Салмон Рушдий ҳақида нима биласиз? Dunyo Yangiliklar

Эллик йиллик адабий фаолиятида Сэр Салмон Рушдий ўз ижоди сабабли келиб чиқадиган ўлим таҳдидларига бегона бўлмади.

Ёзувчи энг машҳур ва муваффақиятли британиялик ёзувчилардан бири бўлиб, унинг иккинчи романи "Ярим тун болалари" 1981 йилда машҳур Букер мукофотига сазовор бўлган.

Аммо унинг 1988 йилда нашр этилган тўртинчи романи - "Шайтоний оятлар" унинг энг мунозарали асари бўлиб, мисли кўрилмаган даражада халқаро ғалаёнларга сабаб бўлди.

Ислом оламида кўплаб мусулмонлар китобнинг нашр этилишига ғазаб билан муносабатда бўлиб, Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг китобдаги тасвири уларнинг эътиқодига жиддий ҳақорат эканлигини айтишди.

Рушдийга ўлим таҳдиди бошланди, яшириниб яшашга мажбур бўлди ва Британия ҳукумати томонидан полиция ҳимоясига олинди.

Эрон норозилик сифатида Буюк Британия билан алоқаларини тезда узди ва мамлакатнинг олий раҳбари Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний китоб нашр этилганидан бир йил ўтиб, 1989 йилда ёзувчини ўлдиришга чақирувчи фатво чиқарди.

Аммо Ғарбда ёзувчи ва зиёлилар китобга қарши бўлаётган муносабат сўз эркинлигига таҳдид эканлигини таъкидлашди.

Салмон Рушдий Ҳиндистоннинг Британиядан мустақил бўлишидан икки ой олдин, ҳозирги Мумбай номи билан машҳур Бомбейда туғилган.

14 ёшида у Англияга ва Регби шаҳридаги мактабга юборилган, кейинроқ у нуфузли Кембридждаги Қирол коллежини тарих бўйича имтиёзли диплом билан тугатган.

У Британия фуқаролигини олди ва ўзининг исломий эътиқодидан воз кечди. У қисқа вақт давомида актёр, сўнгра реклама копирайтери бўлиб ишлади, шу билан бирга романлар ёзди.

Унинг биринчи нашр этилган «Гримус» асари катта муваффақиятга эришмади, аммо баъзи танқидчилар уни катта салоҳиятга эга муаллиф сифатида кўришди.

Рушдийга 1981 йилда Букер мукофотини келтирган иккинчи китоби "Ярим тун болалари"ни ёзиш учун беш йил керак бўлди. Бу китоб кўпчилик эътирофига сазовор бўлди ва ярим миллион нусхада сотилди.

"Ярим тун болалари" Ҳиндистон ҳақида бўлса, Рушдийнинг 1983 йилда чиққан учинчи романи «Уят» Покистон ҳақида эди. Тўрт йил ўтгач, у Никарагуада қилган саёҳатлари ҳақида "Ягуар табассуми"ни ёзди.

1988 йил сентябрида унинг ҳаётини хавф остига қўйган "Иблисий оятлар" асари нашр этилди. Сюрреалистик постмодерн роман бўлмиш ушбу асар баъзи мусулмонлар орасида ғазабга сабаб бўлди ва унинг мазмунини шаккоклик ва ҳақорат деб атадилар.

Ҳиндистон буни тақиқлаган биринчи давлат эди. Унга Покистон, бошқа мусулмон давлатлари ва Жанубий Африка эргашди.

Роман кўплаб доираларда мақтовга сазовор бўлди ва «Whitbread» мукофотига сазовор бўлди. Аммо китобга қарши норозилик зўрайди ва икки ой ўтгач, кўча намойишлари кучайди.

Айрим мусулмонлар буни Ислом динини ҳақорат қилиш деб билишди. Жумладан, улар китобдаги иккита фоҳишага Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг хотинларининг исмлари қўйилганидан ғазабда эди.

Китобнинг номи Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ўзи шайтондан келган деб ўйлагани айрим оятларни Қуръондан чиқариб ташлаганига ишора қилади.

1989 йил январь ойида Буюк Британиянинг Бредфорд шаҳридаги мусулмонлар китобнинг бир нусхасини ёқиб юборишди ва WHSmith газета дўконлари китобни ўз пештахталарида кўрсатишни тўхтатдилар. Рушдий шаккоклик ҳақидаги айбловларни рад этди.

Рушдийнинг она шаҳри Мумбайда мусулмонларнинг қизғин тартибсизликлари чоғида 12 киши ҳалок бўлган, Британиянинг Теҳрондаги элчихонасига тошлар отилган, муаллиф бошига 3 миллион доллар мукофот қўйилган.

Айни пайтда Буюк Британияда баъзи мусулмон етакчилар мўътадилликка чақирган бўлса, бошқалари оятуллоҳни қўллаб-қувватлаган. АҚШ, Франция ва бошқа Ғарб давлатлари ҳалокатли таҳдидни қоралаганди.

Шу пайтгача полиция ҳимоясида рафиқаси билан яшириниб юрган Рушдий мусулмонларни хафа қилгани учун чуқур пушаймон бўлганини билдирган, бироқ оятуллоҳ яна муаллифни ўлимга чақирган.

Viking Penguin'нинг Лондондаги офисларида пикет ўтказилган ва Нью-Йоркдаги офисга ўлим билан таҳдид қилишган.

Аммо китоб Атлантика океанининг ҳар икки томонида бестселлерга айланди. Мусулмонларнинг ҳаддан ошиб кетган норозилигига қарши намойишларни Европа Иттифоқи давлатлари қўллаб-қувватлади ва уларнинг барчаси Теҳрондан ўз элчиларини вақтинча олиб чиқиб кетди.

Аммо китобнинг мазмуни туфайли фақат муаллифига таҳдид қилингани йўқ.

1991 йил июль ойида Токио шимоли-шарқидаги университетда "Шайтоний оятлар"ни япон тилига ўгирган таржимон ўлик ҳолда топилган.

Полициянинг билдиришича, қиёсий маданият кафедраси доценти бўлган таржимон Хитоши Игараши бир неча марта пичоқланган ва Цукуба университетидаги офис олдидаги коридорда қолдирилган. Унинг қотили топилмаган.

Ўша ой бошида итальян таржимони Этторе Каприоло Миландаги квартирасида пичоқланган, аммо ҳужумдан омон қолган.

Китобнинг норвегиялик таржимони Уилям Найгардга 1993 йилда Ослодаги уйи ёнида ўқ узилган - у ҳам тирик қолган.

Сурмаҳсул ёзувчи Рушдийнинг кейинги китоблари орасида болаларга мўлжалланган "Ҳорун ва ҳикоялар денгизи" (1990), иншолар тўплами "Хаёлий ватанлар" (1991) ва "Шарқ, Ғарб" (1994), "Маврнинг сўнгги нафаси" (1995), «Унинг оёғи остидаги ер» (1999) ва «Ғазаб» (2001) романлари мавжуд.

У 2003 йилда Лондонда премьераси бўлган "Ярим тун болалари" спектаклида иштирок этган.

Охирги йигирма йил ичида у "Масхарабоз Шалимар", "Флоренциялик сеҳргар", "Икки йил, саккиз ой ва йигирма саккиз кеча", "Олтин уй", «Кихот»ни нашр эттирди.

Рушдий тўрт марта уйланган ва икки фарзанди бор. У ҳозир АҚШда яшайди ва адабиётга хизматлари учун 2007 йилда қиролича унга рицарь унвонини берган.

2012 йилда у "Шайтоний оятлар" жанжалидан сўнг ўз ҳаёти ҳақида хотира китобини нашр этди.

Рушдийнинг ўлим жазоси 1998 йилда Эрон ҳукумати томонидан расман қўллаб-қувватланиши тўхтади ва сўнгги йилларда муаллиф эркинроқ ҳаёт кечира бошлаган эди.

Аммо унинг ҳаётига таҳдидлар доимо юзаки бўлиб келган ва Эроннинг ҳозирги олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий бир вақтлар Рушдийга қарши фатво "нишонга тегмагунча тўхтамайдиган ўқ каби отилганини" айтган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek