Шимолий Корея президенти нима касалга чалинди? ИШИД Ҳаққонийни ўлдирди ва Johnson&Johnson болалар кукуни рак чақирадими - у Ўзбекистонга ҳам кириб борган Afg‘oniston Dunyo Yangiliklar

Шимолий Корея президентининг синглиси акасининг "сир"ини очди. ИШИД Афғонистонда кимни ўлдирди ва Johnson&Johnson ўз кукунидан воз кечишга қарор қилди. Халқаро дайжест.

Алоқадор мавзулар:

"Сир" очилди?

Катта қудратга эга синглисининг ошкор қилишича, Шимолий Корея президенти Ким Чен Ин пандемия пайтида "иситмадан азоб чеккан".

Бу эса, ҳатто унинг ҳам коронавирус билан касалланган бўлиши мумкинлигини англатади.

Ким Ё Жон Шимолий Корея лидерининг қондош синглиси бўлади.

Унинг мамлакат ҳокимиятининг юқори бўғинларида муҳим ўринни эгаллаши айтилади.

Ким Ё Жон худди шу чиқишида ўзларида коронавируснинг тарқалишида ёндош ва жондош қўшнилари Жанубий Кореяни айблаган.

Унинг фикрича, Ковид-19 вируси Шимолий Кореяга жанубликларнинг тарғибот варақалари билан бирга ташланган.

Жанубий Корея эса, бу айбловларни "асоссиз", деб атаган.

Ким Ё Жоннинг баёнотларидан сал аввал унинг президент акаси Шимолий Кореяда ковид мағлуб этилганини тантанали равишда эълон қилганди.

Афғонистонда Ҳаққоний ўлдирилди

Таниқли афғон уламоси шайх Раҳимуллоҳ Ҳаққоний худкушлик ҳужуми қурбонига айланган.

Хабарларга кўра, ҳодиса пойтахт Кобулда юз берган.

Шайх Раҳимуллоҳ Ҳаққоний Толибон билан яқин алоқада бўлган.

Аммо хотин-қизларнинг таълим олишларини қўлловчи фатвоси билан ҳам танилган.

Ҳужумга масъулиятни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

ИШИД бундан аввал ҳам унинг жонига қасд қилиб кўрган.

Шайх Раҳимуллоҳ Ҳаққоний ИШИДнинг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида кўрилган.

Маълум бўлишича, бу гал худкуш ҳужумчи бомбани ясама оёғига ўрнатиб, уламонинг хонасига олиб кирган.

Ҳужум диний мадраса ичкарисида содир этилган.

У ўтган йили Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда ўлдирилган энг таниқли шахслардан биридир.

Аммо, ўзининг шарифига қарамай, унинг "Ҳаққоний" жангари тармоғига бирор бир алоқаси бўлмаган.

Толибон уламонинг ўлими "Исломий Амирлик учун катта йўқотиш" эканини билдирган.

Айбдорларни топиш учун аллақачон тергов ишларини бошлаб юборганликларини ҳам маълум қилган.

Johnson&Johnson болалар кукуни

Johnson&Johnson ўзининг болалар кукунидан воз кечишга қарор қилди.

Келаси йилдан бошлаб бу маҳсулотини дунё бўйлаб ортиқ ишлаб чиқармаслиги ва сотмаслигини айтди.

Ўз соҳасида гигантларидан бири саналувчи бу ширкатнинг сўнгги қарори АҚШда савдосини тўхтатишидан уч йилча ўтиб янгради.

Ширкатнинг маълум қилишича, барча болалар кукунларини маккажўхори крахмалига асосланганига ўтказишади.

Johnson&Johnson аёлларнинг ўн минглаб суд даъволари қаршисида қолган.

Улар таркибида асбест борлиги туфайли бу кукун тухумдон саратонини чақиришини даъво қилишмоқда.

Аммо ширкат ўз маҳсулотининг хавфсиз эканини таъкидлаб келаётир.

Johnson&Johnson га кўра, мустақил текширувлар худди ана шундай хулосага келган.

Талк эса, ердан қазиб олинади ва одатда, саратонга олиб келиши маълум бўлган асбестга яқин қатламлардан топилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek