Майли бизни ўлдиринг, лекин ортга қайтарманг - қирғиндан қочган мусулмонлар Дунё, янгиликлар

    • Author, Ражини Вайдянатан
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзининг тўрт йиллик заифлик йилларида Ясмин қўним билмай, келажаги мавҳум ҳаёт кечирди.

У Бангладешдаги қочқинлар лагерида туғилган ва Мянмадаги ота-боболарининг қишлоғига қайтиб бора олмайди. Айни дамда Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги иркит хона унинг учун уй вазифасини ўтамоқда.

Мянмадаги этник озчилик бўлган юз минглаб роҳинжалар сингари, Ясминнинг ота-онаси ҳам ҳарбийлар томонидан бошланган геноцид кампаниясидан қочиб, 2017 йилда мамлакатни тарк этган.

Кўпчилик қўшни давлатларга, масалан, Бангладеш ва Ҳиндистонга қочган ва ўша ерда қочқин сифатида яшамоқда.

Беш йил ўтиб, Роҳинжа мусулмонлари - БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги энг катта фуқаролиги йўқ аҳоли - мавҳумликда қолмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Ясминнинг отаси Раҳмон Мянмада тадбиркор бўлган. Ҳарбийлар халққа шафқатсизларча ҳужум қилганда, у оммавий қочган 700 000 роҳинжалардан бири эди.

Бир неча кун юрган Раҳмон ва унинг рафиқаси Маҳмуда Бангладеш жануби-шарқида, Мянма билан чегарага яқин ҳудудда жойлашган Кокс-Бозордаги қочқинлар лагерига етиб боришди.

Бу ерда эр-хотин тор шароитда яшади. Озиқ-овқат танқис эди, улар хайрия жамғармалари берган таом билан кун кечиришди.

Улар Бангладешга етиб борганидан бир йил ўтиб Ясмин туғилди.

Бангладеш ҳукумати роҳинжа мусулмонларини Мянмага қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Минглаб қочқинлар Бҳасан Чар номли олис оролга жойлаштирилди, қочқинлар уни "орол қамоқхона" деб атайдилар.

Раҳмон Бангладешни тарк этиш фарзандим келажаги учун яхши, деб ҳисобларди.

Ва 2020 йилда, Ясмин икки ёшга тўлганда, оила қўшни Ҳиндистонга кўчиб ўтди.

Ҳисоб-китоблар турлича, аммо қочқинлар ташкилотлари Ҳиндистонда 10 000 дан 40 000 гача роҳинжа қочқинлари борлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг аксарияти 2012 йилдан бери мамлакатда.

Кўп йиллар давомида роҳинжалар бу ерда камтарона ҳаёт кечириб, унчалик баҳс-мунозараларга сабаб бўлмаган. Аммо федерал вазир бу ойда қочқинлар уй-жой, қулайлик ва полиция ҳимояси билан таъминланиши ҳақида Twitter'да ёзганидан сўнг, уларнинг Деҳлида мавжудлиги матбуот сарлавҳаларига чиқди.

Бир неча соат ўтгач, Ҳиндистоннинг ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) роҳинжа мусулмонларига ушбу хизматларни таклиф қилишни рад этди, аксинча, уларни депортация қилиниши ёки ҳибсхоналарга жўнатилиши керак бўлган "нолегал хорижликлар" деб атади.

Оҳангдаги бу аниқ ўзгариш Раҳмон каби қочқинларни умидсиз қилиб қўйди.

"Боламнинг келажаги қоронғу кўринади", дейди у ёғоч каравотга ўтираркан.

"Ҳиндистон ҳукумати ҳам бизни хоҳламайди... лекин Мянмага депортация қилганларидан кўра, бизни ўлдиришгани афзал".

Ҳеч бир давлат юз минглаб роҳинжаларни қабул қилишга тайёр эмас. Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина ўтган ҳафта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелетга ўз мамлакатидаги қочқинлар Мянмага қайтиши кераклигини айтди.

Аммо БМТ Мянмадаги можаро туфайли у ер қочқинлар учун хавфсиз эмаслигини айтган. 2021 йил февралида роҳинжаларга қарши жиноятларда айбланган Мянма хунтаси ҳарбий тўнтариш натижасида мамлакатни назоратга олган.

Юзлаб роҳинжалар хунта томонидан содир этилган ваҳшийликлардан қочиб, денгиз орқали Малайзия ва Филиппин каби давлатларга хавфли денгиз сафарига чиққан.

Бангладешдаги лагерлардаги қочқинлар сони қарийб миллионга етди. Уларнинг ярми болалардир.

Раҳмон сингари Котиза Бегум ҳам 2017 йил августида уч кун овқатсиз юриб, Мянмадан қочган.

У уч фарзанди билан Кокс-Бозордаги лагерда бир хонада яшайди. Бошларида оддий пластик том - ёмғирли мавсум учун жуда ёмон ҳимоя.

Унинг ўз ватанида бошдан кечирган даҳшатлари ҳали ҳам хотирасида.

"Ҳарбийлар уйимизга кириб, қийноққа солишди. Улар ўт очишганда, биз югурдик. Болалар дарёга ташланди. Улар йўлларида учраган барчани ўлдиришди."

Лагердаги бошқалар сингари, Котиза ҳам турли ноҳукумат ва хайрия ташкилотларининг озиқ-овқат кўмагига боғлиқ бўлиб, улар кўпинча ясмиқ ва гуруч каби асосий озиқ-овқатлар билан чекланади.

"Уларга хоҳлаган таомларини бера олмайман, чиройли кийим-кечак бера олмайман, уларга керакли тиббий ёрдам бера олмайман", дейди у.

Котизанинг айтишича, у баъзан болаларига ёзиш учун ручка сотиб олиш учун ўзига берилган таомни сотади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг яқинда берган баҳосига кўра, халқаро молиялаштиришнинг қисқариши "омон қолиш учун бутунлай гуманитар ёрдамга боғлиқ" бўлиб қолаётган аҳоли учун муаммоларни янада кучайтирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, қочқинлар тўйимли озиқ-овқат, тегишли уй-жой, санитария шароити ва иш топишга қийналмоқда.

Таълим - Котизанинг фарзандлари учун энг катта устувор йўналишларидан бири - бу ҳам оғир масала.

Муносиб таълим ололмаётган авлод тақдиридан ҳам хавотирлар бор.

"Болалар ҳар куни мактабга боради, лекин улар учун ривожланиш йўқ. Менимча, улар яхши таълим олмаяпти", дейди Котиза.

Кокс-Бозордаги лагерларда яшовчи болаларга Бангладеш мактабларида ўқитиладиган эмас, Мянма ўқув дастури - ўз ватанининг ўқув дастури ўқитилади.

Дастур тарафдорлари ўқувчиларни бир кун келиб ўз ватанларига қайтишга тайёрлаш керак десалар, бошқалар бу роҳинжа қочқинларининг бангладешликлар билан интеграциялашувига йўл қўймаслик йўли, деб қўрқишади.

"Агар улар ўқиса ҳаёти яхшиланиши мумкин. Улар ўзлари учун пул топиб, бахтли яшашлари мумкин», дейди Котиза.

Бу туйғу қўлида тўрт ёшли боласи бор Деҳлидаги Раҳмонга ҳам бегона эмас.

"Мен унга муносиб таълим ва яхшироқ ҳаёт беришни орзу қиламан, лекин қила олмаяпман"

Бутун дунёдаги роҳинжалар геноциддан қочганларининг беш йиллигини нишонлар экан, улар ҳамон адолатдан умидворлар - Мянма ҳарбийларига қарши очилган иш ҳали ҳам Халқаро судда кўриб чиқилмоқда.

Лекин, энг муҳими, улар уйга қайтишни орзу қиладилар.

Улар учун хавфсиз бўлмагунча, Раҳмон каби қочқинлар дунёдан кўпроқ ёрдам ва раҳм-шафқат сўрамоқда.

«Мен ўғирлик қилгани эмас, ҳаётимни сақлаб қолиш учун келганман».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek