Дайжест. Ўзбекистон ва мигрантлар: Россия ўзбекистонликни ўғирлаб нима қилади? Қозоғистонда 5 ойда 150 марта қонун бузган ким? O'zbekiston Rossiya migrant

  • Россияда ўзбекистонлик сиёсий қочқин йўқолди
  • Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига 7000 долларлик жарима ёзилди
  • Туркияга энг кўп борганлардан ўнталигида ўзбекистонликлар
  • Пандемия даврида пул ўтказмалари кўпайган

Иш жойидан олиб кетилган

Москвада 34 ёшли муҳожир Шоҳрух Бозоров иш жойидан полицияга олиб кетилган ва шундан сўнг дараксиз қолган.

Ўзбекистонлик Шоҳрух Бозоров сиёсий қочқин мақомида бўлиб, бир неча йиллардан буён Европа суди ҳимоясида эканлигини ёзмоқда "Озодлик" нашри.

Бозоровнинг ишдаги ҳамроҳларидан бирининг нашр мухбирига айтишича, пойтахтдаги хонадонларнинг бирида таъмирлаш ишларини олиб бораётган вақтида ҳибсга олинган.

"Адвокат Баҳром Ҳамроев бу ишда Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати ходимларининг қўли бор деб ҳисобламоқда. Бошқа бир адвокат Тимофей Широков эса Бозоров аллақачон Тошкентга юборилганини таъкидлади", - деб ёзади «Озодлик».

Шунингдек, хабарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига кўра эса Бош прокуратура фуқаро Шоҳрух Бозоровни Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш борасида Россия Федерациясининг ваколатли органларига сўров юбормагани айтилади.

Шоҳрух Бозоровнинг Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз (159-модда) ва жамоат хавфсизлигига таҳдид (244-модда) бўйича айблангани, икки акаси эса Ислом Каримов давридан бери худди шу моддалар бўйича қамоқда сақланаётгани билдирилган.

"Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилда Бозоровни Россиядан экстрадиция қилишга қарор қилган, бироқ Европа суди уни 39-сонли қоида (агар қабул қилувчи давлатда одамга нисбатан бирон бир хавф мавжуд бўлса, унда суд экстрадицияни тақиқлайди) бўйича ҳимояга олган", деб ёзади нашр.

7000 долларлик жарима

Ақтўбеда Ўзбекистон фуқароси 5 ой ичида 147 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Бу ҳақда 24.kz нашри хабар бермоқда.

Мираж-Ураган модернизациялашган тизими ёрдамида Ақтўбе вилояти полицияси Россияда рўйхатдан ўтган ВАЗ-21099 русумли автомашина ҳайдовчисини аниқлади. Яшаш учун рухсатномага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси йил бошидан буён 147 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган, деб хабар беради polisia.kz.

Ўзбекистонлик ҳайдовчи шаҳар йўлларида ҳаракатланиш тезлигини 146 маротаба ошириб, бир марта қизил чироқда ўтган. Унга ёзилган жарималарнинг умумий миқдори 3 миллион тенге (7 минг доллар атрофида)дан ошди.

Полиция Ўзбекистон фуқаросининг қонунбузарлиги материаллаирни йиғиб, қарор қабул қилиш учун маъмурий судга юборди, деб ёзади 24.kz нашри.

Туркияга энг кўп борувчилар рўйхатида

Туркия саёҳатлар агентлиги бирлашмаси мамлакатга энг кўп келаётган чет элликлар энг сўнгги статистик кўрсаткичини эълон қилди.

Ушбу рўйхатда Марказий Осиё давлатларидан фақат Ўзбекистон бор.

Бирлашма ҳисоботига кўра, 2020 йилнинг айни даврига нисбатан сайёҳлар сони дастлабки 4 ойда 35 фоизга ва 2019 йилга нисбатан 68,5 фоизга камайган.

"2019 йилнинг шу даврида 8,7 миллион чет эллик меҳмон ташриф буюрган мамлакатимизда ташриф буюрувчилар сони ўтган йили 4,2 миллион кишига, бу йил эса 2,7 миллион кишига камайди", дейилади хабарда.

Туркияга энг кўп борувчилар ўнталигида ярим миллионга яқин ташриф билан россияликлар етакчи бўлиб турибди. Кейинги ўринларда Эрон, Украина, Германия, Болгариялар бор.

МДҲ давлати орасида Озарбайжон ва Ўзбекистон бу мамлакатнинг доимий зиёратчилари сафидан ўрин олган.

Бирлашма статистикасига кўра, йил бошидан бери 60 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Туркияга борган.

Маълумки, Туркия ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлиги учун энг кўп борадиган мамлакатлар қаторидадир.

Бой мамлакатлардан камбағалларга

Мигрантлар бой мамлакатларнинг пулларини кўпроқ "олиб кетаяпти". Хорижий нашрларга таяниб рус матбуотида берилган таҳлилга кўра, миграция ва пул ўтказмалари пандемия даврида ҳам камаймаган.

"Камбағал мамлакатлардан келган муҳожирлар Қўшма Штатлар ва Европада ишлаб топган маблағларини ўз мамлакатларига жўнатишни бошладилар. Иқтисодиёт пандемиядан чиққандан кейин мигрантлар ривожланган мамлакатлардан "олиб кетадиган" пул массасининг улуши муттасил ўсиб бормоқда", дея иқтибос келтирилади The Wall Street Journalдан.

Ҳиндистон, Филиппин, Лотин Америкасидан келган чет эллик ишчилар ривожланган мамлакатларда уйда яқинларини қўллаб-қувватлаш учун ишлайди. Мигрантларнинг қариндошларига пул ўтказмалари ўсиб бормоқда ва КОВИД-19 билан кураш олиб бораётган камбағал мамлакатларнинг миллионлаб одамларига катта ёрдам беради.

2020 йилда бой мамлакатлардан Лотин Америкасига мигрантлар оқими ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ошди. Шу билан бирга, пандемия бошланганда, Жаҳон банки маълумотларига кўра, глобал пул ўтказмалари 2019 йилга нисбатан 2,4 фоизга камайиб, 702 миллиард долларни ташкил этди.

Халқаро пул ўтказмалари билан шуғулланадиган Американинг MoneyGram International молия компаниясининг маълумотларига кўра, мигрантларнинг 70 фоизи пандемия молиявий инқирози туфайли уйларига кўпроқ пул жўнатишни бошлашган. Ўз навбатида, камбағал ишчилар оилалари пул ўтказмаларини озиқ-овқат, даволаниш харажатлари ва энг зарур буюмлар учун тез-тез ишлата бошладилар.

Ривожланаётган мамлакатларга пул ўтказмаларининг кўпайиб бориши айниқса, АҚШ ва Европада кўпинча бой давлатлар ҳукуматлари томонидан муҳожирларни қўллаб-қувватлаш дастурлари билан изоҳланади. Чет эллик ишчилар муҳтож оила аъзоларига ҳатто коронавирус шароитида ҳам, пул ўтказмалари миқдорини оширишга муваффақ бўлишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek