You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Алламжонов хориж пропагандаси ҳақида гапирди ва ноёб айиқ боласини ким ўлдирди? Дайжест. O'zbekiston, yangiliklar
- Алламжонов Женевада Каримов даври матбуоти ҳақида гапирди;
- Хатирчи тумани ҳокими ўқувчиларни уришга чақирди;
- Қашқадарёда ноёб айиқ боласи ўлдирилгани тасдиқланди;
- 30 апрель куни умумхалқ ҳашар ўтказилади
"Матбуот пайдо бўлди, кейин эса ўлди"
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов марҳум Ислом Каримов давридаги қатъий цензура ва бўғилган сўз эркинлигини эсга олган.
У Женевада ўтган тадбирда ўзбек матбуотининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида гапирган.
"Дастлаб матбуот пайдо бўлди, кейин эса ўлди. Шу даражада ўлик ҳолга келдики, журналистика университетларини тамомлаган ёшлар савдога ёки бутунлай бошқа соҳага ўтиб кетди. Радио, телевидение ва газеталар фақат битта одам учун ишлади".
Шунингдек, Алламжонов Каримов ўрнатган тартиб давлат мансабдорларининг матбуотда кўриниш беришига йўл қўймаганини ҳам ёдга олган.
Шавкат Мирзиёев даврида матбуот эркинлашганини айтган Алламжонов ҳозирда ҳам "эски тизимни қўмсайдиганлар" борлигини билдирган.
"Эски тизимни қўмсайдиганлар бор, оғзимизни ёпишга уринаётган кучлар ҳам бор. Лекин биз инсон қадри ва эркинлик нима эканлигини ҳис қилдик".
Алламжонов мамлакатда мустақил ва эркин журналистикани ривожлантириш зарур эканини таъкидлаган.
"Айниқса, бугунги ташқи сиёсатдаги Ўзбекистонга бўлаётган босимларни инобатга олган ҳолда, хориж пропагандасининг агрессия ва зўравонлик қурбони бўлмаслик учун ҳам бу жуда зарур", деган у.
"Бир-икки шапалоқ еса, ҳеч нарса қилмайди"
Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низомов дарсларни яхши ўзлаштирмаётган ўқувчиларни уриш мумкинлигини тилга олган аудиоёзув тарқалган.
Аудиоёзувда таълим масъуллари билан гаплашаётгани англашилган ҳоким уйга вазифани бажармаган ўқувчиларга ҳамманинг олдида танбеҳ беришга чақиргани эшитилади.
"Биз ўқувчилик чоғимизда қандай калтаклар еб катта бўлганмиз? Шу ўқитувчининг "калтаги" бизни ҳозирги кунгача олиб келган. Ўша ўқитувчини жуда ҳурмат қиламан. Бир-иккитасини уринг. Ҳеч нарса қилмайди. Бир-икки шапалоқ ҳеч нарса қилмайди. Ўргансин, ўқисин, мажбурлаш керак…", деган ҳоким.
Ҳокимнинг сўзлари қачон ва қандай йиғилишда ёзиб олингани номаълум, аммо Хатирчи тумани ҳокимлиги аудиоёзув "ҳоким ва тегишли масъуллар, тумандаги таълим сифати паст бўлган мактаб раҳбарлари билан ўзаро суҳбат жараёни"га оид эканига ишора қилган.
Ҳокимлик Низомовнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда бошқача талқин қилингани, аслида, ҳоким билан суҳбатда "ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни билим олишга қизиқтириш, тўгаракларга жалб қилиш, лозим бўлса, қатъий тартиб-интизом билан ёш авлодга таълим-тарбия бериш бўйича тавсиялар берилгани"ни таъкидлаган.
Ўлдирилган айиқ боласи
Экология қўмитаси Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ боласи ўлдирилганига оид хабарларга муносабат билдирган.
Бундан олдин қўмита Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида ноёб қўнғир айиқ топилганини маълум қилган эди.
Эълон қилинган суратларда она айиқни икки боласи билан кўриш мумкин.
Кейинроқ маҳаллий матбуот айиқ болаларидан бири ўлдирилганига оид хабар ва видеони тарқатган.
27 апрель куни Экология қўмитаси ушбу хабарга муносабатан айиқ боласини ўлдиришда гумондор шахс аниқлангани, унинг уйидан айиқча териси топилганини билдирган.
"…айиқ боласи терисини сақлаб келган фуқаронинг сўзларига кўра, у айиқ боласини ўлик ҳолда топганлигини иддао қилмоқда. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади", дейилади қўмита хабарида.
Умумхалқ ҳашар
30 апрель куни "Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.
ЎзАнинг ёзишича, Вазирлар Маҳкамаси 26 апрель куни бу борада тегишли фармойиш чиқарган.
"Ҳашар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жойларини яхшилаш ва моддий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади", дейилади ЎзА хабарида.
- Энди Россиядагиларга элчихона паспорт берадими? Ўзбекистон ва Россия (видео)
- Дайжест. Ўзбекистон ва мигрантлар: Россия ўзбекистонликни ўғирлаб нима қилади? Қозоғистонда 5 ойда 150 марта қонун бузган ким?
- Ўзбекистон: Мирзиёевдан ҳайитлик олган Рамзан Қодиров ва Беларусь трамвайни қайта тиклаш лойиҳасида қатнашмоқчи – янгиликлар
- Диққат, Украина: Ўзбекистоннинг қўрқиши учун қанчалик асос бор? Видео
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.