркия президенти.

Путин катта хатога йўл қўйганини, Украин халқининг ўз ватани учун курашиш иродасини кўра олмаганини тан оладими, деган саволга Президент Эрдўғон шундай жавоб берди:

"Бирорта раҳбар хато қилганини тан олишни истамайди. Ҳеч ким - ҳа, мен хато қилдим, демайди. Лидерларнинг ортга чекинишлари қийин".

"Ҳеч қандай босқинни оқлаб бўлмайди", деди жаноб Эрдўғон.

Украина инқирозида Туркия роли

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Туркиянинг тутган мавқеъига жаҳонда турлича муносабат билдириб келинади.

НАТО аъзоси ҳисобланган Туркия охирги йилларда Россия билан анча яқинлашган, бунда Президент Эрдўғон билан Президент Путиннинг ўзаро муносабатлари алоҳида роль ўйнайди.

2019 йилдан буён Туркия Украинага Байрактар дронларини сотиб келади, яқинда бу дронларни Украинанинг ўзида ишлаб чиқиш ҳам бошланди.

Байрактар дронлари Украина ҳарбийлари ғалабаси учун ўта қўл келди.

Уруш бошланганидан буён Эрдўғон Путин билан бир неча март учрашди, инқирозда Туркия воситачи ролини ўйнаб келаяпти.

Март ойи охирида Россия билан Украина ўртасидаги илк сулҳ келишуви Истанбулда Президент Эрдўғон иштирокида имзоланди, аммо Буча қирғини хабарларидан кейин Россия ва Украина расмийлари ўртада мулоқот бўлмаганини билдиришади.

Июль ойида Украина донини Россия блоклаган Қор денгиздан жаҳон бозорига олиб чиқиш битими ҳам Туркияда, БМТ воситачилигида эришилди ва ишга тушди.

Путин аҳволи тангми?

Шу йил 24 февралида Украинани "денацификация ва демилитаризация қилиш" мақсадида махсус ҳарбий операция бошлашга буйруқ берган Россия Президенти Путиннинг сентябрь ойига келиб баёнотлари оҳанги ўзгарди.

Бир неча кун ичида Украинани таслим этишнинг уддасидан чиқолмаган Россия орадан бироз ўтиб, мақсадлари Донбассни озод этиш бўлгани ҳақида гапира бошладилар.

Бошида ядровий қуроли бор Россия билан зиддиятга боришдан чўчиб турган Ғарб Россия раҳбарлари, саноати, иқтисодиёти, молиясига қарши қаттиқ санкциялар жорий этди, Украинани қурол-яроғ билан ёрдам беришни бошлади.

Шу йил май ойи охирларидан кўзга кўринадиган илгари силжишга эришолмаган Россия армияси Украина Ғарб қуролларини ола бошлаганидан кейин катта талофатларга дуч келди, йирик қурол-яроғ омборлари, қўмондонлик пунктларидан айрилди.

Сентябрь ойи бошида эса Украина қўшинлари мамлакат шимолидаги Харкив вилояти ҳудудида қарши ҳужумга ўтиб, қисқа вақтнинг ичида катта қисмдаги ўз ерларини ўз назоратига киритди.

Самарқандаги ШҲТ саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин тинчлик музокараларини хоҳлаётганларини, лекин Украина музокарани исамаётгани, жанг йўли билан ерларини қайтариб олмоқчи эканликларини тан олишга мажбур бўлди.

Россия армияси аскарларининг руҳи тушиб кетган, талофатлар ўрнини эса Россия қамоқхоналардаги тутқунлар билан тўлдиришга қарор қилмоқда, лекин булар билан ҳам жанг майдонларида кўзлаган мақсадларига эришолмаяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek