Қувғинга учраган мамлакат раҳбарларининг тақдири қандай кечади? Dunyo Yangiliklar Ўзбекистон ва дунё - таҳлил, янгиликлар

Шри-Ланка янги президентни сайлади, аммо аввалгиси Готабая Ражапаксага нима бўлади?

Ражапакса 13 июль куни мамлакатдан Малдив оролларига қочган, кейин эса Сингапурга учиб кетган ва у ерда истеъфога чиқишини эълон қилган.

Бироқ, унинг у ерда қолиши номаълум. Сингапур ташқи ишлар вазирлиги у қисқа муддатли "шахсий ташриф"да бўлганини, Шри-Ланка вазирлар маҳкамаси вакили эса у мамлакатга қайтади деб айтди.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоллари Сингапур Бош прокурорига мурожаат қилиб, Ражапаксани Шри-Ланкадаги фуқаролар урушидаги иштироки учун ҳибсга олишни талаб қилишган. У Саудия Арабистони ёки Бирлашган Араб Амирликларига кетаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор эди.

Шимоли-ғарбий университетнинг сиёсатшунос профессорлари Абел Эскриб-Фолч ва Даниел Кркмаричга кўра, 180 дан ортиқ давлат раҳбарлари 1946 йилдан 2012 йилгача сургунга кетган.

Аммо Ражапакса ҳам қувғинга мажбурланган миллий лидерлар рўйхатидан ўрин олса, у ва Шри-Ланкага нима бўлиши мумкин?

Мана бир неча тарихий мисоллар.

Далай-Лама (сургунда 1959 йилдан ҳозирги кунгача)

Зиддиятли шахсни қабул қилиш билан мамлакат геосиёсий оқибатлар билан юзма-юз келиши мумкин

1959 йилда Хитой Тибет қўзғолонини шафқатсизларча бостирганидан сўнг Ҳиндистоннинг Далай-Ламага бошпана бериш қарори дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган икки давлати ўртасида узоқ давом этган можарога сабаб бўлди.

Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Жавоҳарлал Неру хитойлик ҳамкасби Чжоу Энлайнинг Тибетнинг руҳоний раҳбарини мамлакатга киритмаслик ҳақидаги чақириғини эътиборсиз қолдирди.

"Пекиннинг Деҳлига нисбатан ишончсизлигининг илдизи аслида Ҳиндистонда ўнлаб йиллар давомида фахрий меҳмон бўлиб келган роҳибдир", дейди ҳинд сиёсатшуноси Мадхав Налапат. - Нерунинг ўз ҳамкасби талабини эътиборсиз қолдиргани икки мамлакат муносабатида ёриқ ҳосил қилди ва у бугунги кунда ҳам давом этмоқда.»

Оятуллоҳ Хумайний (1964 - 1979) ва Эрон шоҳи (1979 - 1980)

Қочқинлар жой алмашади

Қочқинлар жой алмашади

Руҳуллоҳ Хумайний Эроннинг етакчи диний раҳбари бўлиб, у ғарбпараст Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий режимига қарши чиққан ва унинг ўрнини эгаллаб, Ислом Республикасига асос солган.

Ҳар иккиси ҳам ўз мамлакатининг ўзлиги ва ривожланиш йўналиши учун кураш туфайли сургунда азоб чекди. Шоҳнинг хавфсиз бошпана топишдаги қийинчиликлари сиёсатдан кетаётган бошқа раҳбарлар учун ҳам огоҳлантирув бўлиши мумкин.

1964 йилда мавжуд тузумнинг очиқ ва ашаддий мухолифи бўлган Ҳумайний мамлакатдан ҳайдалиб, аввал Туркияга, сўнгра Ироққа, ниҳоят Францияга йўл олди ва ўша ерда туриб, ўз тарафдорларини Шоҳни ағдаришга чақирди.

Айни вақтда Эронда Паҳлавий нуфузини йўқотиб борарди, бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар, иш ташлашлар ва намойишлар бўлиб ўтди. 1979 йилнинг январида унинг ҳукумати қулади ва у оиласи билан мамлакатни тарк этди.

1979 йил 1 февралда Ҳумайний Эронга ғалаба билан қайтди. У билан бирга учган журналистлар, жумладан, Би-би-си мухбири Жон Симпсон ҳам кейинроқ самолёт уриб туширилишидан қўрққанликларини айтишган.

Миллий референдум бўлиб ўтди, унда Хумайний ғалаба қозонди ва Эроннинг умрбод сиёсий ва диний раҳбари этиб тайинланди.

Шоҳ ва унинг рафиқаси малика Фараҳ дастлаб Мисрдаги Асванга учиб кетишди - расмий хабарларга кўра, шоҳ "таътил" ва даволаниш учун кетган.

Шундан сўнг у Марокаш, Багам ороллари, Мексика, АҚШ ва Панамада яшаган ва 1980 йил 27 июлда Қоҳирада саратон касаллигидан вафот этган.

Ағдарилган шоҳнинг даволаниш учун АҚШда бўлганлиги АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасига босқин уюштирилиши ва гаровга олиш инқирозига сабаб бўлди, бу даврда эронликлар америкалик дипломатларни 400 кундан ортиқ ушлаб туришган.

Хумайний 1989 йил 4 июнь куни вафотигача Эронни олий раҳбар сифатида бошқарди.

Иди Амин Дада (1979-1993)

Ҳатто шафқатсиз диктаторлар ҳам баъзан ўзларига янги уй топишга муваффақ бўлишади.

Иди Амин 1971 йилда Угандада ҳокимиятни қўлга киритган ва ўн йил давомида мамлакатда қатлиомлар ва бутун осиёлик аҳолини ҳайдаб чиқариш билан бирга шафқатсиз диктатурани ўрнатган ҳарбий раҳбар эди.

1979 йилда у Танзания қўшинлари кўмагида ағдарилди. Бироқ, ҳатто бундай ҳукмдор ҳам чекиниш йўлини топа олди.

"Диктаторлар кўпинча улар билан чуқур тарихий, сиёсий, ҳарбий ёки иқтисодий алоқаларга эга бўлган мамлакатларга қочади", деб тушунтиради профессор Эскриба-Фолч.

Шунинг учун Саудия Арабистони унинг ҳокимияти даврида 400 000 га яқин угандалик ҳалок бўлган деган айбловларга қарамай, унга бошпана берган.

Африканинг собиқ раҳбари 2003 йилда вафот этгунга қадар Саудия Арабистонида дабдабада яшаган.

"Бэби Док" Дювалье (1986 - 2011)

Сургун доим ҳам муваффақиятли эмас

Саудия Арабистони обрўсиз бўлган хорижий раҳбарни қабул қиладиган ягона давлат эмас.

Собиқ мустамлакачи давлатлар ўз таъсирини сақлаб қолиш ёки собиқ мустамлакалардаги беқарорлик олдини олишга интилаётгани сабабли, Европанинг турли шаҳарлари ҳокимиятдан ағдарилган давлат раҳбарларига бошпана беради.

Улардан бири "Бэби Док" номи билан танилган Гаити собиқ президенти Жан-Клод Дювалье.

Гаитини 1957 йилдан бери бошқариб келаётган отаси "Ота Док" Франсуа Дювальедан умрбод президент унвонини мерос қилиб олганида у эндигина 19 ёшда эди.

У отаси сингари мамлакатни бошқаришда Тонтон Макутлар номи билан машҳур бўлган Миллий хавфсизлик кўнгилли милициясига таянган. Турли маълумотларга кўра, Дювалье даврида улар (ёки хавфсизлик кучлари) 20 дан 30 минггача гаитиликни ўлдиришган.

1986 йилда халқ қўзғолонида ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг, у 25 йилни қувғинда, асосан Франция жанубида яшаб ўтказди.

Бироқ, унинг Швейцария банк ҳисобларида сақлаган олти миллион доллари 1986 йилда музлатилган ва у 1993 йилда ажрашганидан кейин бойлигининг катта қисмини йўқотган.

Сургуннинг сўнгги йилларида Дювалье ўз издошларининг молиявий ёрдамига боғлиқ эди ва Париждаги кичкина квартирада яшади.

У 2011 йилда Гаитига қайтиб келди ва у ўз ҳукмронлиги даврида маблағларни ўғирлаш ва ўзлаштиришда айбланган бўлса ҳам (Дювальенинг отаси ва ўғли ҳукмронлиги даврида 300 миллион долларни ўзлаштирганликда айбланган эди), собиқ президентга умрбод Порто Пренсда яшашга рухсат берилди. У 2014 йилда юрак хуружидан вафот этгунига қадар пойтахтда очиқ ошкора яшади.

Беназир Бҳутто (1984 - 1986, 1999 - 2007), Навоз Шариф (1999 - 2007)

Сургун ҳар доим ҳам бир томонга йўл эмас

Айрим мамлакатлардаги сиёсий муҳит баъзан раҳбарларнинг тез-тез сургунга кетишига олиб келади ва Покистон ҳам бунга мисолдир.

Беназир Бхуттонинг сиёсий карьераси бир текис эмас. У икки марта (аввал Буюк Британияда, кейин БААда) қувғинда бўлган, бироқ ҳар икки сафар ҳам Покистонга қайтиб, мамлакат Бош вазири бўлган - кўпчилик мусулмон бўлган мамлакатни бошқарган биринчи аёл, бу лавозимни 1988 йилдан 1990 йилгача, кейин 1993 йилдан 1996 йилгача эгаллаган.

Ўзининг обрўси чўққисида - биринчи сайланганидан кўп ўтмай - у дунёдаги энг машҳур аёл лидерлардан бири эди.

Аммо иккала ҳолатда ҳам мамлакат президенти уни коррупцияда айблаб, лавозимидан четлатган.

2013 йилда Бхутто худкушлик ҳужумида ўлдирилган. Унинг отаси ва икки укаси ҳам зўравонлик натижасида ҳалок бўлди.

Навоз Шариф Бхутто бош вазирлигининг ҳар икки муддатидан кейин ҳам унинг ўрнини эгаллаган, бироқ 1999 йилда у ҳарбийлар томонидан ағдарилди ва Бхутто сингари сургунга мажбур бўлди (аввал қисқа муддат қамоқда, кейин Саудия Арабистонига кетди).

Орадан 14 йил ўтиб Шариф мухолифат ҳаракатига раҳбарлик қилди ва учинчи марта бош вазир бўлди.

Бироқ, 2017 йилда Панама ҳужжатлари ошкор этилганидан сўнг, Покистон Олий суди унга умрбод давлат лавозимларида ишлашни тақиқлади, унга кўра, унинг оилавий даромадлари декларациясида офшор компаниялар ва бошқа активлар қайд этилмаган.

1999 йилги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни қўлга киритган, Бхутто ва Шарифни сургунга мажбурлаган генерал Парвез Мушарраф сургунга кетган эди.

Зайнал-Обидин Бен Али

Сиз охирги сургун бўлмаслигингиз мумкин

Зайнал-Обидин Бен Али Тунисни 23 йил бошқарган ва 2011 йил январида араб баҳорини бошлаган мисли кўрилмаган кўча намойишлари фонида истеъфога чиққан.

Бен Али дастлаб намойишларда «экстремистлар»ни айблади, бироқ тез орада фикрини ўзгартирди ва намойишчиларнинг ўлимидан чуқур таассуф билдириб, оммавий ахборот воситалари эркинлигини жорий этишга ва 2014 йилги сайловда қатнашмасликка ваъда берди.

Бироқ, бу муроса тартибсизликларни тўхтата олмади ва эртаси куни катта оломон пойтахт кўчаларига чиқиб, хавфсизлик кучлари билан яна тўқнаш келганида, у Саудия Арабистонига қочди ва у ерда 2019 йил 19 сентябрда вафот этди.

Президент Бен Али барқарорлик ва қисман иқтисодий фаровонлик келтирган, аммо сиёсий эркинликларни бостиргани учун танқид қилинган.

У ҳокимиятдан ағдарилганидан олти ой ўтгач, у ва унинг рафиқаси Тунис суди томонидан давлат маблағларини ўғирлаш ва суиистеъмол қилишда сиртдан айбдор деб топилди ва 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2012 йилда алоҳида суд уни намойишчиларни ўлдирганликда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Тунисдан ташқари, 2011 йилги араб баҳори Миср, Ливия ва Яманда ҳукуматларнинг қулашига, Сурияда ўн йил давом этган фуқаролар урушига олиб келди.

Бироқ, фақат Тунисда бу воқеалар натижасида янги демократик ҳукумат ўрнатилди. Аммо ишсизлик ортиб бораётгани ва иқтисоднинг турғунлиги туфайли кўплаб тунисликлар мамлакатдаги сиёсий партияларга ишончини йўқотмоқда.

25 июль куни мамлакатда парламентни тарқатиб юборган ва бир йил давомида асосан президент фармонлари орқали ҳукмронлик қилган президент ваколатларини кенгайтирувчи янги конституцияга овоз берилди.

Сайлов натижаси тузатишлар қабул қилинганлигини кўрсатди: қарийб 90% одам президентга деярли чексиз ваколатлар берувчи янги конституция учун овоз берди.

Мухолифат овоз беришни бойкот қилди - сайловчилар 30 фоиздан кам иштирок этди - ва мамлакат автократияга қайтиш хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Изабел Перон (1981 - ҳозиргача)

Сизнинг ватанингиз экстрадициянгизни талаб қилиши мумкин

Аргентиналик Изабел Перон дунёдаги биринчи аёл президент бўлган, аммо 1981 йилдан бери у Испанияда ёлғиз яшайди.

У 1974 йилда Аргентина президенти бўлган, унинг эри Хуан Доминго Перон вафотидан сўнг, бу лавозимни уч марта эгаллаган.

Изабел Перон унинг учинчи хотини эди ва улар Эва Пероннинг ўлимидан бир неча йил ўтиб турмуш қуришганди.

Аргентиналиклар «Исабелита» деб атайдиган Изабел Перон кабаре раққосаси эди.

Унинг президентлиги кўплаб иш ташлашлар ва юзлаб сиёсий қотилликлар билан ажралиб туради.

1976 йилдаги ҳарбий тўнтариш натижасида Изабел Перон президентликдан четлаштирилди ва бир неча йил уй қамоғида яшади, шундан сўнг у Испанияга кўчиб ўтди.

2007 йилда Аргентина уни ўнг қанот ҳарбийлаштирилган гуруҳга алоқадорликда ва икки кишининг ғойиб бўлишида айблаб, халқаро ҳибсга олишга ордер берган.

Испания экстрадиция талабини рад этди; суд Перонга қарши далиллар етарли эмас деб ҳисоблади.

Фердинанд Маркос

Муҳожирликда ҳам сизнинг номингиз бироз оғирлик қилади

1986 йилда АҚШ президенти Роналд Рейган Фердинанд Маркосга Филиппиндаги ҳокимиятдан воз кечишни ва Гавайига кетишни маслаҳат берди. Маркос режимига қарши оммавий норозилик намойишлари Филиппинни қайноқ нуқтага олиб келди (Маркос кўплаб фирибгарлик айбловлари фонида президентлик сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилганди).

"Филиппин АҚШнинг собиқ мустамлакаси эди, Маркос эса [Вашингтондан] саховатли иқтисодий ва ҳарбий ёрдам олиб, коммунизмга қарши курашда асосий иттифоқчи эди, - дейди профессор Эскриба-Фолч. - Диктаторнинг хавфсиз чиқиб кетиши учун жой бўлиши, режим ўзгариши силлиқроқ кечишига имкон берган.

Маркослар оиласининг ҳукмронлиги даврида мухолифлар ўлдирилди, инсон ҳуқуқлари топталди, коррупция ортди ва харажатлар каттарди (Президентнинг рафиқаси Имелда Маркоснинг пойабзал йиғиши ҳақидаги афсоналар), миллионлаб одамлар ўта қашшоқликда яшади ва мамлакат бюджети қарзга ботди.

Бироқ Филиппин Маркосдан бутунлай қутула олмади: собиқ президент Фердинанднинг ўғли «Бонгбонг» Маркос 2022 йилнинг май ойида бўлиб ўтган сайловларда ишончли ғалаба қозонди ва Филиппин президенти сифатида қасамёд қилди.

Альфредо Стресснер (1989 - 2006)

Ернинг у чеккасига кетиш шарт эмас

1989 йилда Парагвайда дунёдаги энг узоқ давом этган диктатуралардан бири тугагач, унинг раҳбари бошпана излашига кўп вақт керак бўлмади.

Бразилия қўшни давлатда яна нотинчликлар юзага келмаслиги ва ҳар икки давлат учун энг муҳим энергия манбаи бўлмиш Итайпу ГEСининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида генерал Алфредо Стресснерга бошпана беришдан тортинмади.

Бу Парагвай ва Бразилияда норозиликларни келтириб чиқарди: Стресснернинг 35 йиллик бошқаруви доимий равишда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан ажралиб турди ва Бразилиянинг ўзи яқиндагина 21 йил давом этган ҳарбий диктатурага барҳам берганди.

Стресснер даврида Парагвай олтита Лотин Америкаси давлатининг (Чили, Аргентина, Боливия, Парагвай, Уругвай ва Бразилия) ўнг қанот ҳарбий ҳукуматлари томонидан биргаликда олиб борилган давлат террори ва хавфсизлик операциялари бўлган антикоммунистик «Кондор» операциясида иштирок этди. 1970 йилларда АҚШнинг фаол ёрдамида албатта.

Собиқ диктатор 2006 йили 93 ёшида Бразилияда қувғинда вафот этган.

Икки йил ўтгач, ҳақиқат комиссияси Стресснер даврида 400 дан ортиқ одам қатл этилган ёки ғойиб бўлганини айтди.

Кетиш ё қолиш

Аммо янги уй топа олмаганлар чи? Профессор Эскриба-Фолчнинг таъкидлашича, ҳокимиятдан йиқилган раҳбарлар ўзларига ҳимоя қилиш учун жой топа олмаса, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳокимиятга ёпишиб олишга қарор қилишлари мумкин.

У Ливия собиқ президенти Муаммар Қаддафийни мисол қилиб келтиради: 2011 йилда Ливиядаги фуқаролар уруши пайтида Триполи қулаганидан кейин халқаро ҳамжамият Қаддафийга сургунга кетиш учун кучли босим ўтказди ва шу тариқа кейинги жанговар ҳаракатларга чек қўйди.

Бунинг ўрнига Ливия диктатори бир неча ой яшириниб юрди ва охир-оқибат ўз она шаҳри Сиртда оломон томонидан ўлдирилди.

"У қувғинга кетишдан кўра ўлимгача курашишни танлади ва баъзилар бу қарор, бошқа нарсалар қатори, уни узоқ муддатли ҳимоя қилишни хоҳлайдиган мамлакатни топа олмаганлиги билан боғлиқ деб тахмин қилишмоқда", дею ёзди Шимоли-ғарбий университет тадқиқотчилари 2017 йилда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek