You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Путин Ўзбекистонда Ғарбга нимани намойиш қилмоқчи? Самарқанд, Янгиликлар
- Author, Франчес Мао
- Role, BBC News
Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Самарқандга қилган сафари давомида Украинадаги уруш ва бошқа "халқаро ҳамда минтақавий масалаларни" муҳокама қилади. Россия Самарқандда ўтаётган ШҲТ саммитида Ғарбга муқобил тизим борлигини кўрсатиб қўйишни мақсад қилган.
Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Си Цзиньпин пандемия бошланганидан бери илк маротаба хорижга сафар қилмоқда.
Путиннинг Ғарб билан муносабатлари Украина сабаб инқирозга учраган бир вақтда Си Цзиньпин тарихий учинчи муддатга сайланишга ҳаракат қилади.
Си Цзиньпин 3 кунлик ташрифини чоршанба куни Қозоғистондан бошлади. У пайшанба куни Самарқандда 15-16 сентябр куни бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити доирасида Путин билан учрашади.
Путин яна Ҳиндистон, Покистон, Туркия ва Эрон давлат раҳбарлари билан ҳам кўришади. Бироқ Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Путиннинг Хитой раҳбари билан учрашуви "алоҳида аҳамият касб этиши"ни айтган.
"Биз ШҲТ Ғарб андозасидаги структура ва механизмларга ҳақиқий муқобил таклиф этмоқда, деб ҳисоблаймиз. Чунки ШҲТнинг барча аъзолари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига асосланган янада адолатли демократия ва кўп қутбли дунё тартиби шакллантириш тарафдори", деган Ушаков.
У саммит кенг миқёсли сиёсий ўзгаришлар манзарасида рўй бераётганини айтган.
Хитой ва Россия 2001 йили Марказий Осиёнинг тўртта собиқ совет давлатлари иштирокида ташкил топган ШҲТини анчадан бери Ғарбнинг кўп қиррали гуруҳларига муқобил сифатида кўрсатишга интилиб келади.
Си Цзиньпиннинг сафари Хитойда ҳамон қатъий карантин режими амал қилаётган бир вақтга тўғри келган. Дунё ковид билан яшашга мослашиб чегараларини очган бир вақтда Хитой бутун шаҳарлар ва вилоятларни ёпиб ташлаш сиёсатини давом эттирмоқда.
Си Цзиньпин охирги марта Хитойдан 2020 йил Мянмарга сафар қилганида чиққанди. У ўшандан бери Хитойдан чиқмаган, фақат шу йилнинг июл ойида Ҳонг Конгга борганди.
Путин ҳам хорижга тез-тез чиқавермайди. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Владимир Путиннинг июл ойида Туркия ва Эрон давлат раҳбарлари билан учрашуви иккинчи сафари эди.
Икки давлат раҳбари шу йил ҳисобидан иккинчи марта учрашмоқда. Улар сўнгги марта Пекинда ўтган Қишки Олимпияда ўйинлари давомида кўришганди.
Февралдаги учрашув натижасида икки давлат раҳбарлари икки давлат ўртасидаги "абадий дўстлик" ҳақида қўшма баёнот чиқарганди.
Учрашувдан кўп ўтмасдан Россия Украинага бостириб кирганди. Хитой Россиянининг ҳаракатларини на танқид қилди ва на қўллаб-қувватлади. Пекин икки томоннинг ҳам айби борлигини айтди.
Хитой Россияга нисбатан киритилган санкцияларда иштирок этмайди. Икки давлат ўртасида савдо айланмаси ўсишда давом этмоқда. Хитой ва Ҳиндистон Украинада уруш бошланганидан бери Россия нефтини сотиб олишни кўпайтирган.
Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти қандай тузилма?
ШҲТ - 2001 йили Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан ташкил этилган Евросиё сиёсий, иқтисодий ҳамда хавфсизлик ташкилоти. Кейинчалик унга Покистон ва Ҳиндистон қўшилган. Айни дамда Эрон унга қўшилишга ҳаракат қилмоқда.
Саммит давомида иштирокчилар савдо масалаларини муҳокама қилади. Хитой "Камар ва йўл" лойиҳаси доирасида минтақадаги йирик инвестор ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek